Қурилиш материаллари саноати: изчил ислоҳотлар, салмоқли натижалар
  • 19 Июль 2016

Қурилиш материаллари саноати: изчил ислоҳотлар, салмоқли натижалар

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бутун дунёда тан олинган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ишлаб чиқилган қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар бунёд этиш дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, энергетика, металлургия, машинасозлик, кимё саноати объектлари, темир йўл ва автомобиль йўлларини барпо қилиш, уларнинг инфратузилмасини яратишда қурилиш материаллари саноатининг ўзига хос ўрни бор. Зеро, у иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан ҳисобланиб, мазкур жабҳада эришилаётган ютуқлар Ватанимиз равнақи, халқимиз турмуш тарзининг яхшиланишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.


Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши
1991 йилда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси корхоналарида атиги 48 турдаги 1,28 млрд. сўмлик (36,7 млн. долларлик) маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, сўнгги 25 йил ичида уларнинг тури янгиланиб, замон талаблари даражасига етказилди. Бундан ташқари, қўшимча 70 турдаги замонавий, энергия тежовчи, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп қурилиш материаллари тайёрлаш ўзлаштирилиб, 2015 йилнинг ўзида 2,2 трлн. сўмлик (760,1 млн. долларлик) маҳсулот буюртмачиларга тортиқ қилинди. Яъни қурилиш материаллари саноатида мустақиллик йиллари даврида ишлаб чиқариш ҳажми 20,7 баробар ўсди.
 Бугунги кунда республикамизда 6000 дан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Йилига 10 млн. квадрат метр ойна тайёрловчи “Кварц” АЖ, 60 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқарувчи “Бухорогипс” қўшма корхонаси, 20 млн. кв. м. гипсокартон тайёрлаш қувватига эга “Кнауф Гипс Бухоро” ХК, 3,5 млн. кв. м сопол плиткалари ишлаб чиқарувчи “Moderna Ceramic Industries Fergana” ҚК, 75 минг дона санитар-техника буюмлари тайёрлаш қувватига эга “Grand Art Ceramics” ҚК шулар жумласидандир.
Қолаверса, тизимда 900 дан ортиқ корхоналарда йилига 3,6 млрд. дона деворбоп материаллар тайёрлаш йўлга қўйилган, сопол плиткалар ишлаб чиқариш ҳажми йилига 0,6 млн. донадан 11 млн. донага кўпайтирилди, цемент тайёрлашнинг йиллик ҳажми эса 3,6 млн. тоннадан 8,2 млн. тоннага оширилди.

Хусусийлаштириш, давлат тасарруфидан чиқариш ва инвестиция
Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида қурилиш материаллари саноати корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш деярли якунланди. Пировардида акциядорлик жамиятлари (АЖ), масъулияти чекланган жамиятлар (МЧЖ), хусусий корхоналар (ХК), қўшма корхоналар (ҚК), хорижий корхоналар (ХК) ва бошқа кўринишдаги мулкчилик шакллари яратилди.
Бундай корхоналар қарорлар қабул қилишда эркин бўлиб, ўз фаолиятини бозор талабларига мувофиқ олиб боради. Шу тариқа уларда мавжуд қувватлар оширилиб, зарурат туғилганда, ишлаб чиқариш тузилмаси янгидан шакллантирилади.
Компания таркибидаги “Қизилқумцемент” АЖ, “Бекободцемент” АЖ, “Кварц” АЖ ҳамда “Оҳангароншифер” АЖлардаги давлат улушлари савдога қўйилиб, хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Эътиборли жиҳати, мустақиллик йилларида жадал ривожланаётган ва бутунлай қайта тикланган қурилиш материаллари саноати хорижий инвесторлар учун энг жозибадор, яъни ўзига жалб қилувчи тармоққа айланди. Сўнгги 10 йил ичида унга киритилган инвестициялар 270 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлиб, йиллик ўртача ўсиш суръати 49,2 фоизни ташкил этгани ана шундан далолат беради.
 
Йирик лойиҳалар самараси
Замонавий қурилиш материаллари тайёрлашни такомиллаштириш, шу жумладан, тармоқларда истиқболли лойиҳаларни жорий қилиш, корхоналарни техник ҳамда технологик жиҳатдан янгилаш — давр талаби. Шундан келиб чиқиб, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясида бу борадаги ишлар тобора жадал тус олмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, 100 дан ортиқ янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилгани ҳолда, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда реконструкция қилиш тадбирлари амалга оширилди. Натижада тизимда сэндвич панеллар, полистирол асосида безакловчи панель ва унинг қисмлари, газобетон, томёпқич материаллари, пластик профиль, намга чидамли гипсокартон, қуруқ қурилиш қоришмалари, қуруқ цемент, клинкер, оқ ва портландцемент, сопол плиталар, замонавий йўлак плиталари каби импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги қарорига асосан, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган “ARM Composite” масъулияти чекланган жамиятида шиша пластикли, “Мафтус” хусусий корхонасида деворлар учун гулқоғозлар, “Prime Ceramics” хорижий корхонасида сопол плиткалар ишлаб чиқарилишига эришилган бўлса, “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти томонидан Бекобод шаҳрида қуввати 10 минг тонна бўлган иссиқликни сақловчи материалларни тайёрлаш линиялари фойдаланишга топширилди.
Инвестиция дастурига мувофиқ эса, жорий йилда 14,31 млн. АҚШ долларилик 6 та лойиҳани рўёбга чиқариш режалаштирилган.

Халқаро менежмент тизими — амалиётга
Тармоқ корхоналари томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг рақобатдошлиги ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро талабларга жавоб берувчи сифат бошқаруви тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли бугунги кунга келиб, компаниянинг 30 та корхонасида ISO 9001:2008 халқаро сифат менежменти тизими йўлга қўйилди. 2016 — 2017 йилларда “Ўзстандарт” агентлиги билан келишилган ҳолда, яна 7 та корхонада ISO 9001 сифат менежменти, 2 та корхонада эса ISO 50001 энергия менежменти тизимларини қўллаш кўзда тутилмоқда.
Жорий йилда ISO 9001 сифат менежменти тизимини “Jahongir Servis” МЧЖ,  “Оҳангаронцемент” АЖ, “Қувасойцемент” АЖда, ISO 50001 энергия менежменти тизимини “Бухорогипс” ҚК АЖда татбиқ қилиш белгиланган бўлиб, ҳозирги пайтга қадар “Бухорогипс” ҚК АЖ ва “Қувасойцемент” АЖга қайтадан сертификатлар берилди.

Экспорт салоҳияти тобора ошмоқда
Бугунги кунда юртимизда ички бозорнинг қурилиш материалларига бўлган талаби қондирилиши баробарида, унинг катта қисми экспортга йўналтирилмоқда. Чунончи, 1991 — 2016 йиллар мобайнида 50 та корхона томонидан умумий қиймати 885 млн. АҚШ долларилик маҳсулот хорижга юборилди.
Айни пайтда компания маъмурияти корхоналарнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Озарбайжон каби мамлакатларда дилерлик тармоқлари ва ваколатхоналарини очиш бўйича иш олиб бормоқда.

Импорт ўрнини босади
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2009 йилдан эътиборан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурила бошлангач, қурилиш  материалларига бўлган талаб янада ортди. Ҳозирги кунда бино ҳамда иншоотларни бунёд этиш учун 62 турдаги маҳаллий қурилиш буюмлари ишлатилаётгани, бу жами материалларнинг 89,8 фоизини ташкил қилаётгани бунга мисол бўла олади.
Дарҳақиқат, “Ўзқурилишматериаллари”да кейинги йилларда ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш, импорт ва экспорт ҳажмини ошириш диққат-эътиборда турибди. Хусусан, 2012 — 2015 йилларда республикамизга импорт қилинадиган қурилиш материаллари таҳлил этилганда, 150 млн. долларлик 15 турдан зиёд ана шундай материаллар зарурлиги, уларни республикамизда тайёрлаш масаласини кун тартибига қўйиш шартлиги аён бўлди. Шунга кўра, 50 дан ортиқ корхоналарда қуруқ қурилиш қоришмалари, “ТошҚМК”  акциядорлик жамияти, “Moderna Ceramic Industries Fergana” қўшма корхонасида сопол плиткалар ишлаб чиқариш ҳажми орттирилган бўлса, “Art Mosaic”, “Azia Mosaic”, “Bill Tosh”, “Fiammata” сингари масъулияти чекланган жамиятларида безакловчи материаллар, “Grand Art Ceramics” қўшма корхонасида санитар-техника буюмлари тайёрлашга киришилди. Бу сўнгги уч йил давомида қурилиш материалларини импорт қилиш ҳажмини 3,5 баробар камайтириш имконини берди.
Хулоса ўрнида айтганда, ўтган 25 йил мобайнида мамлакатимизда  қурилиш материаллари саноати замонавий, модернизациялаштирилган, техник ва технологик жиҳатдан жиҳозланган, энергия тежовчи, иқтисодий барқарор, рақобатдош тармоққа айланди. Компанияда эришилган салмоқли натижалар эса  кўплаб хорижий мутахассислару экспертлар томонидан ўз эътирофини топаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

 

Абдураҳмон МАХАМАДИЕВ,
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси
раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn