Фармацевтика саноати:Инновация ва экспорт салоҳияти
  • 28 Май 2016

Фармацевтика саноати:Инновация ва экспорт салоҳияти

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жаҳон миқёсидаги улкан синов ва машаққатлар, оғир муаммоларга, глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг давом этаётгани, тайёр маҳсулотлар ҳамда асосан, хом ашё ресурсларига бўлган талабнинг кескин пасайиб бораётганига қарамасдан, юртимизда иқтисодиётнинг изчил ва барқарор ўсиш суръатлари таъминланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Албатта, бу дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” самараларидир.

Ана шундай изчил ислоҳотлар Сирдарё вилояти иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги беқиёс ўзгариш ва янгиланишларда ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда. Муҳими, воҳа ўтган қисқа даврда саноати тобора ривожланаётган ҳудудга айланди. Айни пайтда бу ерда фаолият олиб бораётган қатор ишлаб чиқариш субъектлари ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри хорижий мамлакатларга етказиб бераётгани буни тасдиқлайди. Хусусан, биргина фармацевтика саноати йўналишида рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар Сирдарёнинг иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлаш баробарида, экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилаётир.

— Бундан бир неча йил аввал дорихонадан тиббиёт бинти харид қилиб, унинг ёрлиғидаги “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёзувдан жуда ҳайратлангандим, — дейди Ширин шаҳрилик меҳнат фахрийси Аҳмад Раҳмонбердиев. — Нега дейсизми? Чунки пахта ўз заминимизда етиштирилса-да, бир пайтлар ундан тайёрланган оддий момиқ ёки дока ҳам четдан келтирилганини биз, кекса авлод вакиллари яхши биламиз.

Ўшанда сотувчи қиз ажабланганимни сезди, шекилли, дарҳол изоҳ берди: “Булар ўзимизнинг маҳсулот, Бахт шаҳридаги корхонада тайёрланаяпти”. Рости, жуда қувондим. Мана, истиқлол берган имкон! Бугун оддий гугуртдан тортиб, замонавий автомобилларгача ишлаб чиқарадиган заводларимиз бор. Бундан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. 

Дарҳақиқат, “Бахт текс фарм” — вилоятдаги йирик фармацевтика корхоналаридан бири. Бу ерда пахта толасидан халқаро андозаларга мос 39 турдаги тиббиёт воситалари тайёрланаяпти. Энг илғор технологияларни бошқариш учун беш юздан зиёд мутахассис жалб қилинган. Улар саъй-ҳаракати билан биргина ўтган йилнинг ўзида 16 миллиард 947 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унинг 2 миллион 227 минг АҚШ долларилик қисми хорижга сотилди. 

Қувонарлиси, вилоятда бундай илғор корхоналар талайгина. “Река мед фарм”, “Темур мед фарм”, “Амалий мед фарм”, “Коди фарм”, “Муслима мед фарм” сингари саноат субъектлари шулар жумласидан. Эътиборлиси, уларда тайёрланаётган инфузион эритмалар ва бошқа препаратлар тиббиёт тизимида қўлланиладиган энг зарур дори воситалари сирасига киради. Яъни бу малҳамлардан деярли барча муолажа жараёнларида кенг фойдаланилади.

Гулистон шаҳридаги “Амалий мед фарм” масъулияти чекланган жамиятининг “Галин” препаратлари эса халқаро “ISO-9001” сертификатига сазовор бўлди. Айни пайтда кичик бизнес субъекти юртимиздаги тиббиёт муассасалари ҳамда дорихоналарга йилига 7 миллион флакон миқдорида этил спирти, йод, меновазин ҳамда борат кислотаси етказиб бераётир. Қолаверса, вилоят марказида янги ташкил этилган “Муслима мед фарм” корхонаси жамоаси ҳам худди шу турдаги шифобахш малҳамлар ишлаб чиқаришга киришди.

— Ҳудудимизда тайёрланаётган фармацевтика воситаларининг барчаси импорт ўрнини босувчи маҳсулотлардир, — дейди “Сирдарё дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Равшанов. — Бинобарин, бу препаратлар юқори самарадорликка эгалиги туфайли уларга ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бораяпти. 

Дарвоқе, яқинда Гулистон шаҳридаги “Сарбон текс” корхонасида пахта толасидан тиббиёт бинтлари ва бошқа ашёлар тайёрловчи технологик линиялар ҳаракатга келтирилди. Ҳадемай, дастлабки босқичда 5, келгусида эса 14 турдаги шприц ишлаб чиқарувчи “Гулистон мед техника” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси ҳам фойдаланишга топширилади. Мутахассисларнинг фикрича, 2018 йилга бориб, Испания технологияси асосида фаолият кўрсатувчи ушбу субъект маҳсулотларининг тенг ярми экспортга йўналтирилади.

Эътиборлиси, Сирдарёда фармацевтика саноати жадал равнақ топиши билан уларга ҳамкор корхоналар ҳам пайдо бўлаяпти. Сирдарё туманидаги “Сир универсал ойна” ҳамда “Фарм пласт” ана шулар сирасидан. Дори-дармонлар учун идишлар тайёрлашга ихтисослаштирилган мазкур қувватлар ишга туширилгач, қадоқлаш ашёлари тайёрлаш ҳам тўлиқ маҳаллийлаштирилади. Ўз навбатида, бу, маҳсулот таннархи янада арзонлашишида муҳим омил бўлади. 

Яна бир диққатга молик далил: дори воситалари тайёрлашда, асосан, маҳаллий хом ашёдан фойдаланилаётгани муваффақиятлар кўламини кенгайтираётир. Жумладан, Боёвут туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Sirdarya Licorice Extract” қўшма корхонасида шифобахш ўсимликдан олинаётган экстракт бошқа соҳалар қатори фармацевтика саноатида ҳам кенг қўлланилади. Бинобарин, яқинда “Сирдарё дори-дармон” масъулияти чекланган жамиятида қизил дўлана, тоғрайҳон, жағжағ, кийикўт сингари наботот турларидан фиточойлар ва бошқа дори воситаларини қайта ишлаш ҳамда қадоқлаш йўлга қўйилди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда фан ва техника тараққиётига кенг йўл очилгани, ишлаб чиқариш узлуксиз такомиллаштирилиб, бу жараёнга инновацион технологиялар жадал татбиқ этилаётгани тизим ривожини янги босқичга кўтармоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳам кенг йўл очаётгани билан аҳамиятлидир. 

 

***

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда вилоятда ишлаб чиқарилаётган инфузион эритмалар миқдори республикамиз ички эҳтиёжини тўлиқ таъминлайди. Бунда Сирдарё туманидаги “Река мед фарм” қўшма корхонасининг ҳиссаси, айниқса, катта. Бу ерда ойига 2 миллион дона флаконга 19 номдаги дори қуйилиб, юртимиз ҳамда чет элдаги тиббиёт муассасаларига етказиб берилаяпти. Масалан, сўнгги икки йил давомида жамоа томонидан 637 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 1 миллион долларга етказиш кўзда тутилаяпти.

Шу тумандаги яна бир қўшма корхона —“Темур мед фарм”да амалга оширилаётган техник ва технологик янгиланишлар ҳам эътиборга молик. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъекти доришунослари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб “Флуконазал” инфузион эритмаси тайёрлашни йўлга қўйди. Шунингдек, “Офлаксацин” антибиотигини ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди. 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn