Хуштаъм, сифати юқори, экологик тоза
  • 19 Июль 2016

Хуштаъм, сифати юқори, экологик тоза

Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир кутилганидек, жуда самарали ҳамда муваффақиятли кечди.
Унда республикамизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 270 та шартнома имзолангани шундай дейишга асос бўла олади. 
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг барча тармоғи, айниқса, мева-сабзавотчилик жадал суръатларда ривожланмоқда. Бу диёримизнинг қулай табиий-иқлим шароити билангина изоҳланмайди. Аксинча, қўлга киритилаётган ютуқлар замирида соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Чиндан ҳам истиқлол йилларида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий қилиш ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришга йўналтирилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб, фермерлик ҳаракати кенг йўлга қўйилди. Бунинг самараси ўлароқ, мева-сабзавотчилик ҳамда полизчилик энг сердаромад тармоқлардан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа равнақида янги саҳифалар очилишида дастуриламал бўлмоқда.
I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ҳам ушбу ҳужжатга асосан ўтказилиб, экспорт географиясини янада кенгайтиришда қўшимча имкониятларни туҳфа этди.
— Мазкур ярмарканинг ташкил этилгани биз, ҳамкорлар учун айни муддао бўлди, — дейди Россия Федерациясининг Улгуржи тақсимот марказлари миллий уюшмаси ижрочи директори Владимир Лишук. — Чунки бу Ўзбекистонда етиштирилган экологик тоза, сифатли ҳамда мазали мевалар, узум ва полиз маҳсулотларидан имкон қадар кўпроқ, энг асосийси, тўғридан-тўғри сотиб олишга шароит яратади. Фурсатни қўлдан бермай, “Ўзагроэкспорт” компанияси билан кўп миқдорда мева-сабзавотлар харид қилиш бўйича шартнома туздик.
Аслида, биз Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Хоразм филиали билан уч ойдан бери музокаралар олиб бораяпмиз. Мақсадимиз Хоразм вилоятида логистика марказини очиб, ширин-шакар мева-сабзавот маҳсулотлари, айниқса, машҳур гурвак қовунларини Россия бозорига етказиб беришдир. Ўйлайманки, бу борадаги ишларимиз тез орада ўз самарасини кўрсатади. 
Дарҳақиқат, ушбу форум чет эллик ҳамкорлар учун мазали мевалари довруғи дунёга ёйилган Ўзбекистон боғдорчилиги билан яқиндан танишиш, 2016 йилда етиштирилган ҳўл мева ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари хариди бўйича шартномалар тузиш учун қулай имконият яратди. Шу боис у илк бор ўтказилганига қарамай, халқаро доирада катта қизиқиш уйғотди. Ярмарка ишида хорижий давлатларнинг савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирликлари, логистика компанияларидан 300 дан ортиқ вакиллар иштирок этиб, савдо-сармоявий алоқаларини йўлга қўйгани, тадбирга ташриф буюрганлар сони 10000 нафардан ошиб кетгани бунинг яққол далилидир. Буларнинг бари саховатли заминимизда етиштирилган ноз-неъматларга талаб юқори эканлигини кўрсатади.
“Ўзэкспомарказ” мажмуасининг барча кўргазма павильонларида беш кун давомида 170 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналарининг маҳсулотлари кенг намойиш қилинди. Бундан ташқари, ҳар бир вилоят учун ажратилган майдонларда ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги ва экспорт салоҳияти ижодкорона усулда кўрсатиб берилдики, бу хорижлик меҳмонларда жаннатмонанд юртимизнинг сўлим боғлари, файз-баракага бурканган сабзавот ҳамда полиз пайкаллари ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилишда қўл келди.
Халқаро ярмарка қатнашчилари унинг доирасида бўлиб ўтган “Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг устунлиги” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиш билан бирга, мамлакатимиз боғдорчилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган юксак самараларни бевосита жойларда кўриш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Улар, хусусан, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, уни сифатли сақлаш, харидорларга сархил ҳолда етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан тинишдилар. Меҳмонлар шу аснода Ўзбекистонда нафақат мазали ҳамда экологик тоза мева-чева етиштириш, балки озиқ-овқат саноати ҳам жадал ривожланиб бораётганига амин бўлганликларини эътироф этдилар.
— Ярмарка экспортчи корхоналарга ҳамкорлар топиш, янги савдо йўлакларини очиш имконини берди, — дейди Чортоқ туманида фаолият юритаётган “Азия агрофрукт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари  Уматали Султонов. — Хусусан, бизнинг жамоамиз жорий йилнинг ўтган даврида 211 минг АҚШ долларилик мева-сабзавот экспорт қилган эди. Мазкур форумда иштирок этиб, чет элга қўшимча равишда 239,5 минг долларлик сархил ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш юзасидан шартномалар тузишга муваффақ бўлдик.
Ташкилотчиларнинг айтишича, I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида тузилган шартномаларга мувофиқ, 2,4 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинади. Шундан умумий қиймати 718 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 857 минг тонна маҳсулот хорижлик буюртмачиларга жорий йилда етказиб берилиши кўзда тутилган.
Эътиборлиси, экспорт таркиби ҳам ранг-баранг. Хусусан, ярмаркада имзоланган шартномаларга биноан, четга сотиладиган ноз-неъматларнинг 27 фоизини сабзавотлар, 25 фоизини узум, 20 фоизини мевалар, 17,6 фоизини қуритилган ҳамда қайта ишланган товарлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини эса қовун ташкил этади. 
Хорижлик инвесторлар ўз бизнесини мамлакатимиз билан боғлашга интилаётгани бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларидан саналган боғдорчилик, сабзавот-полизчиликда кўп йиллик бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга давлатдир. I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси эса айни шу йўналишда юртимиз ишлаб чиқарувчилари ҳамда хорижлик инвесторлар ўртасида савдо-сармоявий ҳамкорликни кенг йўлга қўйишда янги уфқларни очиб бермоқда.  Зеро, тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам бугунги замон талаблари, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган, самарали ва шаффоф бозор механизмини шакллантиришдан иборат эди. Форумнинг дастлабки натижалари ана шу мақсад-муддаога эришилганини кўрсатмоқда. 

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

* * *
Сўз — Халқаро ярмарка иштирокчиларига


Михаил УРУСОВ, “Техномаркет” компанияси директори (Россия):
— Ярмарканинг ҳар бир куни биз учун жуда фойдали бўлди. Масалан, тадбир доирасида Андижон вилоятидаги қатор фермер хўжаликлари, улардаги интенсив боғлар, вакуумли музлаткичли омборхоналар фаолияти билан яқиндан танишдик. Ҳамма жойда инфратузилма замон талаблари асосида яратилган. Энг муҳими, етиштирилаётган помидор, пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, бақлажон, ошкўк, олма, узум, шафтоли, олхўри каби табиат инъомларининг сифати, кўриниши, шакли, табиий тозалиги барча мезонларга мос тушади. Шунинг учун ҳам, улар Россияда севиб истеъмол қилинади. Буни ҳисобга олиб, серқуёш ўлкангизда етиштирилган шу каби мева-сабзавотларни импорт қилиш бўйича умумий қиймати 29 миллион АҚШ долларилик шартномалар имзоладик.

Гинтарас ПАКСТИС, “AgroTopService” компанияси директори (Латвия):
— Ўзбекистонга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Бу ерда тинчлик, тотувлик оғушида меҳмондўст ва бағрикенг инсонлар ҳамжиҳатликда яшайди. Табиатингиз ҳам беназир. Боғу далаларда битган нозу неъматлар таъми ва таърифига сўз ожиз. Улар оддий харидордан тортиб, йирик компаниялар вакиллари талабларига тўлиқ жавоб беради. Бунга ярмарка доирасида ташкил этилган кўргазмалар, фермер хўжаликлари ҳамда корхоналарга уюштирилган экскурсиялар давомида яна бир бор амин бўлдим. Эндиликда маҳаллий тадбиркорлар билан келишиб, қуритилган пиёз, гармдори, булғор қалампири, олхўри, ўрик каби маҳсулотларни харид қилиш бўйича 6 миллион долларлик шартнома туздик. 

Александра КАМИНСКИ, “Advice & Consulting srl” компанияси директори (Италия):
— Ушбу йирик форум серқуёш Ўзбекистонда етиштирилган сархил ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг шаффоф, самарали савдо майдонига айланди, десам ҳақиқатни айтган бўламан. Чунки уларнинг барчаси ташқи бозорнинг халқаро талаблари ҳамда стандартларига мос. Бунинг учун биз тадбир дирекциясига миннатдорлик изҳор этган ҳолда, етакчи халқаро ярмаркалар ва мамлакатимизнинг кўргазма компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида кўмаклашишга тайёрлигимизни билдирамиз. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларингизни дунё миқёсида янада кенг намойиш этишга хизмат қилади.
Бу шунчаки гап эмас. Жорий йилнинг сентябрь ойида ўзбекистонлик бир гуруҳ ишбилармонларнинг Италияга ташрифини ташкил этишни режалаштираяпмиз. Улар юртимиз аграр секторида тўпланган илғор тажрибаларни, жумладан, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ҳамда етказиб бериш бўйича яратилган “Кўчатхона — боғ — саралаш — қадоқлаш — омборхонага жойлаштириш — транспортда ташиш — сотиш” деб аталувчи ноёб логистика механизмини ўрганиб, яқиндан танишадилар. Бундай ҳамкорлик, албатта, ҳар икки томон вакиллари учун фойдадан холи бўлмайди.

«Халқ сўзи» мухбири
Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn