Ўзимизники, бизники — барчамизники!
  • 19 Июль 2016

Ўзимизники, бизники — барчамизники!

Бугунги шиддаткор замонда илм-фан ривожланиб, техника оламида мислсиз ўзгаришлар кузатилаяпти. Шундай бўлса-да, автомобиль дунёнинг камсонли давлатларида ишлаб чиқарилмоқда. Бундан 20 йил муқаддам Президентимиз ташаббуси билан Асака шаҳрида биринчи ўзбек автомобиль заводи ишга туширилиб, Ўзбекистон ана шу мамлакатлар сафидан жой олгани халқимиз асрий орзу-интилишлари рўёби, Истиқлол берган туҳфалардан бири бўлди.

Ушбу замонавий ишлаб чиқариш субъекти ўтган қисқа даврда юртимиз ифтихори, саноатимизнинг етакчи корхонасига айланди. Чунки 1996 йилда бу ерда уч русумдаги транспорт воситасини тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, ҳозирги кунга келиб, “GM Uzbekistan”да ишлаб чиқарилаётган машиналар модели ўн биттага етказилди. Натижада мамлакатимизда ўзбек автомобиллари кириб бормаган хонадон, маҳалла, қишлоқ умуман қолмади. Улар халқимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда.
Автоуловларимизга ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир. Бири-биридан кўркам, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган транспорт воситаларимиз МДҲ давлатларидан ташқари, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида ҳам харидоргир.
Айтиш жоизки, автомобилсозлигимизнинг мазкур корхонаси нафақат саноатнинг жадал ривожланиши, балки аҳоли бандлиги таъминланиши, турмуш фаровонлиги ошишида ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти. Сабаби, кейинги йилларда заводга бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, лок-бўёқ ва бошқа маҳсулотлар етказиб берувчи янги-янги корхоналар ишга туширилди. Масалан, бу йўналишда 1995 — 1996 йилларда “ЎзДонгЖу”, “ЎзДонгВонКо”, “ЎзТонгХонг”, “ЎзСэМюнг” каби 10 га яқин қўшма корхоналар ташкил этилган бўлса, бугунги кунда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси таркибидаги 35 дан ортиқ йирик қўшма ва маҳаллий ишлаб чиқариш субъектлари,  шунингдек, 300 дан зиёд хусусий корхоналар томонидан зарур материаллар етказиб берилмоқда.
Мамлакатимиз автомобилсозлари мустақиллигимизнинг қутлуғ 25 йиллик тўйига муносиб туҳфа ҳозирладилар. Яъни “Ravon” бренди остида “Nexia” автомобилининг янги авлоди ишлаб чиқарила бошланди.  Биз “Евро-5” талабларига мос бўлган ушбу автоуловлар учун бутловчи қисмлар етказиб бераётганимиздан беҳад мамнунмиз.
Бугун шаҳару қишлоқларимиз кўчаларини Асакада ишлаб чиқарилган замонавий машиналар тўлдириб юрибди. Уларни бошқараётган юртдошларимизнинг қалби ғурур ва ифтихор туйғуларига лиммо-лим. Зотан, водий бағридаги жавоҳир — автомобиль заводи Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг юксак самарасидир.


Раҳмонберди МАДРАҲИМОВ,
«ЎзДонгВонКо» қўшма корхонасининг техник хизмат кўрсатиш бўлими катта устаси, «Меҳнат шуҳрати»
ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn