Инвестиция, модернизация ва янги қувватлар
  • 15 Июль 2016

Инвестиция, модернизация ва янги қувватлар

қишлоқ хўжалигини замонавий техника ҳамда ускуналар билан таъминлаш имконини бераётир

Ўзбекистоннинг ноёб табиати ва иқлими, йилнинг тўрт фасли алмашганда ҳам қуёшли кунлар 320 кундан ортиқ бўлиши, албатта, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун ғоят қулай шароит яратади. Шу боис юртимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бетакрор таъми ҳамда сифати билан бутун дунёда машҳур.

25 йиллик мустақил тараққиёт мобайнида ўлкамизда туб ўзгаришлар амалга оширилдики, натижада аграр соҳа деярли тўлиқ диверсификация қилиниб, нафақат аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, балки катта ҳажмда экспортни йўлга қўйишга эришилди. 

Маълумки, Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида бўлган ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги фақат ягона экин — ғўза парваришига йўналтирилган эди. Суғориладиган майдонларнинг 90 фоизига пахта экилгани учун ғалла, гўшт, сут, тухум ва шакар сингари асосий озиқ-овқат маҳсулотлари четдан келтирилар эди.

Ачинарлиси, гарчи, унумдор ер ва қулай иқлим шароитига эга бўлса-да, Ўзбекистонда мева-сабзавот ва картошканинг аҳоли жон бошига истеъмол қилиш кўрсаткичи собиқ иттифоқнинг бошқа республикаларига нисбатан икки баравар паст эди.

Мустақиллик йилларида юртимиз аграр секторида етарлича тажриба тўпланиб, нафақат озиқ-овқат мустақиллиги мустаҳкамланмоқда, балки қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми тобора ортиб бораяпти. Бу, албатта,  инвестицияларни жалб этган ҳолда, соҳа модернизация қилиниб, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари техник ва технологик жиҳатдан янгилангани, замонавий қайта ишлаш корхоналари фойдаланишга топширилгани самарасидир. 

Маълумки, аграр соҳани ислоҳ қилиш, хусусан, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни татбиқ этиш учун, аввало,  деҳқонларимиз замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда жиҳозлари билан таъминланган бўлиши зарур.

Қайд этиш жоизки, мустақилликка эришгунимизга қадар қишлоқ хўжалигида техника воситалари етишмасди. Уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар алмисоқдан қолган, маънан эскирган ускуналардан фойдаланишга мажбурлиги сабаб, ушбу муаммо янада кескинлашган эди.

Ана шундай мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қисқа муддатда зарур техника воситалари билан таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳаётнинг ўзи тақозо этди. Вазифа шундан иборат эдики, ўзимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари сифати бўйича ривожланган давлатлариникидан қолишмаслиги, ташқи бозорда рақобатга бардош бера олиши, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши лозим эди. Бу борада энг тўғри йўл ишлаб чиқаришни мақбул даражада маҳаллийлаштириш бўлиб, бунинг учун самарали усулларни қўллаш зарур ҳисобланарди. 

Шу мақсадда мамлакатимизда бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар орасида давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 15 майдаги “Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори алоҳида ўрин тутади. Негаки, ушбу ҳужжатда ана шу  корхоналарда бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва рентабеллик даражасини кўтариш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ҳамда технологик жиҳатдан қайта қуроллантиришга қаратилган ягона техник сиёсатни юритиш, агросаноат мажмуи учун замонавий, юқори самарали, ички ва ташқи бозорда рақобатдош техника ҳамда жиҳозлар тайёрлашни ташкил этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Уларни рўёбга чиқариш учун “Ўзагросаноатмашхолдинг” холдинг компанияси ташкил этилди. Унинг таркибига “Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводи”, “Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникаси заводи”, “Агрегат заводи”, “Технолог”, “Урганчкорммаш”, “БМКБ-Агромаш” акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Uz  CLAAS Agro” ҳамда “Lemken Chirchiq” Ўзбекистон — Германия қўшма корхоналари киритилди.  

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, “Ўзагросаноатмашхолдинг” ўз  фаолиятининг биринчи кунлариданоқ мавжуд корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш юзасидан қатъий иш бошлади. Бир қатор инвестициявий лойиҳалар тайёрланиб, улар кейинчалик 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган ишлаб чиқаришда тузилмавий ўзгаришларни, модернизация ҳамда диверсификацияни таъминлаш чора-тадбирларига доир дастурдан жой олди.

Жумладан, “Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводи” АЖни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш лойиҳасини ўз кўлами жиҳатидан глобал лойиҳа, дейиш мумкин. Чунки бу корхона тармоқдаги энг йирик объект бўлиб, у илгари тракторлар, пахта териш машиналари ҳамда тиркамалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, айни вақтда тугатилаётган Тошкент трактор заводи майдонининг бир қисмида ташкил этилган.

2015 йил якунига кўра, бу ерда қиймати 63 миллиард сўмлик 761 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилди. Корея Республикасининг “LS Mtron” компанияси билан ҳамкорликда тайёрланган “LS”  русумли трактор шулардан биридир. У ғўзани культивациялаш ва ўғитлаш қаторида, транспорт воситаси сифатида яна бир қатор хизматларни бажаришга қодир. 

Заводни модернизациялаш бўйича лойиҳа бир неча босқичдан иборат бўлиб, унда  лойиҳа замонавий тракторлар, хусусан, трансмиссия ҳамда редукторларнинг корпусли компонентига механик  ишлов беришни ўз ичига олувчи компонент тайёрлашни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, дон, ем-хашак ҳамда пахтани йиғиб-териб олишга мўлжалланган машиналар, тиркамалар ва бошқа техникаларни ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг асосий техник ҳамкори Германиянинг  “CLAAS” концерни “Uz CLAAS Agro”  қўшма корхонаси у билан ҳамкорликда иш юритмоқда. Янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун 50 миллион доллардан зиёд инвестиция йўналтирилган. Бу пировардида  “Uz CLAAS Agro”да қишлоқ хўжалиги техникаларининг айрим турлари, яъни “Axos” ҳамда “Arion” русумли тракторлар, “Dominator” ғалла ўриш комбайни,  “Markant” русумли ғаллани ўриб, сомонни тойлаб берадиган машина ва “Jaguar” ем-хашак йиғувчи комбайни учун асосий компонентлар ишлаб чиқаришни таъминлади. Шундан сўнг Ўзбекистонда ана шундай техника воситаларини тайёрлашни маҳаллийлаштиришнинг навбатдаги босқичи бошланди. 

Лойиҳани рўёбга чиқариш жараёнига Европанинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб этишдан мақсад мавжуд ресурс-лардан оқилона фойдаланиш, жиҳозларнинг юқори унумдорлиги, тежамкорлиги ҳамда аниқлигига эришиш ҳисобидан сезиларли даражада иқтисодий самара олишдир.

Шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган ҳозирги шароитда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида “ERP” классли ахборот тизимини жорий этиш режалаштирилган. Унинг афзаллиги шундаки, барча бизнес-жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш имконини беради. Бошқарув, назорат ва ҳисоб-китоб самарадорлиги ҳамда шаффофлиги таъминланади, регламент ва ҳисоботларни тайёрлашга кетадиган вақт қисқаради, маълумотларнинг ишончлилиги ортади, ўз навбатида, инсон омилининг таъсири камаяди.

Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводини модернизация қилишнинг иккинчи ҳамда учинчи босқичлари 2018-2019 йилларга мўлжалланган трансмиссия ва редукторларнинг алоҳида деталлари ишлаб чиқаришни янгилаш, иссиқ ҳолда штамплаш ҳамда қуюв жараёнини йўлга қўйиш, двигателлар йиғишни ташкил этишни ўз ичига олади.

Умуман, Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводини замонавий ишлаб чиқариш мажмуасига айлантириш — “Ўзагросаноатмашхолдинг” холдинг компаниясининг устувор вазифасидир. Унинг ижроси натижасида эса тармоқнинг саноат салоҳияти янада юксалади, республикамиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли, бугунги кун талабларига жавоб берувчи техникаларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилади. Буларнинг барчаси келгусида мамлакатимизда дала ва боғ неъматлари янада мўл-кўл бўлишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Родион АХМЕДГАРИЕВ,

«Ўзагросаноатмашхолдинг» холдинг компанияси корпоратив ва мулкий муносабатлар бошқармаси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn