Сифат ва суръат уйғунлиги
  • 30 Июнь 2016

Сифат ва суръат уйғунлиги

Иқтисодиётимизнинг турли тармоқлари ривожида хотин-қизларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Хусусан, биргина енгил саноат тизимида меҳнат қилаётган қўлигул опа-сингилларимиз саъй-ҳаракати билан тайёрланаётган кўркам дизайндаги либослар, бежирим тўқимачилик маҳсулотлари нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам харидоргир.

Зарафшон шаҳридаги “Агама” фабрикаси фаолияти билан танишиб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин. Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли мазкур -корхона жамоаси, асосан, хотин-қизлардан таркиб топган. Улар томонидан тикилаётган махсус иш кийимлари ва трикотаж маҳсулотлари буюртмачилари сафи эса кун сайин -кенгайиб бормоқда. 

— Ҳозир ишчи-мутахассисларимизнинг 300 нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил этади, — дейди фабрика бош технологи Галина Пирошкова. — Муҳими, товарларимиз -сифати турдош ишлаб чиқарувчиларникидан асло қолишмайди.

Шу ўринда айтиш керакки, бу ерда тикилаётган махсус иш кийимларининг сифати юқорилиги боис уларга талаб ниҳоятда катта. Чунки Навоий кон-металлургия комбинати сингари кўп минг сонли гигант корхоналар ишчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг эътирофига сазовор бўлиш осон эмас. Бунга эришиш эса, кўп жиҳатдан, замонавий технологиялар имкониятларига ҳам боғлиқ. Кейинги йилларда корхонада амалга оширилган модернизациялаш тадбирлари ўз самарасини берди. Хусусан, бугун зарафшонлик чеварлар қўлидан чиқаётган маҳсулотлар, айниқса, “Агама” ёрлиғи остида табиий ҳамда сунъий тола аралашмасидан тайёрланаётган кийим-кечаклар бозори -чаққонлиги фабриканинг истиқболидан дарак беради.

Ўтган йили бу ерда олиб борилган катта ҳажмдаги техник ва технологик янгиланишлар туфайли ишлаб чиқариш ҳажми ўсишига эришилди. Масалан, тўқувчилик цехига Япониядан 100 минг евро эвазига замонавий русумдаги тўқув дастгоҳлари келтириб ўрнатилгач, сифат ҳамда самарадорлик ошди. Шунингдек, қўшимча меҳнат ўринлари яратилди. Энди илғор дастгоҳларни ёш мутахассислар моҳирлик билан бошқармоқда.

— Шаҳримиздаги касб-ҳунар коллежини тамомлаб, шу жамоа сафига қўшилдим, — дейди тикувчи Маҳфуза Эргашева. — Қисқа фурсатда, устозларимнинг ёрдами билан чеварлик сир-синоатларини ўргандим. Келгусида маҳоратимни янада ошириш, янги дизайндаги махсус иш кийимлари тикиш ниятидаман.

2015 йили корхона жамоаси томонидан 8 миллиард 371 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланди. 

Фабрикага айни пайтда бошқа ташкилот, идоралардан ҳам буюртмалар келиб тушмоқда. Энг муҳими, цехда асосий эътибор янги андозалар яратишга қаратилаяпти. Бунда Зарифа Абдуалимова, Лобархон Эшимова, Татьяна Цой каби тажрибали -дизайнерлар меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Зотан, уларнинг изланувчанлиги боис тайёрланаётган кийим-бошлар рақобатдошлиги ошаяпти. 

“Агама”нинг яна бир цехида эркаклар ва аёллар учун либослар тикилади. Бу ерда ҳам технологик жараён хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуна ҳамда дастгоҳлар асосида йўлга қўйилган. 

“Агама” жамоасининг режалари катта. Зеро, юртимизда тадбиркорлик равнақига қаратилаётган юксак эътибор бунга мустаҳкам замин яратмоқда.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Муаллиф олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn