Ўзбекистон мева-сабзавотлари юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий брендга айланмоқда
  • 14 Июль 2016

Ўзбекистон мева-сабзавотлари юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий брендга айланмоқда

Тошкент шаҳрида ташкил қилинган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси қизғин ва ишчан руҳда давом этмоқда.

Форум қатнашчилари унинг иккинчи кунида мамлакатимиз боғдорчилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган юксак самараларни бевосита жойларда кўриш имкониятига эга бўлдилар. Улар, хусусан, мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари етиштириш, уни сифатли сақлаш, харидорларга сархил ҳолда етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Меҳмонлар шу аснода Ўзбекистонда нафақат мазали ва экологик тоза ноз-неъматлар етиштирилаётгани, балки озиқ-овқат саноати жадал ривожланиб бораётганига ҳам амин бўлганликларини эътироф қилдилар.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида боғдорчилик, сабзавот-полизчилик ҳамда узумчилик тармоқлари равнақига жиддий эътибор қаратилаяпти. Шу мақсадда янги боғ-роғлар барпо этилиб, озиқ-овқат экинлари майдонлари тобора кенгайтирилаётир. Аниқроғи, сўнгги йилларда қарийб 100 минг гектар мевали боғ ва токзорлар, 22 минг гектардан зиёд интенсив боғлар бунёд қилинди. Натижада ўтган йили юртимиз деҳқон ҳамда соҳибкорлари томонидан 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва -картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 

1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилиб, дастурхонимиз файзу баракаси таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг таъкидлашича, боғдорчиликда жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий агротехнологиялар татбиқ этилаётгани ҳосилдорликнинг муттасил равишда ўсиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Интенсив технология асосида боғ яратиш — шулардан бири.

Аслида, интенсив технология юртимиз боғбонлари учун янгилик эмас. Маълумотларга қараганда, мазкур усул дастлаб ўтган асрнинг бошларида, сўнгра 50 — 60-йилларда академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот инс-титутида синовдан ўтказилган.

Муассаса музейида сақланаётган экспонатлар, хусусан, пакана дарахтлардан таркиб топган боғлар суратлари билан танишган киши бунга комил ишонч ҳосил қилади. Шу боис жаҳоннинг аксарият давлатлари учун янгилик бўлган ана шу технологияни ўзлаштириш республикамиз шароитида қийинчилик туғдирмади.

Интенсив боғларга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бораётгани бежиз эмас. Чунки пакана ҳамда яримпакана дарахтлар иккинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради. Бунга халқаро ярмарка иштирокчилари ташриф буюрган Юқори Чирчиқ туманидаги “Eco agro product” фермер хўжалиги эришаётган натижалар яққол мисол бўла олади.

Гап шундаки, ўтган йил кўкламида ушбу фермер хўжалиги тасарруфидаги 140 гектар майдонга олма, олхўри, нок, ўрик, шафтоли, гилос каби мевали дарахтларнинг пакана навлари экилиб, интенсив боғ яратилган эди. Агротехника тадбирлари обитобида олиб борилиб, ҳар кўчат алоҳида меҳр билан парваришлангани туфайли иккинчи йилдаёқ мўл ҳосил олинди.

— Навларни жойлаштиришда уларнинг пишиб етилиш даври чуқур ўрганилди, — дейди ушбу фермер хўжалиги иш юритувчиси Шаҳзод Эргашев. — Масалан, 100 гектар ерга олманинг 10 дан ортиқ нави экилган бўлиб, уларнинг меваси пишиқчилик мавсуми бошланганидан то кеч кузгача навбатма-навбат етилади. Бу буюртмачиларга маҳсулотни узлуксиз етказиб бериш имконини туғдиради.

Мевалари ғарқ пишган мазкур боғга кирган кишининг баҳридили очилиб кетади. Қатор-қатор симбағазларга тортилган митти дарахтларнинг шохлари ҳосили кўплигидан эгилган. Офтоб нурига чўмиб, қизил тус олган тарам-тарам олмаларнинг катталиги нимкосадек келади. Тағин ҳаммасининг ҳажми, шаклу шамойили бир хил. Қўлингизга олсангиз, хушбўй ҳиди димоғингизга урилади.

Боғбонларнинг айтишича, меваларнинг ҳар бири 250 грамм тош босади. Шу боис дастлабки йилнинг ўзида гектарига 10 тоннадан мева териб олиниши мўлжалланмоқда. Келгусида ҳосилдорлик йил сайин ошиб, хусусан, 4-5 йилларда гектарига 40 — 50 тоннадан ортади.

Қувонарлиси, етиштирилган мевага ҳозирдан харидор нақд. Териб олинган ҳосил МДҲ ва Европа мамлакатларидаги буюртмачиларга пешма-пеш жўнатилади.

— Ушбу боғни кўриб, Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғида нақадар юксак салоҳиятга эга эканлигига яна бир карра амин бўлдим, — дейди Беларусь Республикасининг “Караван ХХI век” компанияси етакчи мутахассиси Оксана Черняева. — Тўғри, бизнинг юртда ҳам олма етиштирилади. Аммо серқуёш ўлкангиздан келтирилган маҳсулотга талаб жуда катта. Ўзига хос тупроқ-иқлим шароити, юксак боғдорчилик маданияти, энг асосийси, кимёвий ўғитлардан фойдаланилмаслик — буларнинг барчаси экологик тоза маҳсулот етиштиришда қўл келади. Шу боис мамлакатингиз фермерлари билан тўғридан-тўғри савдо-сармоявий алоқаларни ўрнатишдан манфаатдормиз.

Мева-сабзавот экспорти ҳажмининг ортишида, шубҳасиз, замонавий совитиш камерали қайта ишлаш корхоналарининг аҳамияти ниҳоятда катта. Айниқса, ўзбек заминида етиштирилган ноз-неъматларга талаб мунтазам ортиб бориши юртимизда мазкур тармоқни янада ривожлантириш, янги мажмуа ҳамда корхоналар бунёд этишни тақозо қилади. Кейинги йилларда мазкур йўналишдаги ишлар жадал давом эттирилиб, хорижнинг энг замонавий технологик линиялари ва ускуналари билан жиҳозланган йирик саноат корхоналарига асос солинаяпти.

Халқаро ярмарка доирасида чет эллик мутахассислар ташриф буюрган “Gold dried fruits” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай илғор хўжалик юритиш субъектларидан бири ҳисобланади. 2013 йилда ташкил топган ушбу корхона Германия, Голландия, Бельгия, Хитой каби давлатларнинг энг сўнгги русумдаги технологиялари билан жиҳозланган. Улар ёрдамида йилига 40 минг тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш мумкин. Айни пайтда қуритилган маҳсулотларнинг 95 фоизи Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Молдова, Қозоғистон каби мамлакатларга сотилаяпти.

2015 йилда корхона қошида универсал совитиш комплекси қурилгач, қуёш нурига тўйиб етилган, витаминларга бой қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сархил ҳолда экспортга чиқариш учун қулай шароит юзага келди.

— Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар барча соҳада, хусусан, иқтисодиётнинг озиқ-овқат саноатида жадал ривожланмоқда, — дейди “ROC International Co. Ltd.” компанияси масъул ходими Ли Мёнг Жей. — Буни мазкур корхона мисолида ҳам кўриш мумкин. Негаки, бу ерда қайта ишланган маҳсулотнинг маълум қисми бизнинг мамлакатга экспорт қилинаётган экан. Чунки серқуёш ўлкангизда етиштирилган қалампир, булғор қалампири, бақлажон, карам, қизил лавлаги, пиёз — барча-барчаси ажойиб мазаси билан устунликка эга. Мева-сабзавот савдосига ихтисослаштирилган бизнинг компаниямиз бу борадаги алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори. Халқаро ярмаркага тарвуз, қовун, узум, шафтоли, ўрик каби мевалар импорти бўйича келишувларга эришиш мақсадида келганмиз. Хусусан, “Gold dried fruits” корхонаси билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз.

Айтиш жоизки, “Gold dried fruits” масъулияти чекланган жамияти жамоаси чет элда маҳсулотларига ортиб бораётган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, ўзлари ҳам мева-сабзавот етиштиришга қўл урган. Айни пайтда жамият тасарруфида 1000 гектар экин майдони бўлиб, шундан 400 гектарида боғ яратилган. Қолган қисмида эса сабзавот, полиз экинлари ва кўкатлар парваришланаяпти. Булар билан муфассал танишган хорижий компаниялар раҳбарларининг аксарияти ушбу корхона билан ҳамкорлик қилиш истагини билдиришгани диққатга сазовордир.

Шу куни “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг устунлиги” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ҳам ташкил этилди. Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутасаддилари, соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

— Республикангиз ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашдан ташқари, хорижий мамлакатлар озиқ-овқат таъминотига ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани эътиборга молик, — дейди Бутунжаҳон Сабзавотчилик марказининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий идораси директори Варвик Исдаун. — Бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг 2015 йил июнь ойида Италияда бўлиб ўтган 39-конференциясида ҳам юксак эътироф этилганидан хабардормиз. Зеро, юртингизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ўзининг самарадорлиги, инсон омили устуворлигига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Халқаро анжуман шуъба йиғилишларида Ўзбекистон сабзавот-полиз маҳсулотларининг истеъмол сифатлари ҳамда ўзига хос хусусиятлари, мева ва узумларнинг рақобатдошлик жиҳатларига бағишланган кўплаб мавзуларда маърузалар тингланди.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг дастлабки натижалари Ўзбекистонимизда етиштирилган мева ҳамда сабзавотларга хорижда талаб ниҳоятда катталигини яққол кўрсатмоқда. Таъбир жоиз бўлса, улар юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий бренд — товар белгисига айланиб бораётир. Бу истиқлол йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилиниб, амалиётга замонавий илм-фан ютуқлари, интенсив технологиялар қўлланилаётгани, деҳқону фермерлар фаолияти ҳар томонлама рағбатлантирилаётганининг юксак самарасидир.

Саид РАҲМОНОВ,

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

Сўз — Халқаро ярмарка иштирокчиларига

Али Абдулла ал-МАЗРОВИЙ, “Tashkent Vegetables & Fruits Trading” компанияси бош менежери (Саудия Арабистони):

— Ўзбекистон — жаннатмонанд диёр. Бу заминга Яратганнинг назари тушган, десам, асло муболаға бўлмайди. Мана, масалан, Президентингиз раҳнамолигида аждодлардан қолган бой маънавий-маданий мерос ҳамиша эъзозлаб келинаяпти. Тинчлик, тотувлик, -фаровонлик ҳукмрон. Бағрикенг ҳамда меҳмондўст халқингиз бор. Яна бир муҳим томони, юртингизда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари энг сифатли, энг тотли неъматлар ҳисобланади. Дунёда уларга тенг келадиганларининг ўзи йўқ-да.

Мана шундай бетакрор юртга меҳримиз баланд бўлгани учун ҳам, компаниямиз номи “Tashkent” деган сўз билан бошланади. Мақсадимиз мамлакатингизда етиштирилган дала ва боғ неъматларини ўз халқимизга етказиб беришдир. Халқаро ярмаркада қатор шартномалар имзолаяпмизки, бу келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз янада кенгайишига хизмат қилади.

Винод КУМАР, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Давлатларимиз ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқалар изчил ривожланиб бораяпти. Кейинги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ортгани, Ҳиндистон капитали иштирокида тузилган юздан зиёд корхоналар фаолият юритаётгани ана шундан далолат беради. Биринчи халқаро ярмарка, ўйлайманки, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, мева-сабзавотлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда катта ўрин тутади.

Кези келганда шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бир пайтлари экин майдонларининг қарийб тўқсон фоизи пахта билан банд бўлган республикангиз қисқа муддатда вазиятни ўзгартириб, табиий тоза мева, сабзавот, узум ҳамда полиз маҳсулотлари етиштириш, интенсив боғлар яратишда салмоқли муваффақиятларни қўлга киритаяпти. Бу эса дунёда кўзга кўринган ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчиларни ўзига оҳанрабодай тортмоқда.

Андрей КОЛУПАЕВ, “Еврологистика” компанияси бошқаруви аъзоси (Латвия):

— Биз Ўзбекистондан Европага қуруқ меваларни етказиб бериш билан ҳам шуғулланамиз. Чунки бу ерда тайёрланган бундай маҳсулотлар жуда сифатли бўлиб, уларга талаб ниҳоятда катта. Жорий йилда серқуёш юртингизда ҳар қачонгидан мўл-кўл ҳосил етиштирилаётгани ҳақида етарли маълумотга эгамиз. Бундан ҳамма қатори биз ҳам хурсандмиз. Халқаро ярмарка сабаб ўзбекистонлик шерикларимиз билан ҳамкорлигимиз -янада мустаҳкамлангани эса айни муддаодир.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn