Саноати тараққий топган юрт
  • 12 Июль 2016

Саноати тараққий топган юрт

Мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг қутлуғ йигирма беш йиллик байрами шукуҳи кезиб юрибди. Шундай қувончли дамларда юртдошларимиз бугунги дориламон кунларга, фаровон ҳаётга шукроналар келтириб, буларнинг барчаси улуғ неъмат — истиқлол туфайли эканлигини бот-бот такрорлайдилар.

Дарҳақиқат, мустақиллик ҳеч кимга қарам бўлмасдан, миллий манфаатларимиз, узоқ ва давомли мақсадларимизни кўзлаб яшаш ҳамда меҳнат қилиш имконини берди.

Натижада тарихан жуда қисқа давр мобайнида юқори натижаларга эришдик. Бундай юксалишлар замирида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган ўзига хос ва ноёб тараққиёт йўлимиз — “ўзбек модели” мужассам бўлиб, шу асосда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизнинг барча тармоғи, айниқса, тўқимачилик ҳамда енгил саноат тарихида том маънода янги саҳифа очилди.

Кеча ким эдигу,  бугун ким бўлдик?!

Бугун Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, саноати жадал суръатлар билан ўсиб, -иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлат сифатида тилга олинади. Сабаби, истиқлол йилларида юртимизда саноатнинг ҳамма йўналиши, айниқса, юқори технологияларга асосланган тармоқлар муттасил равишда тараққий топмоқда. Бироқ бундай натижага осонликча эришилгани йўқ. Яқин ўтмишда, аниқроғи, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида Ўзбекистон кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, қолоқ аграр республика эди. Ўша пайтларда етиштирилаётган пахтанинг атиги 7 фоизи ўзимизда, қолган қисми эса бошқа давлатларда қайта -ишланарди. Пировардида асосий фойда пахта хом ашёсини қайта ишлаган мамлакатларга бориб тушарди.

Президентимизнинг куюнчаклик билан айтган қуйидаги сўзлари ўша пайтдаги аянчли вазият ҳақида яққол тасаввур уйғотади кишида: “Пахтани ўзимиз етиштирар эдигу лекин унинг нархи амалда қанча эканини билмас эдик. Уни фақат хом ашё сифатида билардик, холос. Қайта ишланган пахта собиқ Марказга кетар, уни четга сотиш билан ҳам фақат Марказ шуғулланар эди”.

Бугун-чи? Давлатимиз томонидан мазкур тизимни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли у мустақиллик йилларида сифат жиҳатидан бутунлай юқори босқичга чиқди. Бу жараёнда, айтиш мумкинки, соҳага ички инвестициялардан ташқари, катта миқдордаги хорижий сармоялар жалб қилиниб, йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани муҳим омил бўлди. Зеро, кейинги йилларда чет эллик сармоядорлар иштирокида замонавий ускуналар билан жиҳозланган кўплаб тўқувчилик ҳамда тикувчилик корхоналари ишга туширилди.

Эътибор беринг-а, мустақиллик йилларида хорижнинг 2,5 миллиард АҚШ долларидан зиёд инвестицияси ўзлаштирилиб, 200 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Улар Буюк Британия, Германия, Швейцария, Италия, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Ҳиндистон каби давлатлар инвесторлари билан биргаликда амалга оширилгани Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкор сифатида тан олинганининг амалий тасдиғидир. Натижада енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Ҳозирги кунга келиб, -заминимизда етиштирилаётган пахта хом ашёсини қайта ишлаш ҳажми истиқлолнинг дастлабки йилларидагига нисбатан 7 баробар ортиб, 50 фоизга етказилгани бунинг яққол далилидир.

Импортдан экспортга

Яқин ўтмишда Ўзбекистон катта ҳажмда муҳим саноат хом ашёси — пахта толаси етиштириб берса-да, оддий газлама учун ҳам Марказга кўз тикиб ўтирардик. Дўконларга четдан кийим-кечак келадиган бўлса, унинг эшиги яқинига йўлаб бўлмас, рўзғор учун зарур гилам ёки мебель харид қилиш учун эса ойлаб навбат кутишга тўғри келар эди.

Мустақилликка эришилгач, давлатимиз раҳбари томонидан хом ашёни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш, хорижга тайёр ва яримтайёр маҳсулотларни сотиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

Юртбошимиз бу ҳақда тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “Биз бу оғир меросдан халос бўлиш учун бугунги кунда фақат хом ашё эмас, аввало, шу хом ашёдан ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотни хорижга сотиш ва шунинг ҳисобидан, биринчидан, мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотини кўпайтириш, бунинг натижасида эса катта даромад топиш, иккинчидан, ўз юртимизда, ўз Ватанимизда янги иш жойларини ташкил қилиш, ишсизликни кескин камайтириш муаммосини ечишга эриша оламиз.

Агар биз мана шундай замонавий, юксак технологиялар, энг илғор дастгоҳ ва ускуналар билан жиҳозланган корхоналарни қуриб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эришсак, ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, фақатгина пахта хом ашёсидан оладиган соф фойда миқдорини етти-саккиз карра кўпайтириш ва хазинамизни экспорт ҳисобидан қаттиқ валюта билан тўлдириш, ҳаётимизни янада тўқ ва фаровон қилиш имкониятига эга бўламиз.

Бир сўз билан айтганда, енгил саноатимизни, шу жумладан, пахта толасини қайта ишлаш корхоналарини тез суръатлар билан ривожлантириш бизнинг устувор стратегик мақсадларимизни ташкил қилади”.

Ана шу тамойиллар асосида чора-тадбирлар кўрилиб, ҳар йили ўнлаб замонавий қувватлар ишга туширилаяпти. Фақатгина охирги 3 йилда умумий қиймати 575 миллион АҚШ долларилик, экспорт салоҳияти эса 216 миллион АҚШ долларилик 92 та саноат корхонаси фойдаланишга топширилгани бунга яққол мисол бўла олади.

Бу каби таркибий ўзгаришлар самараси ўлароқ, бугун бозорларимизда газламадан тортиб, қишки кийимларгача тўлиб ётибди. Юртдошларимиз уларни танлаб, ўзларига маъқул бичим ҳамда моделдагисини харид қилишади. Тайёрланаётган маҳсулотларга ортиб бораётган талаб ва эҳтиёжга мувофиқ, ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин кўпайтирилаяпти. Мисол учун, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналар йилига 450 минг тонна калава ип, 176 миллион погон метр газлама, 90 минг тонна трикотаж мато, 260 миллион донадан зиёд тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

Юртимизда тайёрланаётган енгил саноат маҳсулотларига хорижда ҳам талаб катта эканлиги, айниқса, қувонарлидир. Чунки ўзбек пахта толасидан ишлаб чиқарилаётган халқ истеъмоли моллари ўзининг табиийлиги, юқори сифати билан ажралиб туради. Шу боис дунё бозорида унга эҳтиёж глобал инқироз даврида ҳам айтарли даражада пасаймади. Аксинча, экспорт ҳажми йил сайин ортиб, истиқлол йилларида 140 баробар ўсди. Бугунги кунда эркаклар, аёллар ва болаларнинг турфа хилдаги либослари, спорт кийимлари, шунингдек, яримтайёр маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди билан дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатларига етказиб берилаяпти.

Умуман олганда, 2015 йил якунлари бўйича экспорт ҳажми 1,1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Маҳсулотларимизни харид қилувчи давлатлар сафига МДҲ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари, Лотин Америкаси давлатлари, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Сингапур, Эрон ва Исроилдан ташқари, Покистон, Грузия, Хорватия, Нигерия каби мамлакатлар ҳам қўшилгани алоҳида эътиборга моликдир.

Янги савдо йўлакларининг очилишида бозор талаби чуқур ўрганилган ҳолда, янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилаётгани яна бир муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, 2016 йилнинг биринчи ярмида 300 та янги турдаги ҳамда 468 та янги ассортиментдаги маҳсулотларни тайёрлаш йўлга қўйилгани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Габардин ва вафель газламалар, сиртига рақамли усулда тасвир туширилган ҳар хил матолар, костюмлар, катталар ҳамда болалар учун шимлар, сочиқлар ва халатлар, чойшаблар, уй-рўзғор тикувчилик буюмлари ана шулар жумласидандир. Уларнинг дастлабки партиялари ҳам экспорт қилина бошлангани эса ташқи бозорда бемалол рақобатга кириша олаётганидан далолат беради.

Истеъмолчилар талабини ўрганиш, экспорт жуғрофиясини кенгайтириш мақсадида -жорий йилнинг ўтган 5 ойида “Узтекс”, “Осборн текстиль”, “Текстиль Милл Тошкент”, -“Бофанда”, “Орзу текс”, “Аиша Хоум текстиль”, “Пластекс”, “Барчиной”, “Нил-Гранит”, -“Бирюза групп” сингари 90 та енгил саноат корхонаси Германия, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Россия Федерацияси ҳамда Латвия сингари давлатларда ўтказилган халқаро тўқимачилик кўргазмаларида қатнашиб, умумий қиймати 200 миллион АҚШ долларилик экспорт шартномаларини имзолашга муваффақ бўлди. Шулардан келиб чиқиб, жорий йил якунигача ташқи бозорга умумий қиймати 1,1 миллиард АҚШ долларилик тўқимачилик, тикувчилик-трикотаж маҳсулотларини чиқариш кутилаяпти.

Инвестиция ва манзилли дастурлар

Ишлаб чиқариш кўлами ва экспорт кўрсаткичларининг йил сайин ортишида, айниқса, янги қувватларнинг ҳиссаси катта бўлаётир. Эътиборлиси, улар инвестиция ҳамда манзилли дастурларга биноан, юртимизнинг олис ҳудудларида ишга туширилмоқда. Биргина 2015 йилда ушбу дастурларга киритилган лойиҳалар бўйича 180 миллион АҚШ долларилик инвестициялар ўзлаштирилиб, уларнинг ижросига киришилди.

“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан жорий йилда умумий қиймати 277,7 миллион долларлик яна 32 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, уларни ўз муддатида фойдаланишга топшириш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Бунинг эвазига экспорт салоҳияти 130,6 миллион долларга ошиб, 5 минг 440 та иш ўрни яратилади. Мазкур замонавий ишлаб чиқариш субъектларининг аксарияти чет эл сармояси иштирокида бунёд этилаётгани таҳсинга лойиқ.

Маълумки, хориж инвестицияси иқтисодиёти ривожланаётган, тадбиркорлик ҳаракати давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган, ишбилармонлар манфаатлари миллий қонунчиликда ўз аксини топган давлатларгагина йўналтирилади. Ўзбекистонда ана шундай шарт-шароит — қулай инвестициявий муҳитнинг мавжудлиги дунё тўқимачилик саноати етакчиларини ўзига жалб қилаяпти. Натижада “ДЭУ интернейшнл”, “Young One Corporation”, “Кайтек”, “TMS.Co”, “Даишин текстиль”, “Шиндонг Энерком”, “Байтекс тижарет”, “Бо групп”, “Алким текстиль”, “Вайрекс”, “Осборн трейдинг”, “Сантекс Иплик”, “Ритер”, “Indorama Industries Pte.Ltd”, “Verigrow Pte.Ltd” ва “Тойота Цусё” каби жаҳонга машҳур компаниялар ҳамда молиявий тузилмалар ҳамкорлигида пахта хом ашёсини чуқур қайта ишловчи юзлаб қўшма ва хорижий корхоналарга асос солинди. Уларнинг аксарияти, аниқроғи, 280 та корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми хорижлик буюртмачиларга етказиб берилаётгани Ўзбекистон тўқимачилик ҳамда енгил саноатидаги жадал ривожланиш суръатларини яққол намоён этмоқда.

Бу борадаги ишлар кўлами келгусида янада кенгаяди. Чунки Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган дастур хорижлик инвесторларда катта қизиқиш уйғотаётир.

Гап шундаки, унинг доирасида беш йил мобайнида умумий қиймати 918 миллион АҚШ долларилик 80 га яқин инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, енгил саноатда экспорт ҳажмини 1,8 баробар оширишга мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Янги тармоқ истиқболи

Қайси соҳа бўлмасин, ҳеч шубҳасиз, унинг истиқболини замонавий технологиялар, юқори унумли ускуналарсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса, тўқимачилик саноатида корхоналарни мунтазам равишда техник ҳамда технологик жиҳатдан модернизация этмасдан туриб, жаҳон бозорига рақобатдош маҳсулот чиқаришнинг иложи йўқ.

Юртимизда масаланинг ана шу жиҳати инобатга олиниб, тўқимачилик машинасозлигини ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида қаралаётир. Президентимизнинг 2011 йил 21 февралдаги замонавий тўқимачилик асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича чора-тадбирларга доир қарори бунда дастуриламал бўлмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Rieter Uzbekistan” корхонасининг ташкил қилинишида мазкур ҳужжат ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу йирик лойиҳа Швейцариянинг жаҳон бозорида тўқимачилик машиналари ва асбоб-ускуналари етказиб берувчи “Rieter AG” компанияси ҳамкорлигида рўёбга чиқарилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 222 йиллик тарихга эга мазкур компаниянинг Германия, Чехия, Хитой, Ҳиндистон каби давлатларда заводи очилган. Улар сафига бешинчи бўлиб қўшилган Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилган лойиҳа энг истиқболли, деб баҳоланмоқда. Айрим мутахассислар эса компания келажагини ҳам бевосита ушбу янги ишлаб чиқариш объекти билан боғлаётгани кишида фахру ифтихор ҳиссини уйғотади, албатта.

Корхонада дастлабки босқич доирасида тараш ҳамда пилталаш машиналари ишлаб чиқариш ўзлаштирилган бўлса, орадан кўп вақт ўтмай, ҳалқали ип йигириш машиналари тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиб, буюртмачиларга етказиб берила бошланди. Бу тўқимачилик машиналарининг сифат кўрсаткичлари жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Шунинг учун буюртмачилар сафи тобора кенгайиб, Ўзбекистон тўқимачилик машинасозлигида ҳам шуҳрат қозонаяпти.

Мамлакатимизда пухта ўйланган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши енгил саноат тармоғининг жадал ривожланишида намоён бўлиб, иқтисодиётимиз тобора мустаҳкамланишини таъминламоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугун бир фикрни ҳеч иккиланмасдан, тўла ишонч билан айтишимиз мумкин: Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хом ашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий саноат тармоғига эга бўлган, жадал тараққий этаётган мамлакатга айланди”.

Дилбар МУҲАМЕДОВА,

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти

бош бошқармаси бошлиғи.

 

 

ЭЪТИРОФ

Р.  БАТЛЕР,  “Cotton Outlook”  халқаро ахборот агентлигининг бошқарувчи директори: 

— Ўзбекистонда етиштирилган пахта ҳосилини қайта ишлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда кейинги йилларда кўплаб замонавий тўқимачилик корхоналари барпо этилиб, хом ашёни қайта ишлаш коэффициенти муттасил равишда ошиб бораётир. Айниқса, серқуёш ўлкангизда юқори навли, саноатбоп пахта етиштири-лаётгани, малакали ходимлар мавжудлиги ва бизнес юритиш учун кенг кўламли имтиёз ҳамда преференциялар яратилгани Ўзбекистонни инвестиция киритиш учун истиқболли мамлакат сифатида намоён этаяпти.

 

К.  ШИНДЛЕР, Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси бош директори:

— Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Соҳага инвестициялар жалб қилинаётгани, ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланаётгани, юқори қўшимча қийматга эга товарлар экспорти ҳажми ошаётгани бунда муҳим омил бўлаётир. Натижада тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган кўплаб янги корхоналар очилаяпти.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn