Ташқи бозорга кенг йўл
  • 12 Апрель 2014

Ташқи бозорга кенг йўл

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу мамлакатимизда ушбу соҳа ривожига қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароит натижасидир.

Дарҳақиқат, кичик бизнес вакиллари дастлаб фақат ички бозорга маҳсулот етказиб берган бўлса, эндиликда чет давлатлардан ҳамкорлар топиб, экспорт борасида ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Бунда Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, жойларда унинг филиаллари ташкил қилингани айни муддао бўлди.
Бугунги кунда Жамғарманинг Сирдарё вилояти филиали томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини юксалтириш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш, янги ҳамкорлар топиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, шу йилнинг биргина март ойида 30 га яқин хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилган ҳуқуқий ва ташкилий хизматлар натижасида 2 миллион 400 минг АҚШ долларилик экспорт шартномалари тузилди. 2014 йилнинг дастлабки уч ойи давомида чет эллик харидорларга етказиб берилган маҳсулотлар ҳажми қарийб 12 миллион 100 минг АҚШ долларини ташкил қилди.
Филиал ташаббуси билан вилоятнинг барча туманларида тадбиркорлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, жамғарма томонидан кўрсатилаётган хизматлар, экспортчи корхоналар учун берилган имтиёзлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Айни чоғда хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт имкониятлари ўрганилмоқда. Пировардида шу йили
20 га яқин тадбиркорлар Жамғарма ва унинг ҳамкорлари ҳисобидан халқаро кўргазма ҳамда ярмаркаларда қатнашиб, қўшимча равишда 460 минг АҚШ долларилик шартномалар имзолаши кутилаяпти.
Мухтасар айтганда, Жамғарманинг ташкил этилиши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яна бир қулайлик бўлиб, бу хусусий секторнинг ташқи бозордаги фаолиятини кенгайтириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Собир МАМАДИЯРОВ,
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Сирдарё филиали директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn