Ишбилармонлар форуми
  • 19 Июль 2016

Ишбилармонлар форуми

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ишбилармон доиралари ўртасида бизнес-форум ҳамда кооперацион биржа ўтказилди.
Унда бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар, бизнес тузилмалар вакиллари, Шэньси провинциясининг Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмак бериш қўмитаси (CCPIT) ишбилармонлар гуруҳи иштирок этди.

Таъкидланганидек, юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг дунёдаги қатор давлатлар, айниқса, Хитой билан изчил  ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўтган қисқа давр мобайнида ҳар икки мамлакат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар ўзаро алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби барча соҳани қамраб олган бўлиб, у Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация каби қатор ҳужжатлар асосида равнақ топаяпти. Шу йилнинг дастлабки тўрт ойида товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этгани, Хитойнинг мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилган инвестициялари ҳамда кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошгани, Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида очилган 650 дан зиёд корхона фаолият кўрсатаётгани бунинг тасдиғидир.
Айни пайтда ўзаро ҳамкорлик доирасида асримизнинг энг йирик бунёдкорлик намунаси, Шарқ ва ўарбни боғлашда энг муҳим бўғинга айланадиган Ангрен — Поп темир йўли барпо этилди.
Ўзбекистон — Хитой юқори технологиялар саноат парки — “Жиззах” махсус индустриал зонаси яратилди. Унинг Сирдарё вилоятидаги филиалида мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари, Ангренда эса автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер лентаси ишлаб чиқарилаяпти. Марказий Осиё — Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам мамлакатимиз орқали ўтиши ёқилғи-энергетика соҳасидаги улкан салоҳият ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш жараёнларида қатнашаётгани, “Huawei” компанияси билан ҳамкорликда юртимизда телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича 20 та лойиҳа амалга оширилгани, Хитойдан Европа давлатларига маҳсулот ташиш Ўзбекистон ҳудуди орқали бажарилаётганини ҳам алоҳида келтириб ўтиш жоиз.
Тадбир эса бу борадаги изчил алоқаларни янада равнақ топтириш, инвестицион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятларини ўрганиш ва кенгайтириш, икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқувчи бизнес-форумлар ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирокидаги кооперацион биржалар ташкил этиш миқёсини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, делегация таркибида тўқимачилик, тиббиёт ва бошқа турдаги ускуналар,  электротехника, муқобил энергия манбалари, дори-дармон ҳамда шифобахш гиёҳлар ишлаб чиқариш, телекоммуникация ва АКТ, машинасозлик, қурилиш, озиқ-овқат ҳамда кимё саноати каби йирик соҳалар вакиллари ўрин олган. Ўзаро муҳокамалар давомида савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари таҳлил қилиниб, қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Анжуман асносида меҳмонлар республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолашди.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn