Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланмоқда
  • 02 Июнь 2016

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланмоқда

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида Корея Республикасининг “Lotte Mart” компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳада изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарлари учрашувларида -эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

“Lotte Mart” компанияси озиқ-овқат, кийим-кечак, электр техникаси каби кенг турдаги маҳсулотлар савдоси ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Учрашувда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболига оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. 

Жанубий кореялик ишбилармонларга мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти, Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, тўқимачилик ҳамда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мазкур соҳаларга сармоя киритиш истиқболлари, қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида -маълумот берилди. 

Меҳмонлар тўқимачилик, боғдорчилик, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат соҳаларида фаол иш юритаётган бир қатор корхоналар ҳамда фермер хўжаликларида бўлиб, маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш жараёни билан танишди.

— Ўзбекистондаги бир неча тўқимачилик компаниялари фаолияти билан танишиб, ушбу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга, мамлакатингиздан Жанубий Кореяга тўқимачилик маҳсулотлари экспортини янада оширишга келишиб олдик, — деди “Lotte Mart” компаниясининг тўқимачилик саноати бўйича катта менежери Хонг Йен Бин. — Юртингизда ишлаб чиқарилаётган рақобатдош маҳсулотлар, яратилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити, экспортчи корхоналарга берилаётган имтиёзлар эътиборга молик. 

— Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда, — деди Самарқанд шаҳридаги “Bofanda” масъулияти чекланган жамияти директори Азиз Аҳроров. — Маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича келишувларга эришишда бундай учрашувлар жуда қўл келмоқда. “Lotte Mart” компанияси делегацияси билан корхонамизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик -маҳсулотларини Корея Республикасига экспорт қилишга келишиб олдик. 

Учрашувда Ўзбекистондан Корея Республикасига мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиш бўйича ҳам қатор битимлар имзоланди. 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn