Қишлоқ хўжалиги учун илғор технологиялар
  • 01 Июнь 2016

Қишлоқ хўжалиги учун илғор технологиялар

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида агросаноат комплекси учун замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларнинг “Uzbekistan Agrotech Expo — 2016” XI халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарининг “Uzbekistan Agromash  Eхpo — 2016” V халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси иш бошлади.

Ушбу тадбирларнинг очилиш маросимида қайд этилганидек, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барча соҳаси қаторида қишлоқ хўжалигида ҳам юксак самарадорликка эришиш имконини бермоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида республикамизда 53,1 минг тонна сабзавот етиштирилиб, 5,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар ташкил этилгани, 95,1 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилингани бунинг тасдиғидир.

Кўргазмалардан кўзланган мақсад эса қишлоқ хўжалигини замонавий, жаҳон талабларига жавоб берувчи техника ҳамда ускуналар билан таъминлаш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, қайта ишловчилар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

“Uzbekistan Agrotech Expo — 2016” халқаро кўргазмасида маҳаллий корхоналардан ташқари, Австрия, Бельгия, Италия, Германия, Франция, Голландия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Польша сингари дунёнинг 24 давлатидан 170 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар иштирок этмоқда. Улар томонидан намойиш қилинаётган сабзавот, гўшт, сут, боғдорчилик ҳамда узумчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ускуналари, қадоқловчи жиҳозлар, ўсимликларни муҳофаза қилувчи кимёвий препаратлар, ветеринария маҳсулотлари, қоракўлчилик учун ихчам дастгоҳлар ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотаяпти. Уларнинг барчаси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради.

— Корхонамиз ўтган йили ташкил этилган бўлса-да, қисқа муддат ичида кўплаб тадбиркор ҳамда фермерлар билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлдик, — дейди “Барлос Агро” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Музаффар Фаттоҳов. — Чунки биз тайёрлаётган ем майдалагичлар ихчам ва тежамкорлиги боис, айниқса, чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари вакилларига манзур бўлаётир.

Бундан ташқари, фермер ҳамда тадбиркорларга буюртма асосида хориждан замонавий технологиялар ҳам келтириб берамиз. Мазкур кўргазмага ташрифимиздан мақсад эса ҳамкорларимиз сафини янада кенгайтиришдир.

“Uzbekistan Agromash Eхpo — 2016” халқаро кўргазмаси ҳам ҳар қачонгидан қизғин ва самарали ўтишига асослар етарли. Негаки, унда мамлакатимиз агросаноат комплексидаги янги техник ечимлар, шунингдек, жаҳондаги йирик ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш учун ҳамма шароит яратилган. Яъни мазкур тадбирда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан Президентимизнинг 2012 йил 21 майдаги “2012 — 2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ишлаб чиқариш ўзлаштирилган техникалар билан бирга, дунёнинг 10 та давлатидаги 20 дан зиёд етакчи компанияларнинг маҳсулотлари ҳам кенг омма эътиборига ҳавола этилаяпти.

— Юртингиз фермерлари бизнинг қишлоқ хўжалиги техника ва ускуналаримизни яхши билади, — дейди Польшанинг “UNIA” компанияси вакили Сергей Сасункевич. — Чунки мана, бешинчи йилдирки, ушбу кўргазма асносида уларга ўз маҳсулотларимизни тақдим қилаяпмиз. Шу вақт мобайнида кўплаб ишбилармонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлсак, галдаги тадбир ҳам бунинг учун ўзига хос восита бўлишига ишонамиз.

— Корхонамиз жамоаси юртимиз қишлоқ хўжалиги тизимида бино ҳамда иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуриш билан шуғулланади, — дейди “Agro Livestock Constructing” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Миршод Кенжаев. — Бу жараёнда, албатта, қишлоқ мулкдорларининг талаб ҳамда истакларини инобатга оламиз. Ўтган йили шу тарзда бешта фермер хўжалигининг чорвачилик комплексларини фойдаланишга топширдик. Кўргазмада эса инновацион ишланмаларга асосланган янги лойиҳаларимизни таклиф этаяпмиз.

Тадбирларнинг яна бир эътиборли жиҳати, унда республикамизнинг барча ҳудудидан қишлоқ мулкдорлари ва ишбилармонлар иштироки таъминланади. Янгибозор туманидаги “Бектурдиев Машҳурбек” фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Абдуллаевнинг айтишича, бу улар учун жуда катта имкониятдир. Чунки замон билан ҳамнафас, соҳа янгиликларидан хабардор бўлган фермер ҳеч қачон ютқазмайди.

Зарбдор туманидаги “Миллий ширинлик” қандолат цехи бошлиғи Гулсара Умирбоева эса иш бошлаганига эндигина бир йил бўлишига қарамасдан, фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясини харид қилиш ниятида.

Халқаро кўргазмалар соҳа вакиллари учун янги ускуналар билан танишиш, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, алоқаларни янада мустаҳкамлашда ҳам қўл келаётир. Ўтган йилги тадбирларда хорижий компаниялар ва республикамиз тадбиркорлари ўртасида минитехнологиялар, ихчам ускуналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш бўйича умумий қиймати 174,8 миллиард сўмлик 597 та шартнома ва битимлар имзолангани ана шундан далолат беради.

3 июнь куни якунига етадиган кўргазмалар доирасида қатор семинарлар, илғор технологиялар ва замонавий ускуналарнинг тақдимот маросимлари ҳам ўтказилади.

Халқаро кўргазмалар Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Фермерлар кенгаши томонидан ташкил этилди.

Кўргазмаларнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси  Бош вазирининг ўринбосари  У. Розуқулов  сўзга  чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ ва

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn