Аграр соҳа ривожи ва сувдан самарали фойдаланиш истиқболлари
  • 31 Май 2016

Аграр соҳа ривожи ва сувдан самарали фойдаланиш истиқболлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институти вакиллари иштирокида “Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг истиқболли йўналишлари” мавзуида тадбир ўтказилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ер ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини сақлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлар тез суръатларда ривожланишида ҳам муҳим омил бўлаётир. Ўтган йили 12,6 млн. тонна сабзавот ва картошка, 1,9 млн. тонна полиз экинлари маҳсулоти, 1,6 млн. тонна узум, 2,7 млн. тонна мева-чева етиштирилгани бунинг яққол далилидир.

Тадбир иштирокчилари республикамизда сувдан оқилона фойдаланиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратишди. Уларнинг фикрича, мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ва соҳага янги технологиялар жорий этилиши натижасида суғориладиган ерларнинг бир гектарига сарфланадиган сув ҳажмини 42 фоиздан -ортиқроқ қисқартиришга эришилган.

— Муҳокамалар чоғида депутатлар, соҳа мутахассислари томонидан сув ресурсларидан тежамли ҳамда самарали фойдаланишнинг истиқболли йўналишлари хусусида атрофлича фикр алмашилди, — дейди парламент қуйи палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Алишер Махматмуродов. — Шунингдек, бу борадаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди. Албатта, бу қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, сувни тежайдиган замонавий агротехнологиялар ишлаб чиқиш, пировардида аҳолини сифатли мева-сабзавотлар билан узлуксиз таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Тадбирда, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш учун имтиёзли кредит ажратиш тартибини янада соддалаштириш, шу ва бошқа суғориш технологияларини лойиҳалаш, сув тежовчи тизимларни жорий қилиш бўйича давлат дастурини шакллантиришда ҳудудларнинг шарт-шароитларини ҳисобга олиш юзасидан -тавсиялар берилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn