Саноатни ривожлантириш, техник ва технологик янгиланиш — давр талаби
  • 17 Июнь 2016

Саноатни ривожлантириш, техник ва технологик янгиланиш — давр талаби

“Йиллар ўтиши билан, олдимизга қўйган буюк мақсадлар сари юришимизда чуқур ва атрофлича ўйланган, халқаро майдонда “ўзбек модели” деб тан олинган демократик ислоҳотлар йўли нақадар тўғри эканини ҳаётимизнинг ўзи оқлаб, исботлаб бермоқда ва бу ҳақиқатга бизга хайрихоҳ бўлмаган мутахассис ва экспертлар, тегишли халқаро институтлар ҳам иқрор бўлмоқда”.

Ислом КАРИМОВ

Бугунги кунда Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланаётган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга мамлакатдир. Давлатимиз раҳбарияти томонидан танлаб олинган тараққиёт стратегияси рақобатдош, экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босувчи, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган бўлиб, у саноатнинг барқарор ва мутаносиб равишда ўсиши ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш асосида унинг етакчи тармоқларини ривожлантиришни кўзда тутади.

Юртимизнинг йигирма беш йиллик мустақил тараққиёти даврида тўпланган тажрибанинг тасдиқлашича, ҳар қандай давлат иқтисодиётининг негизи бўлган саноат интеграция асосида ҳамда жаҳон ҳамжамияти талаблари даражасида равнақ топиши даркор.

Ўзбекистоннинг собиқ тузум даврида суст ривожланган ва деформацияланган иқтисодиёти олдида турган мураккаб вазифаларни олдиндан кўра олган Ислом Каримов 1989 йилдаёқ шундай деган эди: “Бу ўринда асосий вазифа — ишлаб чиқарилаётган ва қазиб олинаётган хом ашёни комплекс қайта ишлашда, айтиш мумкинки, чиқиндисиз қайта ишлашда, республиканинг ўзида уни тайёр маҳсулотга айлантиришдадир. Бошқача айтганда, республикада замонавий техника ва технология билан жиҳозланган қудратли қайта ишлаш саноатини бунёд этиш ва шундай қилиб, узлуксиз ўсиб бораётган меҳнат ресурсларини иш билан таъминлаш, республика миллий даромадининг юқори суръатларда ўсишига эришиш ҳамда мамлакатимиздаги ҳар жиҳатдан уйғун ривожланган республикалар даражасига етиб олишдир”.

Шундай қилиб, Ўзбекистон иқтисодиётини жаҳоннинг тез ривожланаётган давлатлари иқтисодиёти даражасига кўтаришдек мақсадни олдига қўйган давлатимиз раҳбари босқичма-босқич ислоҳотлар ўтказишнинг беш тамойилига асосланган, ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос моделини ишлаб чиқди. Маълумки, ёш мустақил республиканинг иқтисодий ривожланиши бўйича танланган ушбу модель бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилди ҳамда “ўзбек модели” дея ном олди.

Кўзда тутилган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши натижасида иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги ва мутаносиблиги таъминланди. Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон Республикаси ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиш даражаси 8 фоиздан зиёдни ташкил қилмоқда. Умуман, мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти деярли 6 баравар, аҳолининг реал даромадлари қарийб 9 баравар ўсди.

Ялпи ички маҳсулотни аҳоли жон бошига нисбатан ҳисоблаганда эса, у 6,9 минг АҚШ долларигача ортди ҳамда Ўзбекис-тоннинг ўртача даражали даромадга эга мамлакатлар қаторига киришига имкон берди.

Ўтиш даврининг мураккаб шароитида иқтисодиётнинг базавий тармоқлари — нефть-газ, олтин қазиб чиқариш, рангли металлургия, кимё ва нефть-кимё саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса давлатимизнинг макроиқтисодий барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мустақиллик даврида Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар туфайли унинг тузилмасини сезиларли даражада диверсификация қилишга эришилди. Автомобилсозлик, шу жумладан, двигатель ҳамда эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, нефть-газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, замонавий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника асбоблари ишлаб чиқариш, фармацевтика ва микробиология, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати ҳамда бошқа бир қатор мутлақо янги тармоқларнинг йўлга қўйилиши бунга замин яратди. Самарқанд шаҳрида автобус ишлаб чиқарувчи “Исузу” (Япония) ва юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи “МАН” (Германия) заводлари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳамда яқиндагина -Устюрт газ-кимё мажмуаси фойдаланишга топширилди, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тўлиқ реконструкция қилинди.

Натижада Ўзбекистон саноатининг тармоқ тузилмасида сезиларли сифат ўзгаришлари рўй берди. Буни қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди: иқтисодий ўсишнинг локомотиви ҳисобланган саноатнинг улуши 35 фоизга яқинни ташкил этади, айни пайтда қишлоқ хўжалигининг улуши босқичма-босқич 18 фоизгача камайди, хизматлар улуши эса 33 фоиздан 47 фоизга кўтарилди. Бундай ўзгаришлар жадал ривожланувчи иқтисодиётларга хосдир.

Ўзбекистоннинг саноати диверсификация қилиниши натижасида унинг экспорт тузилмаси ҳам ўзгариб бормоқда. Агар ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мамлакатимиз экспорти, асосан, пахтадан иборат бўлган ва унинг улуши экспорт умумий ҳажмининг 60 фоизини ташкил қилган бўлса, ҳозирги пайтда четга чиқарилаётган маҳсулотларнинг деярли 80 фоизи қишлоқ хўжалиги техникаси, замонавий қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик буюмлари ҳамда пойабзал, кабель-ўтказгичлар сингари қайта ишлашга асосланган тармоқларнинг маҳсулотларидир.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг индустриал тараққиётида саноат ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш муҳим ўрин эгаллайди. Дастлаб маҳаллийлаштириш дастури 2000 йилиёқ қабул қилинган эди. Ўшандан буён дастур доирасида қиймати 5,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 2600 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилди. Маҳаллийлаштирилган корхоналарда 5 минг турдан ортиқ саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, бу эса йилига 7 миллиард АҚШ долларилик маҳсулот импортининг ўрнини босди, деганидир. Фақат кейинги икки йил ичида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига 97 гуруҳ товарларни импорт қилиш бутунлай тўхтатилди, шунингдек, 306 турдаги маҳсулотни четдан келтириш 2 баравардан зиёд камайди.

Тармоқ ичидаги ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш ҳам ҳар йили ўтказиладиган Халқаро саноат ярмаркаси ҳамда Кооперация биржаси доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш бўйича буюртмаларни жойлаштиришнинг шартномавий тизимини ҳамда ундаги енгилликлар тартибини яратишга олиб келди. Масалан, ўтган йилги ярмаркада жорий йил давомида умумий қиймати 1,9 триллион сўмга тенг бўлган маҳсулотни сотиш бўйича 13,3 мингдан зиёд ёки ундан аввалги ярмарканинг кўрсаткичларига нисбатан 38 фоиздан ортиқ шартномалар имзоланди. Шундан 2,1 триллион сўмлиги илгари импорт қилинган маҳсулотларга тегишлидир. Ҳисоб-китобларга кўра, бу жорий йилда саноат тармоқларини асосий ишлаб чиқариш учун импорт қилишни 637,5 миллион АҚШ долларига қисқартиришни таъминлайди.

Агар мустақилликнинг дастлабки йилларида республикамизда асосий мақсадлар қисқа муддатли истиқболга қаратилган бўлса, айни вақтда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, макроиқтисодий барқарорлик ва фаол тузилмавий янгиланишлар туфайли устувор вазифаларни ўрта ҳамда узоқ муддатларга белгилаб олиш ва амалга ошириш имконияти юзага келди.

Бугунги кунда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган иқтисодий сиёсатнинг бош мақсади мавжуд хом ашё захираларини қайта ишлашнинг давомли занжирини шакллантиришда афзалликларга эга бўлган саноат тармоқларини ривожлантириш, қўшимча қийматли маҳсулотни кўпайтиришга хизмат қиладиган юқори технологияли қайта ишловчи тармоқларни жадал тараққий эттириш учун тежамкор ҳамда инновацион омилларни кучайтириш ҳисобига рақобатдош, барқарор, тузилмавий жиҳатдан мутаносиб иқтисодиётни яратишдан иборатдир.

Ана шу йўналишда кейинги йилларда мамлакатимиз саноатида электротехника жиҳозлари, полиэтилен, полипропилен, машинасозлик ва бошқа соҳалар учун эҳтиёт қисмлар ҳамда бутловчи буюмлар, маиший электротехника жиҳозлари — кир ювиш машиналари, газ плиталари, кондиционерлар, чангюткичлар, яна бир қатор юқори технологияли маҳсулот турларини тайёрлаш ўзлаштирилди. Натижада бугунги кунга келиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 60 фоиздан зиёди мустақиллик йилларида бутунлай янгидан ташкил қилинган тармоқлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда иқтисодиётни янада ислоҳ этиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ҳамда диверсификациялаш бўйича 2020 йилгача мўлжалланган комплекс стратегик дастур қабул қилинган. У бир-бири билан узвий боғлиқ саккизта комплекс дастурни бирлаштирган: хусусий мулкни ишончли муҳофаза этиш, иқтисодиётда унинг улуши ва аҳамиятини ошириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда диверсификациялаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада энергия истеъмоли ҳажмини камайтириш ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этишни таъминлаш.

Шубҳасиз, бундай фаол саноат ҳамда инвестициявий сиёсат мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича доимий иш олиб бориш орқали амалга оширилади.

Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йилларда бизнес юритиш учун энг қулай шароитларни яратган ислоҳотчи давлатлар ўнталигига киритилди. Жаҳон банки экспертларининг эътирофича, Ўзбекистонда бизнесни бошлаш учун сарфланадиган вақт Япониядагига қараганда 1,5 баравар, Германиядагига нисбатан 1,6 баравар, Греция ва Исроилдагига қараганда 2 баравар, Испаниядагига нисбатан 2,2 баравар, Хитойдагига қараганда 4,8 баравар камдир. Кичик бизнесга солиқ юкининг даражаси эса бизнинг юртимизда АҚШ, Канада, Германия, Австрия, Франция, Италия, -Испания, Греция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Беларусь ҳамда бошқа давлатлардагига нисбатан анча паст.

Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити хорижий тадбиркорлар ва сармояларни жалб этиб келмоқда. Бугунги кунда республикамизда 90 дан ортиқ мамлакатнинг хорижий капитали иштирокидаги 4 мингдан зиёд корхона фао-лият юритмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётида ҳар йили ўзлаштирилаётган капитал қўйилмаларнинг 20 фоизини хорижий инвестициялар ҳамда кредитлар ташкил қилади. Йирик хорижий ҳамкорларимиз сирасига “Боинг”, “Хонейвелл”, “Эйрбас”, “МАН”, “Клаас”, “Кнауф”, “Лемкен”, “Нестле”, “Текнип”, АББ, “Максам”, “Исузу”, “Иточу”, “Мицубиси”, “Женерал моторс”, “Хитачи”, “Марубени”, “Хьюндай”, “Самсунг”, “Эл-Жи”, “Лотте кемикал”, “Хуавей”, ЗТЕ, “Си-Эн-Пи-Си”, “Ситик” сингари кўпдан-кўп компанияларни киритиш мумкин.

2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш бўйича дастури (Ишлаб чиқаришда таркибий ўзгаришлар, модернизация ва диверсификацияни таъминлаш бўйича 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури) умумий қиймати 40 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 846 та янгидан бошланадиган инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади. Шу жумладан, 25 миллиард долларлик 70 та лойиҳа нефть-газ кимёси ҳамда кимё саноатига, 9 миллиард долларлик 30 дан ортиқ лойиҳа электр энергетикага, 1 миллиард долларлик 150 та лойиҳа тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноатига, 410 миллион долларлик 300 дан зиёд лойиҳа озиқ-овқат саноатига, 270 миллион долларлик 40 га яқин лойиҳа электр техника саноатига тегишли. Яна саноатнинг турли тармоқларида бошқа бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш режалаштирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Улар хом ашё захираларини 3-4 босқичда чуқур қайта ишлашга қаратилган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш асосида тегишли тармоқларни жадал тараққий топтириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, юртимизда ишлаб чиқаришни чуқур диверсификация қилиш орқали нефть-кимё ва кимё саноати маҳсулотини 3 баравардан ортиққа кўпайтириш, мураккаб полимерлар, олефинлар, синтетик каучук, сунъий тола, хушбўй углеводородлар ҳамда бошқа турдаги юқори технологияли маҳсулотлар, мураккаб минерал ўғитлар, шунингдек, кўплаб соҳаларда талаб этиладиган кимё маҳсулотларининг кенг ассортиментини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун зарур барча имконият мавжуд.

Машинасозлик ҳамда электр техника саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини 3,7 баравар, фармацевтика маҳсулотларини қарийб 10 баравар, озиқ-овқат саноатини 5 баравар, қурилиш материаллари саноатини 4 баравар кўпайтириш учун реал шароитларга эгамиз.

Ушбу дастурларни амалга ошириш қатор инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишда хорижий давлатлар компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун улкан имкониятларни яратади.

Албатта, миллий иқтисодиётимизни тараққий эттиришга туртки берувчи саноат тармоқларини янада такомиллаштириш масалалари бундан кейин ҳам диққат-эътиборда бўлиши табиий. Зеро, бу — давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган, 2030 йилга бориб мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 2 баравар кўпайтириш ҳамда таркибий ўзгартишлар ҳисобига саноатни жадал суръатлар билан ривожлантириб, унинг ЯИМдаги улушини 40 фоизгача етказишдек устувор мақсадга эришишда энг муҳим омиллардандир.

Отабек ШАРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги

бошқармаси бошлиғи.

 

* * *

ЭЪТИРОФ

 

Х. НАКАХАРА, “Mitsubishi Corporation” корпорацияси бошқаруви аъзоси:

— Ўзбекистон — дунёдаги иқтисодиёти жадал равнақ топаётган мамлакатлардан бири. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган бир пайтда мамлакат макроиқтисодий ўсишнинг юқори суръатларига эришаётгани узоқ муддатга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғри танланганининг яна бир тасдиғидир.

Республикада бизнес фаолиятни йўлга қўйиш ва юритиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган тизимли ишлар иқтисодий ривожланишнинг муҳим омиллари ҳисобланади. Пировардида миллий иқтисодиётга йўналтирилаётган хорижий капитал қўйилмалари ҳажми йилдан-йилга ошиб бораяпти, дунё бозорида рақобатдош бўлган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналар сони кўпаймоқда.

Ўзбекистонда саноатни модернизация қилиш, унга замонавий технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодиётнинг барқарор ўсишини узоқ истиқболда ҳам таъминлаш имконини беради.

 

А. КОСТЕНК, Бельгиянинг “Audiofocus” электр жиҳозлари компанияси савдо ишлари бўйича директори:

— Глобал молиявий-иқтисодий инқироз таъсирида кўплаб давлатлар иқтисодиётида пасайиш ҳолати давом этаяпти. Мана шундай шароитда Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари нафақат у ердаги иқтисодий ва молия-банк тизимидаги барқарорликдан далолат беради, балки мамлакатда сўнгги йилларда қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрилиги ҳамда ҳаётга ўз вақтида татбиқ этилганини кўрсатади.

Республикада банк тизимининг муваффақиятли ислоҳ этилиши ва либераллаштирилиши Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш бўйича “Бизнес юритиш — 2016” (“Doing Business — 2016”) йиллик ҳисоботида ҳам ўз ифодасини топди. Унга кўра, охирги уч йилда Ўзбекистон рейтинги кредитлаш шароитлари бўйича бирданига 113 поғона кўтарилди. Яъни 154-ўриндан 42-ўринга юқорилади.

Бинобарин, мазкур мамлакат инвестиция киритиш учун минтақадаги энг қулай ҳудуд, юқори қўшимча қийматга эга тайёр экспортбоп маҳсулотларнинг кўплаб турларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёдаги истиқболли бозор ҳисобланади.

 

Р. ВАСДЕВ, Ҳиндистоннинг Харьяна штати Савдо-саноат палатаси президенти:

— Ҳар қандай мамлакат ҳам миллий иқтисодиётни ривожлантириш бўйича Ўзбекистондек ҳайратланарли натижаларни қўлга кирита олмайди. Фикримни нуфузли Жаҳон иқтисодий форуми рейтинги ҳам тасдиқлайди. Зеро, унга мувофиқ, 2014-2015 йиллар якунлари ва 2016-2017 йиллар прогнози бўйича Ўзбекистон дунёдаги иқтисодиёти энг тез ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди.

Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш ўсиши жадал суръатларда давом этмоқда. Унинг ЯИМни шакллантиришдаги улуши эса Европадаги ўртача даражага деярли яқинлашиб қолди.

 

Ю. АБДУЛЛАЕВ, Озарбайжон экспорт ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш фонди вице-президенти:

— Ўзбекистоннинг истиқболли бозори билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга инсон сифатида айтишим мумкинки, республикада чет эллик сармоядорлар учун ажойиб имкониятлар яратилган. Яқин ва узоқ хорижга маҳсулотлар экспорт қилиш учун пухта инфратузилма яратилган. Мамлакат минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан энг кўп диверсификацияланган ҳамда гуллаб-яшнаётган саноатга эга. Ўзбекистонда бой хом ашё базаси ва юқори малакали кадрлар мавжуд эканлиги билан бир қаторда, сиёсий ҳамда макроиқтисодий барқарорлик мустаҳкам қарор топган. Бу эса давлатнинг янада тараққий топишини таъминлайди. Қувонарлиси, республика раҳбарияти томонидан ўз вақтида қабул қилинган Инқирозга қарши чоралар дастури жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини минималлаштириш имконини берди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn