«Ўзбекистоннинг мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари ажойиб ва тенгсиздир»
  • 16 Июль 2016

«Ўзбекистоннинг мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари ажойиб ва тенгсиздир»

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ўз ишини давом эттирмоқда. Ушбу тадбир нафақат нуфузли хорижий компания ҳамда ташкилотлар, балки республикамизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакилларининг ҳам диққат-эътиборини жалб қилаётир. Уларнинг айримлари халқаро форум юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Фумихико Като, Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Мазкур ярмарка Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилаяпти. У муваффақиятли бошлангани ва юксак савияда ташкил этилганини таъкидлашни истардим. Қишлоқ хўжалиги — юртингиздаги муҳим тармоқлардан бири. Юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Уларни бутун дунёга, жумладан, Осиё давлатларига экспорт қилиш борасида катта салоҳият мавжуд.

Мамлакатимиз, ўз навбатида, Ўзбекистондаги ирригация тизимлари ривожини қўллаб-қувватламоқда. Ўтган йили Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ваколатхонаси кўмагида ҳаётга татбиқ этилган умумий қиймати 120 миллион АҚШ долларига тенг қўшма лойиҳа сўзимизни тасдиқлайди.

Давлатимизнинг чет элга маҳсулот сотиш борасидаги катта тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, биз республика миллий брендини яратиш ва мева-сабзавотлар савдосига ёрдамимизни кенгайтиришни хоҳлаймиз. Шунингдек, юртингиз аграр секторининг янада модернизациялашуви учун сармоялар йўналтириш ниятидамиз.

Ўзбекистон мева-сабзавотлари ҳамда полиз маҳсулотларининг таъми, сифати ҳақида тўхталар эканман, олма, узум, қовун-тарвузларни алоҳида эътироф этишни жоиз деб биламан. Улар ажойиб ва тенгсиздир.

Риккардо Манара, Италиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Ярмарка юксак савияда ташкил қилинаётгани билан ажралиб туради. Ўзбекистон мева-сабзавот етиштириш ҳамда уларни экспорт қилиш борасида катта салоҳиятга эга. Ўйлайманки, мамлакатингиз истиқболда жаҳон мева-сабзавотлар бозорида ўз мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Италия ҳамда Ўзбекистон логистикани ривожлантириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш мақсадида музлатиш камераларини яратиш лойиҳаси доирасида ўзаро ҳамкорлик қилаяпти. Мазкур ярмаркада ушбу лойиҳадан манфаатдор бўлган Италиянинг икки йирик компанияси иштирок этаётир.

Яна шуни ҳам айтишни истардимки, Ўзбекистонда етиштирилган неъматлар ранг-баранг ҳамда бетакрор таъмга эга.

Заид Абдулла ал-Амди, Малайзиянинг “AM Avenue SDN BHD” савдо компанияси бош директори:

— Бундай кенг қамровли тадбир орқали Ўзбекистон мева-сабзавот бозори ва республиканинг бу соҳадаги салоҳияти билан танишиш имконига эга бўлганимиздан жуда мамнунмиз. Бу ерда етиштириладиган барча замин неъматлари табиийлиги, сархиллиги ҳамда ажойиб таъми туфайли алоҳида ажралиб туради. Шу боис уларга хорижда талаб катта.

Қайд этиш зарурки, Ўзбекистоннинг ушбу жабҳадаги имкониятлари ҳамда мамлакатда уларни экспорт қилиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар намойиши бу тадбирга нисбатан хорижий компаниялар қизиқишини кучайтириши баробарида, ўзаро манфаатли шартномалар салмоғини ҳам оширади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn