Юртимиз мева-сабзавотига дунё харидор
  • 09 Июль 2016

Юртимиз мева-сабзавотига дунё харидор

Президентимизнинг  2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 12 — 16 июль кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро анжуманлар, конференция ҳамда учрашувлар ўтказиладиган қулай бизнес марказига айланаяпти. Уларда иштирок этаётган нуфузли халқаро компаниялар раҳбарлари, олимлар, эксперт ва мутахассислар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини юксак баҳолаб, илғор тажрибамизни ўрганиш, савдо-сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилмоқдалар. Шу маънода, мазкур ярмарка хорижий компаниялар учун юртимизда 2016 йилда етиштирилган ҳўл мева ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузиш учун қулай имкониятдир. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли дунёдаги энг мазали ҳамда энг фойдали мева-сабзавотлар фақат бизнинг минтақамизда етиштирилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, яъни мамлакатимизда қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви юқори сифатли мева-сабзавот етиштириш учун айни муддаодир. Халқаро экспертларнинг хулосалари ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Гап шундаки, олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, саховатли заминимизда етиштирилган мева-сабзавотлар таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ҳамда озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам юртимиз деҳқон ва соҳибкорлари етиштирган мева-сабзавот, узум ҳамда полиз маҳсулотлари ташқи бозорда харидоргир.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда аграр секторни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар кутилган самараларни бермоқда. Маҳсулот етиштириш ҳажми тобора ортиб, бу нафақат дала ва боғ неъматларига бўлган ички эҳтиёжни таъминлаш, балки экспорт ҳажмини янада оширишда қўл келди. Бинобарин, Ўзбекистон жуда қисқа давр ичида ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ҳамда бошқа кўплаб мева ва сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича дунёдаги етакчи ўнта давлат қаторига кирди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида хом ашёни чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани экспорт жуғрофияси кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Пировардида илгари мева-сабзавот маҳсулотлари, асосан, Россия ҳамда Қозоғистонга сотилган бўлса, эндиликда Европа ва Осиё давлатларига ҳам жўнатилаяпти. Норвегия, Таиланд, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Кипр, Македония, ХХР, АҚШ ҳамда Лотин Америкаси давлатлари маҳсулотимизни импорт қилувчилар сафидан жой эгаллади.

Бугунги кунда ушбу йўналишда 2020 йилгача маҳсулот етиштириш ҳажмини кескин кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу мева-сабзавот ва уни қайта ишлаш асосида тайёрланган товарлар экспортини янада кенгайтириш, янги савдо йўлакларини очишга асос яратади. Мазкур жараёнда Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси замонавий бозор механизми вазифасини ўтаб, деҳқон ҳамда фермерлар билан хом ашёни қайта ишловчилар ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш, чет эл компаниялари билан савдо-сармоявий ҳамкорликни ўрнатишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ташкилотчиларнинг айтишича, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 1 июндаги “Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил қилиш ва ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасига пухта тайёргарлик кўрилди. Хусусан, ҳўл мева ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига ихтисослаштирилган “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компаниясида ярмарка дирекцияси фаолият юритмоқда. У замонавий менежмент ва маркетинг услубларини чуқур биладиган юқори малакали мутахассислар билан таъминланди.

Мева-сабзавот етиштириш, уни сифатли сақлаш, чуқур қайта ишлаш ҳамда етказиб бериш тизими вакилларининг барчаси бир жойда жам бўлиши  ярмарканинг ҳар томонлама самарали ўтишининг далолатидир. Шу боис ҳам унинг доирасида хорижий компаниялар билан кўплаб шартномалар имзоланиши, келишув ва битимларга эришилиши кутилаяпти. Нега -деганда, ушбу форум давомида соҳага доир кўплаб бўлимлар ташкил этилади. Улардан бирида чет эллик мутахассислар Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар фаолияти билан яқиндан танишса, бошқасида мазкур тармоқда иш юритадиган тадбиркорлар, қайта ишлаш корхоналари ҳамда хорижий компаниялар ўртасида узоқ муддатга мўлжалланган, истиқболли ва ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш учун зарур барча шарт-шароит яратилади. Шунингдек, тадбир доирасида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатининг инвестициявий салоҳияти бўйича тақдимотлар ўтказилиши ҳам режалаштирилмоқда.

Қувонарлиси, ҳозирданоқ ушбу йирик анжуманга юртимизда ҳам, хорижда ҳам катта қизиқиш кузатилаяпти. Унда ўттиздан ортиқ давлатдан ишбилармонлар ўз иштирокларини тасдиқлашган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки илк бор ўтказилаётган ярмарка чет эллик ҳамкорлар учун тотли ва ширин мева-чевалари билан дунёда довруқ қозонган Ўзбекистон боғдорчилиги билан яқиндан танишиш,  ўзбек соҳибкорлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш учун қулай фурсатдир.

Келгусида бу борада доимий фаолият юритадиган мана шундай бизнес майдони такомиллаштирилиб, унинг базасида халқаро ярмаркалар ўтказиш анъанага айлантирилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари эса Халқаро ярмарка дирекцияси ҳамда “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси расмий веб-сайтларида тизимли асосда бериб борилади.

Буларнинг барчаси соҳада чет эллик инвесторлар иштирокида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт салоҳиятини янада юксалтиришда янги уфқларни очиши муқаррар.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn