Кон-металлургия саноати: қудратли ишлаб чиқариш, жадал ривожланиш
  • 14 Июль 2016

Кон-металлургия саноати: қудратли ишлаб чиқариш, жадал ривожланиш

Олмалиқ кон-металлургия комбинати бугунги кунда нафақат республикамиз, балки Марказий Осиё минтақасидаги оғир саноатнинг йирик индустриал корхоналаридан бири. У геологик қидирув ишларини олиб бориш, ер усти ва ер ости конларидан маъдан қазиб олиш ҳамда уни бойитиш, олтин саралаш фабрикаларини, металлургия заводларини, йирик энергетика, автомобиль ва темир йўл транспорти тизимларини, қурилиш трести, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган тармоқни, шунингдек, ривожланган инфратузилмалар ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ўзида бирлаштирган ноёб мажмуадир.

Комбинат салкам етмиш йиллик тарихга эга бўлса-да, бироқ унинг Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллардаги зарварақларига битилган ютуқлар алоҳида эътиборни тортади. Чунки айнан шу даврда корхонанинг янгидан туғилгани ва қудратли ишлаб чиқариш субъектига айланганини кузатиш мумкин.

Маълумки, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш йўли собиқ иттифоқнинг парчаланиши, узоқ йиллар давомида ҳукм суриб келган мустаҳкам хўжалик алоқаларининг узилиши туфайли республикамиздаги барча саноат корхонасида бўлгани каби Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятида ҳам қийин кечди. Лекин ўтган давр устувор йўналишларни, аниқ режаларни белгилаш ҳамда шу асосда йирик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, комбинат мутахассислари томонидан илгари -сурилган, бироқ юқори ташкилотлар томонидан муқаддам маъқулланмаган ғояларни рўёбга чиқариш йиллари бўлди. Бунинг яққол мисоли тариқасида қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлигини қайд этиш лозим.

Гап шундаки, мустақиллик йилларигача комбинат раҳбарияти бир неча марта аффинажланган соф олтин ва кумуш олиш таклифи билан чиққан эди. Аммо собиқ иттифоқнинг Рангли металлургия ҳамда Молия министрликлари бунга астойдил тўсқинлик қилди. Уларни бу ерда ташкил этилган шламлар кўринишидаги хом ашёни ишлаб чиқариш схемаси қониқтирар, аффинажлаш ишлари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида амалга оширилишидан эса Марказ кўпроқ манфаатдор эди.

Истиқлолга эришилганидан сўнг комбинатнинг ана шу ташаббуси Президентимиз Ислом Каримов томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада 1991 йилнинг декабрь ойидаёқ олтин ва кумушни аффинажлаш цехи фойдаланишга топширилди. Кейинчалик эса ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулот турларини кўпайтириш, қайта ишланаётган маъданлардан мис, молибден, олтин, кумуш, рух, қўрғошин ҳамда бошқа ноёб ва нодир металлар олишни йўлга қўйиш, мавжуд ускуналарни алмаштирган ҳолда, янги технологияларни жорий қилиш, қисқача айтганда, ишлаб чиқариш, технологик жараёнлар ҳамда иш услубларини такомиллаштириш, энергия тежовчи янги қувватларни ташкил этиш комбинатни молиявий барқарор, мустаҳкам рентабелли корхоналар қаторига киритишнинг ягона йўли эканлигини комбинат мутахассислари англаб етишди. Бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, комбинат ишини барқарорлаштириш, шу жумладан, кон-металлургия соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Ҳукуматимиз томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига мис бойитиш фабрикаси техник жиҳатдан янгиланди. Бу, ўз навбатида, товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини яратган бўлса, корхонани ривожлантиришнинг узоқ муддатли, кўп босқичли дастури ижроси таъминланиши эса “Қалмоққир” конини реконструкция қилиш, мис маъдани қазиб олиш миқдорини 2000 йилдаги 19,5 миллион тоннадан 2015 йилда 32,4 миллион тоннагача етказиш учун шароит туғдирди.

Пировардида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2000 йилда 1611,3 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб, мазкур кўрсаткич 2695,5 миллиард сўмга етди.

Бундан ташқари, автомобиль ва темир йўл транспорти бошқармалари, энергия ҳамда сув таъминоти корхоналари, таъмирлаш-механика заводи, лабораторияларда ҳам сезиларли даражада ўзгаришлар рўёбга чиқарилди.

Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан ички ва ташқи бозорларга юборилаётган маҳсулотларнинг сифати юқори баҳоланмоқда. Халқаро эксперт ташкилотлари томонидан тақдим қилинган “Яхши етказиб берувчи” мақоми ҳамда сертификати фикримиз тасдиғидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1991 йилдан 2015 йилгача бўлган давр мобайнида комбинатда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, янги қувватларни ишга тушириш ҳамда мавжудларини кенгайтириш, шунингдек, ижтимоий-маиший объектларни қуриш мақсадида 2660 миллиард сўмдан ортиқ капитал маблағ ўзлаштирилди. Шунинг эвазига 2016 йилда Жиззах вилоятидаги цемент заводининг йиллик қуввати 760 минг тоннадан 1 миллион тоннага етказилди (бу ерда ишлаб чиқарилаётган оқ цемент республикамизда мутлақ янги маҳсулотдир), йилига 8 минг тонна мис қувурлари ишлаб чиқарадиган Ангрен қувур заводи (2013 йил), таркибида олтин бўлган маъдан қазиб олиш бўйича 80 минг тонна қувватга эга “Қайрағоч” ер ости кони, мис эритиш заводида 500 минг тонна олтингугурт кислотаси ишлаб чиқарувчи янги цех ишга тушди. Шунингдек, кейинги йилларда Олмалиқда 12 минг ўринли замонавий спорт мажмуаси, “Дельфин” аквапарки, Жиззах вилоятида “Истиқлол” болалар соғломлаштириш оромгоҳи, Наманган вилоятида болалар дам олиш ҳамда истироҳат боғи қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Қолаверса, “Олмалиқ КМК” АЖда 2000 йилдан бошлаб маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширишга киришилгани муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, бу ерда 2002 йилдан эътиборан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 348,8 миллиард сўмлик 50 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилингач, 166,9 миллион АҚШ доллари тежаб қолинди. 2016 йилда эса 77,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, 27,2 миллион АҚШ доллари тежаб қолиниши режалаштирилган бўлса, айни пайтда тегирмонлар учун эҳтиёт ҳамда бутловчи қисмлар, экскаватор чўмичлари учун олддеворлар ва тишлар, турли русумдаги насослар учун ускуналар, конвейер роликлари ҳамда импорт ўрнини босувчи бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Корхона маъмурияти ишчи ва мутахассисларни ижтимоий ҳимоялаш, рағбатлантириш, уларнинг унумли меҳнат қилиши ҳамда кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун қулай шароитлар яратиш баробарида, Олмалиқ шаҳридаги соғлиқни сақлаш ва халқ таълими муассасалари биноларини таъмирлаш, реконструкция қилиш, қуриш бўйича улкан ишларни олиб бормоқда, ижтимоий аҳамиятга эга объектларни барпо этиб, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини доимий равишда амалга ошириб келаяпти.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятидаги яна бир муҳим йўналиш, бу — озиқ-овқат дастури ижросига ҳисса қўшиш. Чунончи, 1995 йилда Исроил давлати мутахассислари иштирокида сут-товар фермаси ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 1100 бош соғин сигир парваришланмоқда. Аъло сифатли сут ва сут маҳсулотлари, яъни қаймоқ, сметана, творог ҳамда бошқа неъматлар корхона жамоаси билан биргаликда шаҳар аҳлига етказиб берилаяпти. Бундан ташқари, 41 гектарлик сув ҳавзаларида ҳар йили 40 тоннагача балиқ етиштирилаётир. Ёрдамчи хўжаликда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — сабзавот ва мевалар эса комбинат дўконларига узлуксиз етказиб берилмоқда. Бу борада, табиийки, Олмалиқдаги 3500 тонна, Сурхондарё вилоятидаги 500 тонна сиғимли замонавий мева-сабзавот сақлаш омборлари қўл келаяпти.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда, айниқса, ўз маблағи ҳамда чет эл сармояси иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар муҳим роль ўйнамоқда. Мисол учун, 2006 йилда Буюк Британиянинг “Contessa Ventures LТD” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган “Know-How in Production Process” қўшма корхонасида мис купороси майдаланиб, қайта ишланаётган бўлса, “Жиззах” махсус индустриал зонасида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “AWP” қўшма корхонасида сантехника воситалари, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги “HPC Systems” қўшма корхонасида эса юқори кучланишга чидамли кабеллар ишлаб чиқарилмоқда ва бу маҳсулотлар, асосан, экспортга йўналтирилаяпти.

Истиқболда эса комбинатда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар (рух оксиди ёки рухли белила, рухланган металл листлари ҳамда профилланган тўшамалар, мис листлари ва фольгаси, ўчиргич ҳамда розеткалар учун контактлар) тайёрлаш ва уларнинг турларини кенгайтириш, Шеробод туманида йилига 1,5 миллион тонна цемент ҳамда Олмалиқда 25 минг тоннагача қўрғошин ишлаб чиқарувчи заводларни қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ва “Дальнее” конини ўзлаштириш кўзда тутилган. Мазкур янги ишлаб чиқаришларни ташкил қилишдан мақсад комбинатни янада ривожлантириш билан бирга, аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар бандлигини таъминлашдан иборатдир.

Бунинг учун олтита касб-ҳунар коллежи билан мустаҳкам алоқа ўрнатилганки, пировардида ҳар йили мингдан ортиқ ёш мутахассислар жамоа сафига келиб қўшилмоқда. Айни чоғда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам эътиборда турибди. Мустақиллик йилларида Олмалиқ кон-металлургия комбинати маблағлари эвазига мамлакатимиз ҳамда хориждаги техника университетларини деярли 800 нафар йигит-қиз тугатгани, ҳозирги кунда 110 нафар ёш чет элдаги нуфузли ўқув юртларида таҳсилни давом эттираётгани ана шундан далолат беради.

Қисқаси, Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан руҳланган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 30 мингдан ортиқ меҳнат жамоаси қўлга киритилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, шу тарзда Ўзбекистонимизнинг иқтисодиёти равнақини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Бу эса кутилганидан зиёд самараларни бераётир.

Фурқат МАКСУМОВ,

«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бош муҳандиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn