Замонавий бозор механизми ва экспорт салоҳияти
  • 15 Июль 2016

Замонавий бозор механизми ва экспорт салоҳияти

жаҳонда Ўзбекистон мева-сабзавотлари довруғини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилаётган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси кутилганидек, томонлар учун ўта самарали, яқин ҳамда узоқ истиқболга мўлжалланган келишувларга бой бўлмоқда. Чунки илк бор ташкил этилган мазкур форум чет эллик ҳамкорларга мазали мева-чевалари ила дунёда довруқ қозонган Ўзбекистон боғдорчилиги билан нафақат яқиндан танишиш, балки

2016 йилда етиштирилган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш учун қулай имкониятдир.

Шу маънода, тадбирнинг учинчи кунида мамлакатимиз ҳудудларининг мева-сабзавотчилик тармоғидаги экспорт салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилгани айни муддао бўлди. Натижада юртимиз ишлаб чиқарувчилари хорижлик мутахассисларга ташқи бозорда рақобатдош маҳсулотлар етказиб бериш билан бирга, чет эл капитали иштирокида инвестициявий қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан кўплаб истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

“Ўзэкспомарказ” мажмуасининг кўргазма павильонларига кирган киши жаннатмонанд юртимизнинг сўлим боғлари, файз-баракага бурканган сабзавот ҳамда полиз пайкалларига тушиб қолгандек ҳис этади ўзини. Сабаби, ердан дур ундираётган соҳибкорлар етиштираётган маҳсулотларини шу қадар санъаткорона дид билан намойиш этишаяптики, кўриб қойил қоласиз. Улардан таралаётган хушбўй хорижликларнинг ҳам димоғини қитиқлаб юбораяптики, уларнинг ҳеч қайсиси лаззатли мева-чеваларнинг ёнидан бефарқ ўтиб кета олмаяпти: ҳар биридан татиб кўришмоқда.

— Юртингизда етиштирилган мева-сабзавотлар бир-биридан мазали, менга, айниқса, Хоразм қовунлари жуда ёқди, — дейди Испаниянинг “Lendel Media Solutions” компаниясининг халқаро тижорат менежери Роул Мир Солл. — Оғзингизда зумда эриб кетади. Ҳидини айтмайсизми?! Қимматбаҳо атирларникидан ўтади. Бундай маҳсулотнинг харидори кўп бўлади. Шу боис ушбу вилоят фермерлари билан кўп миқдорда қовун сотиб олиш бўйича музокараларимиз якунланаяпти. Унга кўра, шу йилнинг 1 октябридан бошлаб, ҳар ҳафтада 30 тоннадан қовун харид қиламиз.

Ярмаркада Хоразм вилоятининг 100 дан зиёд фермер хўжаликлари, экспортчи корхоналари иштирок этиб, дастлабки икки кун ичида жорий йил якунига қадар 72 минг тонна мева, сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотларни ташқи бозорга етказиб бериш бўйича шартномалар имзолашга эришди. Биргина, “Агро чинор савдо” масъулияти чекланган жамияти Россияга 3 миллион АҚШ долларилик, Қозоғистонга 4,2 миллион долларлик маҳсулот сотиш юзасидан шартнома тузгани диққатга сазовор. 

Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳром Султоновнинг айтишича, хорижликлар сўлим водийнинг нафақат сархил, балки қуритилган мевалари, хусусан, майизига катта қизиқиш билдиришмоқда. Бу узумчилик тармоғида бой тажрибага эга фарғоналик боғбонлар учун қўшимча даромад манбаи пайдо бўлаётганидан далолатдир. Қолаверса, айни пайтда вилоятдаги 6,5 мингта хонадоннинг ҳар бирида бир сотих майдонда ток парваришлаб, узум етиштириш лойиҳаси амалга оширилаяптики, бу яқин икки йил ичида аҳоли томорқасида қўшимча равишда 100 минг тонна узум етиштирилади, дегани. Табиийки, ушбу маҳсулотнинг маълум қисми майиз қилиниб, ташқи бозорларга чиқарилади.

— Ярмарка биз, тадбиркорларга янги ҳамкорлар топиш, қўшимча савдо йўлакларини очишда замонавий бозор механизми вазифасини ўтаяпти, — дейди “Риштон савдо инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Одилжон Исомиддинов. — Кеча Бирлашган Араб Амирликларига узум, нок, шафтоли, олхўри, тарвуз, қовун, бақлажон, гулкарам, ошқовоқ каби 18 турдаги, қиймати 5 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича битим тузган бўлсак, бугун россиялик ҳамкорлар билан яна 2 миллион долларлик келишувга эришдик. Форум давомида яна кўплаб ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни мўлжаллаб турибмиз. 

Самарқанд вилоятининг экспорт салоҳиятига бағишланган тақдимотда таъкидланишича, бугунги кунда ҳудуддаги 140 га яқин хўжалик юритувчи субъектлар ўз маҳсулотларини хорижга сотаётган бўлиб, шундан 56 таси жорий йилда экспорт фаолиятига жалб этилди. Кейинги йилларда экспортчи корхоналар орасида фермер хўжаликлари сони тобора кўпайиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир. Иштихон туманидаги “ЖАФ” фермер хўжалиги ана шундай илғор субъектлардан бири. 

— Фермер хўжалигимиз узумчиликка ихтисослаштирилган,  — дейди мазкур хўжалик раҳбари Асатилла Жўраев. — 80 гектар майдонда узумнинг оқ ҳамда қора кишмиш навларини парваришлаяпмиз. Ҳосилнинг катта қисмини ўзимиз қуритиб, ҳар йили ўртача 4-5 тонна майиз оламиз. Ярмаркада маҳсулотимизнинг сифати юқорилигини кўрган хитойликлар ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. Биз ҳам рози бўлдик. Келишувга кўра, шу йилнинг ўзида майизни экспорт қиладиган бўлдик. 

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг барча тармоғини ривожлантириш учун қулай табиий-иқлим шароити мавжуд. Ундан оқилона фойдаланилаётгани туфайли соҳада кейинги йилларда маҳсулот етиштириш ҳажмининг ўсиши ўртача 6-7 фоизни ташкил қилаётир. Натижада бундан 25 йил муқаддам асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёжни импорт ҳисобидан қоплаган Ўзбекистон бугунги кунда аҳолининг муҳим кундалик истеъмол товарларига бўлган талабини тўлиқ ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан таъминлабгина қолмасдан, балки уларни катта миқдорда экспорт қилиш имкониятига ҳам эга бўлди. Агар ўтган давр мобайнида аҳоли сони 11 миллиондан зиёд ўсганига қарамай, аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ҳамда сут маҳсулотлари 1,5 карра, картошка 1,9 марта, сабзавот 2,6 баробардан зиёд, мева 6,3 марта кўпайганини инобатга оладиган бўлсак, бу соҳада ислоҳотлар стратегияси нақадар тўғри танланганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. 

Қўлга киритилаётган шу каби муваффақиятлар чет эллик инвесторлар эътиборини тортмай қолмаяпти. Буни ярмарка доирасида кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин. 

— Аслида, мазкур тадбирга мамлакатингизда етиштирилган ноз-неъматлар савдоси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш учун келган эдик, — дейди Испаниянинг “Iberus” компанияси тижорат раҳбари Мануэль Муньос. — Амалда ушбу мақсадимизга эришдик: катта ҳажмда ёнғоқ, нўхат, ловия сотиб олиш бўйича шартномалар туздик. Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити, айниқса, “Жиззах” махсус индустриал зонасида чет эллик сармоядорлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар бизнесимизни шу юрт билан боғлашга ундади. Натижада 10 миллион доллар сармоя киритиб, мазкур саноат ҳудудида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш заводини бунёд этиш юзасидан келишувларга эришдик. Бундан жуда хурсандмиз.  

Форум иштирокчиларининг қай бири билан суҳбатлашманг, улар янги ҳамкорлар топгани, маҳсулотлар олди-сотдиси бўйича узоқ муддатли келишувларга эришаётганини мамнуният билан изҳор этади. Зеро, I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси республикамиз деҳқон ва фермерлари, боғбон ҳамда тадбиркорларига маҳсулотларини чет эл бозорларига дадил олиб киришлари учун беқиёс имкониятни туҳфа этмоқда. Шу маънода, мазкур тадбир экспорт борасида бозор механизмларини янада такомиллаштириш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва хорижий харидорлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.  

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

* * * 

 

Сўз — Халқаро ярмарка иштирокчиларига

Владимир ЛИШУК, Россия чакана-тақсимлаш марказлари уюшмаси ижрочи директори:

— Ўзбекистонда пишиб етилган узум, олма, нок, помидор ҳамда бодрингларга бизнинг мамлакатда талаб катта. Сабаби, россиялик истеъмолчилар юртингизнинг бундай маҳсулотлари табиийлиги, сунъий моддалардан холи таъми ва хавфсизлиги билан ажралиб туришини яхши биладилар. Ўз навбатида, мамлакатингизда ишбилармонлар, аграр сектор вакиллари учун яратилган қулай муҳит ҳамда шароитлар табиат неъматларини етиштириш, уларни қайта ишлаш, сақлаш ва етказиб бериш бўйича самарали тизим шаклланишида муҳим омилга айланганига гувоҳ бўлдик. Бинобарин, Ўзбекистондан катта ҳажмда мева-сабзавот сотиб олишни режалаштираяпмиз. Бунинг учун барча имконият мавжуд.

 

Жаъфар ҲУСАЙН, “Muez-Hest India Pvt. Ltd” компанияси вакили (Ҳиндистон):

— Узоқ йиллардан буён Тошкент, Урганч ва Каттақўрғон шаҳарларидаги ёғ-мой корхоналари билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Компаниямиз айни шу соҳа учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Ўзбекистонлик ишончли шерикларимиз билан ўзаро самарали алоқаларни кенгайтиришдан жуда манфаатдормиз. Ярмаркада қатнашиб, мамлакатингиз иқтисодиёти, жумладан, қишлоқ хўжалиги тармоқлари жадал равнақ топаётганига яна бир карра шоҳид бўлдим. Бунда давлат томонидан тақдим қилинаётган имтиёз ҳамда енгилликлар катта аҳамият касб этаётир. Шуларга мос равишда юртингизда юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш субъектлари сони кўпайиб бораётганига фақат ҳавас қилиш мумкин.   

 

Жак КАЗОР, Франция Иқтисодиёт вазирлиги вакили: 

— Халқаро ярмарка юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Унда Ўзбекистоннинг мева-сабзавотчилик соҳасидаги улкан салоҳияти кенг намойиш қилинмоқда. Тадбир қатнашчилари серқуёш заминингизда етилган дала ва боғ неъматларидан татиб кўриб, ҳаммаси ўзининг хуш-таъми, витаминлар ҳамда микроэлементларга бойлиги, экологик софлиги билан ажралиб туришига юқори баҳо бераяптилар. Эътиборлиси, булар нафақат юртингизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаяпти, балки мамлакат экспорт салоҳиятини оширмоқда. Биз Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, мазкур тармоқда қатор лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқаришни мақсад қилганмиз.

 

Салом МУҲАММАД, Бангладеш Органик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси президенти:

— Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларга гап йўқ. Улар табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим микроэлементлар ҳамда озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бой ва хуштаъм. Диёрингизда пишган ноз-неъматлар мана шу жиҳати билан бошқа минтақалардаги турдош маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туради. Бунда парваришлашда фақат органик моддалардан фойдаланилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатингизнинг бу борадаги улкан тажрибасидан ибрат олса арзийди. 

 

«Халқ сўзи» мухбири 

Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn