Илғор тажриба, юксак салоҳият ва мустаҳкам захира
  • 13 Июль 2016

Илғор тажриба, юксак салоҳият ва мустаҳкам захира

Ўзбекистонда юқори сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳамда экспорт қилиш ҳажмини ошириш имконини бермоқда

Кеча Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Мазкур нуфузли анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон сингари қирқдан ортиқ мамлакатларнинг кўплаб компания ва фирмалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари вакиллари, шунингдек, етакчи эксперт ва мутахассислар қатнашмоқда.

Илк бор ўтказилаётган ушбу ярмарка жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатдошлиги ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалиги, хусусан, унинг мева-сабзавотчилик тармоғи ва озиқ-овқат саноатида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар самараларини халқаро ҳамжамият ҳамда чет эллик экспертларга яқиндан таништириш, ташқи бозорларга сархил мева-сабзавотлар, уларни чуқур қайта ишлаш асосида тайёрланган экологик тоза маҳсулотлар чиқариш юзасидан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам бугунги замон талабларига, -халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган, самарали ва шаффоф бозор механизмини шакллантиришдан иборатдир.

Маълумки, Ўзбекистон — қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларидан саналган боғдорчилик, сабзавот-полизчиликни ривожлантиришда кўп йиллик бой тажриба ҳамда юксак илмий-амалий салоҳиятга эга мамлакат. Бу, айниқса, истиқлол йилларида Юртбошимиз ташаббуси билан соҳа истиқболига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли янада яққолроқ намоён бўлиб, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз тўкин-сочинлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш имконини яратмоқда.

Дарҳақиқат, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ республикамиз қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий қилиш, хусусий мулкчиликни шакллантиришга йўналтирилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб берилди. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди.

Гап шундаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, ширкат хўжаликлари негизида мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ташкил этилиб, боғ-роғлар асл соҳибкорларга топширилди. Уларнинг ташаббуси билан жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий ҳамда интенсив технологиялар амалиётга татбиқ қилинаётгани туфайли тармоқда ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам муттасил ўсиб, у файзу барака манбаига айланди. Юртимизда ҳар йили 17 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Маҳсулот тайёрлаш ҳажмининг бу қадар жадал суръатларда ортиши нафақат дала ва боғ неъматларига бўлган ички эҳтиёжни таъминлаш, балки экспорт ҳажмини янада оширишда ҳам қўл келаяпти. Пировардида Ўзбекистон жуда қисқа давр мобайнида ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ҳамда бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳажми бўйича дунёда етакчи 10 та давлатдан бирига айланди. Бошқача айтганда, жаҳоннинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Ташқи бозорда саховатли заминимизда етиштирилган ноз-неъматларга талаб ортаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки серқуёш Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, яъни қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви ўта мазали, истеъмол хусусияти юқори, энг асосийси, инсон саломатлиги учун жуда фойдали мева-сабзавотлар етиштиришга қулай имкониятдир. Шу боис улар таркибида табиий шакар, амино ҳамда органик кислоталар, турли микроэлементлар, озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган биологик моддаларга бойлиги билан ажралиб туради.

Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ана шундай беқиёс хусусиятли маҳсулотларимизни жаҳонга кўз-кўз этиш, янги савдо йўлакларини очиш, экспорт жуғрофиясини янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилаяпти. Сабаби, кўргазма павильонларида маҳсулот етиштирувчилар, қайта ишлаш корхоналари билан савдо компаниялари, дунёга машҳур маркетинг тузилмалари ўртасида барқарор ҳамда узоқ муддатли кооперация алоқаларини ўрнатиш учун зарур барча шарт-шароит яратилган.

— Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик жадал ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади, — дейди Россия Федерациясининг қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари -Сергей Левин. — Юртингизда етиштирилган ноз-неъматларнинг сифати юқорилиги туфайли уларга бизнинг мамлакатимиз бозорларида ҳам талаб катта. Шу боис ўзбекис-тонлик деҳқону фермерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш ҳажмини янада оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Чунки бугунги ярмарка савдо-сармоявий алоқаларни кенгайтиришимиз, янги ҳамкорлар топишимизни таъминлайдиган энг нуфузли тадбир саналади.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартишлар чуқурлаштирилиб, озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонлар босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Президентимизнинг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатга биноан, пахта экиладиган майдонлар қисқартирилиб, ундан бўшаган ерларга сабзавот, полиз, картошка ҳамда бошқа экинлар жойлаштирилмоқдаки, пировардида Ўзбекистонимизнинг ички бозори йил давомида арзон ва сифатли ноз-неъматлар билан тўлдирилиши баробарида, унинг экспорт салоҳияти ҳам тобора юксалиб бораётир.

— Соҳада узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатаётган мутахассис сифатида юртингизда олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолайман, — дейди Халқаро ёнғоқ ва қуруқ мева бўйича кенгаш раҳбари ўринбосари Пино Калкагни. — Чунки мамлакатингизда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, деҳқон ҳамда фермерларга имтиёзлар тақдим этилаяпти. Натижада маҳсулот етиштириш, уни бирламчи ва чуқур қайта ишлаш суръати ошмоқда. Уларнинг мазасига эса таъриф йўқ. Шахсан менга узум жуда ёқди. Уни сархил ҳолда истеъмол қилиш ҳам, қуритилганини тановул этиш ҳам кишига ҳузур бағишлайди. Бу каби жиҳатлар Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини йил сайин кенгайтиришда муҳим омилдир.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, боғбону соҳибкорларнинг фидокорона меҳнати эвазига етиштирилган ноз-неъматларни сақлаш инфратузилмасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилаётгани чет эллик буюртмачиларга йилнинг исталган пайтида сархил ҳамда сифатли маҳсулот етказиб бериш имкониятини яратмоқда. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 та янги совитиш камераси ташкил қилиниб, мавжудлари модернизациялаштирилгач, юртимизда мева-сабзавот сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Пировардида илгари мева-сабзавот маҳсулотлари, асосан, Россия ва қўшни давлатларга сотилган бўлса, сўнгги йилларда Европа ҳамда Осиё мамлакатларига ҳам жўнатилмоқда. Яъни эндиликда Норвегия, Таиланд, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Кипр, Македония, ХХР, АҚШ ва Лотин Америкаси давлатлари харидорлар сафидан жой эгаллади.

Эътиборли жиҳати, ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, 2020 йилгача маҳсулот етиштириш ҳажмини кескин кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бу — мева-сабзавот ҳамда уни қайта ишлаш асосида тайёрланган товарлар экспорти янада ошади, дегани. Табиийки, мазкур жараёнда Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси замонавий бозор механизми вазифасини ўтайди. Негаки, халқаро ярмарка анъанавий равишда ўтказилиб, унинг базасида доимий фаолият юритадиган бизнес майдон яратилиши кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари эса Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси ва “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси расмий веб-сайтларида тизимли асосда мунтазам бериб борилади.

Ярмарканинг очилиш маросимида сўзга чиққан Осиё тараққиёт банкининг Ўзбе-кистондаги ваколатхонаси раҳбари Такео Кониши, Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Оливьер Дюран, Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Катсутоши Фушими ҳамда бошқалар Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ қилинаётган иқтисодий ислоҳотлар, чунончи, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ этиш, мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасини юксак баҳоладилар.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғининг экспорт салоҳияти, буюртмачиларга маҳсулотни кафолатли равишда ҳамда сифатли етказиб бериш учун яратилган замонавий транспорт ва логистика инфратузилмаси билан танишар экан, юртимизда бу жабҳа ҳам тараққий топиб бораётгани, ҳатто ташиш мураккаб бўлган маҳсулотларни сифатли етказиб бериш йўлга қўйилганига ишонч ҳосил қилдилар.

Куннинг иккинчи ярмида ярмарка иштирокчилари эътиборига “Ўзэкспомарказ” мажмуаси павильонларида заминимизда етиштирилган мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари намуналари, шунингдек, кенг ассортиментдаги озиқ-овқат товарлари намо-йиш этилди. Бундан ташқари, улар тармоқ ташкилот ва корхоналари тақдимотлари билан яқиндан танишдилар. Шу тариқа меҳмонлар бир пайтнинг ўзида юртимизнинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган деҳқончилик маданияти, анъаналари, хорижлик ҳамкорлар учун яратилган преференциялардан хабардор бўлдилар.

Чет эллик харидорларга шу ернинг ўзида 2016 йилда етиштирилган ҳўл мева ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузиш, маҳсулотни етказиб бериш масаласини ҳал этишлари учун барча шарт-шароит муҳайё қилингани эса тадбирнинг янада самарали кечишини таъминламоқда.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Сўз — Халқаро ярмарка иштирокчиларига

Эдвардс СТИПРАИС, Латвия ташқи ишлар вазири ўринбосари:

— Бугунги кунда Ўзбекистон сифатли мева-сабзавот етиштириш, уни қайта ишлаш жабҳасида етакчи давлатлар қаторига киради ҳамда бу борада фаол экспортчи ҳисобланади. Юртингизда илк бор ўтказилаётган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси эса нафақат республикангизнинг ушбу йўналишдаги салоҳиятини кенг намойиш этиш, балки ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, ниҳоятда фойдали шартномалар имзолаш учун қулай имкониятдир. Латвиядан ташриф буюрган ишбилармонлар ҳам серқуёш ўлкангизда пишиб етилган сархил неъматлар ҳамда улардан тайёрланадиган экологик тоза маҳсулотларни импорт қилишдан манфаатдор. Боиси, менинг ўзим диёрингиз деҳқонлари томонидан тортиқ этилган қовундан татиб кўрдим ва унинг бетакрор таъми тилимда қолди. Дунёнинг бошқа жойларида бундай ширин полиз маҳсулотлари учрамайди.

 

Евгений ГРИГОРЬЕВ, “Алтайпроект” компаниясининг тижорат бўйича директори (Россия):

— Ўзбекистонда етиштирилган сифатли ҳамда экологик тоза мева, узум ҳамда полиз маҳсулотлари Россияда жуда қадрланади ва истеъмол қилинади. Шунинг учун мамлакатимизда уларга талаб ниҳоятда юқори, импорт даражаси ҳам шунга яраша анча салмоқли. Лекин бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Шу жиҳатдан, ярмарка барчамиз учун қулай майдондир. Бу ерда имзоланадиган шартномалар ҳар икки томон учун фойдали бўлишини ҳисобга олиб, юртингиздан ҳар ойда беш юз минг АҚШ долларилик мева, узум, полиз маҳсулотларини харид этишни режалаштираяпмиз. Павильонларда юртингизнинг ҳар бир вилояти, қатор корхона ҳамда компаниялари учун алоҳида ҳудуд ажратилгани, музокаралар олиб бориш, ниятларимизни амалга оширишимиз учун ҳамма шароит яратилгани, ишончим комилки, ўзбекистонлик ва россиялик ишбилармонларнинг жуда кўплаб келишувларга эришишлари учун кенг йўл очиб беради.

 

Алекс ЮНЬ, “SNPSystem” гуруҳи раҳбари (Жанубий Корея):

— Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда катта ютуқларга эришмоқда. Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ҳамда 44 килограмм узум тўғри келаётгани, мазкур кўрсаткич глобал миқёсда оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган меъёрдан уч баробар кўплиги бунинг тасдиғидир. Ўз навбатида, ушбу диёрда етиштирилган боғ ва сабзавот маҳсулотлари нафақат таъми, кўриниши, балки табиийлиги билан ажралиб туради ҳамда хоҳ осиёлик, хоҳ европалик, хоҳ америкалик бўлсин, ҳар қандай нозиктаъб мижозга манзур келади. Бунда, албатта, вегетация даврида минерал ўғитлар, пестицидлар ва шу каби бошқа воситалар ўрнига органик ўғитлардан фойдаланиб келинаётгани муҳим омил бўлганини биламиз.

Компаниямиз транспорт-логистика жабҳасида фаолият юритади. Шу боис халқаро ярмарка асносида юртингиз ноз-неъматларини дунёнинг турли жойларига етказиб бериш бўйича қатор самарали келишувларга эришишни мақсад қилганмиз.

«Халқ сўзи» мухбири 

Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn