Ўзбекистон банк тизими: реал сектор корхоналари
  • 14 Июль 2016

Ўзбекистон банк тизими: реал сектор корхоналари

молия муассасалари томонидан ажратилаётган айланма маблағлар туфайли янада равнақ топаяпти

Мамлакатимизда хусусий сектор ривожи йўлидаги изчил ислоҳотлар иқтисодиётимиздаги чуқур таркибий ўзгаришларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Пировардида соҳа вакиллари учун кенг имконият ва имтиёзлар яратилиб, улар томонидан тайёрланаётган рақобатдош маҳсулотлар ички ҳамда ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаяпти. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида шу ҳақда тўхталар экан, иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг барқарор ишлашига эришишда уларни айланма маблағлар билан таъминлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан соҳага имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан ишлаб чиқилган кенг қамровли чора-тадбирлар дастури ҳам ана шу мақсадлар рўёбига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни пайтда унда белгиланган вазифалар ижроси босқичма-босқич амалга оширилаётир. Хусусан, ўтган қисқа даврда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Марказий банк ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳамкорлигида саноат субъектлари раҳбарлари иштирокида амалий учрашувлар ўтказилиб, Президентимизнинг “Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ яратилган имтиёз ҳамда преференциялар, шунингдек, ушбу тузилмаларга кредитлар ажратиш тартиб-таомиллари тўғрисида сўз юритилди. Бинобарин, бундай тадбирлар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари кўргазмалари ҳам ташкил этилди. Бу эса корхоналар салоҳияти ва банкларнинг замонавий хизмат турларини кенг намойиш қилиш имконини берди. 

Айтиш жоизки, юртимиз банк тизимида реал секторни сармоялар билан таъминлашга қаратилган зарур ҳуқуқий-меъёрий база шакллантирилган. Энг муҳими, ушбу жараённи тартибга солувчи ҳужжатлар йилдан-йилга соддалаштирилаяпти. Натижада ишлаб чиқариш рентабеллиги ҳамда экспорт салмоғини оширишга эришилаётир. Бунда Президентимизнинг “Тижорат банкларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Шу ўринда рақамларга мурожаат қилайлик. Олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, кейинги 5 йил давомида инвестициявий мақсадларга ажратилган узоқ муддатли кредит қўйилмалари 3,8 баробар кўпайиб, уларнинг тижорат банклари жами кредит портфелидаги улуши қарийб 79,8 фоизни ташкил этди. Шунингдек, ўтган йил якунлари бўйича мамлакатимиз тижорат банкларининг иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирган сармоялари миқдори 2014 йилдагига нисбатан 27,3 фоизга ўсиб, жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, 42,7 трлн. сўмга етди. 

Албатта, бунда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати доирасидаги чора-тадбирлари ҳал қилувчи ўрин тутмоқда. Чунончи, инфляция даражасининг пасайиши динамикасини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт реал секторидаги инвестициявий фаоллик ошишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 2015 йилнинг 1 январидан эътиборан йиллик 10 фоиздан 9 фоизгача туширилди. Бу эса, ўз навбатида, корхоналар айланма маблағлари ва даромадлари кўпайиб, харажатлар қисқариши, маҳсулот таннархи пасайиши, импорт ўрнини босувчи ҳамда рақобатдош товарлар ишлаб чиқариш кенгайишига хизмат қилмоқда. Қувонарлиси, бугун қишлоқларда оилавий тадбиркорлар ўз шахсий томорқаларида сархил неъматлар етиштириб, бозорларимизни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, мазкур омил хўжалик юритувчи субъектларни модернизациялаш бўйича лойиҳа харажатлари тежалишига сабаб бўлди. 

Тизимдаги шу каби янгиланишлар юртимиз молия муассасаларининг кредит қўйилмалари таркибида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришларга замин яратди. Буни ўтган 5 йил мобайнида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ҳамда айланма маблағлар билан таъминлаш учун республикамиз бўйича жами 40 трлн. сўмлик инвестицион кредитлар ажратилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Жорий йилда эса бу мақсадларга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини ўтган йилдагига нисбатан 1,3 баробар ошириш ва кредитлаш жараёнини янада соддалаштириш, фоиз ставкаларини мақбуллаштиришга доир саъй-ҳаракатлар кўзда тутилган.

Айни кунда тижорат банклари томонидан ишлаб чиқарувчиларга барча масала юзасидан тезкор равишда амалий кўмак кўрсатилаяпти. Тизимда “Ягона ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилган. Хўжалик юритувчи субъектлар мурожаатлари қисқа муддатларда махсус ташкил этилган Ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилаётир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш борасидаги ютуқларимиз Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитлари бўйича “Doing Business — 2016” навбатдаги йиллик ҳисоботида ҳам яна бир бор ўз эътирофини топмоқда. Бундан ташқари, 2015 йилнинг октябрь ойида чоп этилган ҳисоботга кўра, мамлакатимиз “Кичик бизнес субъектларига кредит бериш” мезони бўйича сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилиб, ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 поғона юксалтирди.

Қувонарли жиҳати, давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросида “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу соҳадаги муваффақиятлар эса сармоядорлар ва экспертларнинг юқори баҳосига сазовор бўлмоқда. 

 

БЁН Чунг Соб,  халқаро эксперт (Корея Республикаси):

— Мамлакатингизда юритилаётган оқилона сиёсат туфайли иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари тўла қувват билан ишлаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Улар молия муассасаларингиз томонидан зарур айланма маблағлар билан таъминланаётгани фаолияти барқарорлигини кафолатлаяпти. Бошқача айтганда, банк тизимида бу соҳада қулай ишбилармонлик муҳити яратилган. Энг муҳими, молия муассасаларингиз етарли ресурс базасига эга. Шу боис юртингизда Жанубий Корея ишбилармонлари сафи кенгайиб бораётир. Ҳозир Ўзбекистонда мамлакатимизнинг 400 дан ортиқ корхона, 70 дан зиёд фирма ҳамда компаниялари самарали фаолият кўрсатмоқда. Уларга мунтазам равишда айланма маблағлар ажратилаётганидан мамнунмиз. Бу эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётир. Айниқса, Президентингизнинг 2015 йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ишбилармонлар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Ушбу ҳужжатда белгиланганидек, энди хусусий мулкнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ҳамда чекловларни бартараф этишга эришилади. Мазкур имтиёзлардан Корея Республикаси вакиллари ҳам оқилона фойдаланиб, муваффақиятли иш юритишаяпти. Бунинг учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирамиз!

 

ВАНГ Синг Хе,  “PENG SHENG” қўшма корхонаси раҳбари (Хитой Халқ Республикаси):

— Ўзбекистон банклари жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатаётгани қўшма корхоналар фаолияти ривожига ҳам кенг йўл очмоқда. Бундай дейишимга етарлича асослар бор. Мана, ўз корхонамиз мисолида айтай. Биз учун мамлакатингиздаги “Ўзсаноатқурилишбанк” сингари молия муассасалари энг қулай имкониятларни муҳайё қилди. Барча банк операциясини офисимиздан туриб, интернет орқали амалга ошираяпмиз. Муҳими, ишимизда узилишлар кузатилаётгани йўқ. Буни банклар томонидан айланма маблағлар билан таъминланаётганимиз натижаси, деб биламан. Шу туфайли маҳсулотларимиз тури кўпайиб, сифати тобора ошаяпти. Экспорт салоҳиятимиз юксалмоқда. Қисқаси, Ўзбекистон банк тизимидан мамнунмиз. Республикангизда ҳар бир молия муассасаси пухта ва аниқ мақсадлар сари дадил, қатъий ишонч билан интилмоқда. Бу диққатга молик жиҳатдир. Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, Ўзбекистон — келажаги буюк мамлакат. 

 

Ҳусниддин АБДУРАҲМОНОВ, “Antes Grant” МЧЖ директори  (Андижон вилояти):

— Корхонамиз нафақат вилоятда, балки юртимиздаги йирик саноат субъектларидан бири ҳисобланади. Ютуқларимиз замирида молия муассасаларининг хизмати ҳамда ҳиссаси катта. “Ўзсаноатқурилишбанк” айланма маблағларимизни тўлдириш учун мунтазам равишда кредитлар ажратаяпти. Бу эса фаолиятимиз ривожида муҳим омил бўлмоқда. 

Корхонамиз пахтани қайта ишлашга ихтисослаштирилган. Яқинда “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан берилган 25 млрд. сўм миқдоридаги айланма маблағ ҳисобига ишлаб чиқариш қувватини икки баробар оширишга муваффақ бўлдик. Кредит -фоизлари бизга маъқул тушди. Сармояни олишда ҳеч бир қийинчиликка дуч келганимиз йўқ. Ана шу маблағдан самарали фойдаланганимиз туфайли даромадимизга даромад қўшилаяпти. Шу ўринда бир далил: илгари айланма маблағлар учун кредитлар қисқа даврга мўлжаллаб ажратилган бўлса, ҳозир улар муддати 1,5 йилгача узайтирилган. Бу ҳам ишбилармонлар учун катта имкониятдир. 

Яқинда маҳалламизда Марказий банк томонидан учрашув ўтказилди. Тадбирда турли ишлаб чиқариш субъектлари, молия муассасалари, суғурта компаниялари ва бошқа ташкилотлар ўз хизмат турлари билан қатнашди. Мутахассислар айланма маблағлар учун кредитлар ажратиш борасидаги имтиёз ҳамда имкониятлар хусусида қизиқарли маълумотларни тақдим этишди. Улардан фойдаланиб, бизнесимизни янада кенгайтиришга эришиш мумкин эканлигига ишонч ҳосил қилдик. 

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,  “Arm composite” МЧЖ директори (Тошкент шаҳри):

— Дастлаб, банкдан йирик миқдорда кредит олиб, хориждан илғор русумдаги қурилиш  материаллари, жумладан, арматура тайёрловчи замонавий дастгоҳларни келтириб ўрнатдик. Табиийки, уларни ишга тушириш учун хом ашёга эҳтиёж туғилди. Бироқ иш осон кўчди. Масала тезда ечимини топди. Яъни “Ўзсаноатқурилишбанк” бизни мунтазам равишда айланма маблағлар билан таъминлаб тургани боис, ишлаб чиқариш жараёнини оёққа турғизиб олдик. Ҳозир жамоамиз сафида ўнлаб ёш мутахассислар -фаолият юритаётир. Маҳсулотларимизни тўлиқ экспорт қилаяпмиз. 

Умуман, пойтахтимиздаги бошқа корхоналар ривожига ҳам молия муассасалари амалий кўмак бераяпти. Яқинда банклар ташаббуси билан ҳудудимизда ўтказилган учрашувда иштирок этдим. Унда айнан айланма маблағлар борасида кредитлар ажратиш тартиб-таомиллари, бу соҳага доир Фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунча берилди. Мутахассислардан  саволларимизга тўлиқ жавоб олдик. Шундай имкониятларни яратиб бергани учун, аввало, давлатимиз раҳбари, қолаверса, банк тизими мутасаддиларидан миннатдормиз.

 

Иброҳим РОЗИҚОВ, “Hi-Tech Kabel” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси раҳбари ўринбосари (Тошкент вилояти):

— Полиэтилен қопламали ва юқори тезликда қувват узатувчи кабеллар ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга доир истиқболли лойиҳамиз банк мутасаддиларига маъқул тушди. Шу тариқа корхонамизга умумий қиймати 17,6 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилди. Мазкур маблағ ҳисобига мавжуд цехларимизни энг илғор ускунаю дастгоҳлар билан жиҳозладик. Натижада 400 тадан зиёд иш ўринлари вужудга келди. Шу саъй-ҳаракат орқали ўтган йили 11,6 млн. метрдан ортиқ, яъни 98,2 млрд. сўмлик маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозорга чиқарилди. Айни пайтда кабелларимиз турини янада кўпайтириш чораларини кўраяпмиз. Бу борадаги бизнес-режаларимиз рўёбида ҳам молия муассасалари ёрдамига суянамиз, албатта. 

 

Мўмин СИДДИҚОВ, “Jizzax Kenteks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари (Жиззах вилояти):

— Корхонамизда уч турдаги калава ип тайёрланади. Маҳсулотларимизнинг асосий қисмини Хитой ҳамда Россия давлатларига экспорт қилаяпмиз. Бунда банкларимизнинг -амалий кўмаги каттадир. 

Куни кеча вилоятимизда уюштирилган учрашувда бу соҳадаги қўшимча имтиёзлар ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Ушбу енгиллик ва преференциялардан унумли фойдаланиб, Жиззахнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга ҳисса қўшиш ниятидамиз.

 

Алан ФРАНЦ,  халқаро эксперт (Буюк Британия):

— Маълумки, глобал молиявий инқироз дунёдаги аксарият мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди. Қатор кредит ташкилотлари банкротга учраб, кўплари таназзул ёқасига келиб қолди. Айрим давлатлар учун иқтисодий барқарорликни тиклаш ҳамон оғир кечаётир.

Юртингизда эса Президент Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати туфайли мазкур салбий ҳолатнинг олди олиниб, тараққиётнинг изчил ўсиш суръатлари таъминланаяпти. Ўз навбатида, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ўзининг истиқлол йилларида барқарор ва пухта ресурс базасига эга банк инфратузилмасини яратишга эришди. Албатта, бу борада Марказий банкнинг тизимли фаолияти муҳим роль ўйнамоқда. Зеро, молия секторининг бир маромда ишлаши, аввало, уни самарали бош-қариш билан узвий боғлиқ. 

Мазкур соҳада 2016 йилнинг ўтган ойларида кузатилган жараёнлардан кўриниб турибдики, республикангизда банк кредит портфелини кенгайтириш борасида барча зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Захиралар йилдан-йилга мустаҳкамланаяпти. Бу жабҳада эҳтимол тутилган хатарларни аниқлаш, уларни таҳлил этиш ва бошқарув бўйича кучли стратегия йўлга қўйилганлиги самарасидир. 

Алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ресурс тақчиллигига йўл қўйилмаган. Кредитлаш ҳамда фоиз сиёсати борасидаги тартиб-тамойиллар тадбиркорларга мақбул бўлиб, улар учун қулай шароитлар тақдим этилган. Қолаверса, саноат корхоналарига ҳам қатор имкониятлар ва имтиёзлар берилган.

 Биз жуда кўп давлатларнинг банк тизимини чуқур кузатиб борамиз. Бинобарин, эътироф этиш жоизки, юртингизда бу борада самарали механизм йўлга қўйилган. Ўзбекистоннинг кредитлаш сиёсати жаҳон рейтингида йил сайин юксалиб бораётганининг боиси ҳам шунда. 

 

Давлат АМИНОВ, “Feed Gran” МЧЖ директори, (Хоразм вилояти): 

— Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Чунки ушбу соҳанинг тараққиёти, энг аввало, аҳолини иш билан таъминлашдек ўта муҳим вазифани ижобий ҳал этишга туртки беради. Қолаверса, ички бозорни импорт ўрнини босадиган, экспортбоп товарлар билан тўлдиришга хизмат қилади.

Бизнинг жамиятимиз ҳам бугунги имкониятлардан унумли фойдаланишга интилмоқда. Ишни ташкил этишда тайёрлаётган маҳсулотимиз ҳам сифатли, ҳам арзон бўлишини мақсад қилдик. Бунинг учун бизга кам ишчи кучи сарфланадиган, замонавий илм-фан ютуқларини ўзида мужассамлаштирган илғор технологик линия зарур эди. Режамизни амалга ошириш учун бу борадаги хориж тажрибасини ҳам ўргандик. Жумладан, Германия, Голландия ва Швейцарияда бўлиб, энг сўнгги технологиялар ёрдамида омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар фаолияти билан танишдик. Маблағ масаласида эса бизга энг яқин ҳамкоримизга айланган “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Хоразм вилояти минтақавий филиали катта ёрдам берди. Унга керакли ҳужжатлар тақдим этилгач, қисқа муддатда 20 млрд. сўм миқдорида кредит берилди. Саъй-ҳаракатларимиз туфайли Швейцариядан омихта ем ишлаб чиқаришга мўлжалланган махсус линия келтириб ўрнатилди ҳамда замонавий йирик корхона ишга туширилди. Бундан ташқари, 50 га яқин иш ўринлари яратиш имкони ҳам вужудга келди. Демак, шунча оиланинг даромади янада кўпайиб, рўзғорига барака кирди, турмуш фаровонлиги ошди.

Замонавий технологиялар бир маромда ишлай бошлагач, маҳсулот тайёрлаш ҳажми йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Айни пайтда корхонамиз йилига 40 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Табиийки, бундай муваффақиятларга эришишимизда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг муносиб ҳиссаси бор. 

Умуман олганда, банк бизнинг яқин маслаҳатчимиз, яқин ҳамкоримиз, хайрли ишларда мададкоримиз. Мана оддий исботи: “Ўзсаноатқурилишбанк” жамоаси бизни -нафақат йирик миқдорда имтиёзли кредит бериш билан қўллаб-қувватлаяпти, балки ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, молиявий маблағларни бошқаришда маслаҳат бериш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, маҳсулотлар маркетингини ташкил этишда ҳам кўмаклашмоқда.

Фурқат САНАЕВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn