Юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар
  • 25 Май 2016

Юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар

нафақат халқимиз, балки хорижликлар дастурхонига ҳам файз бағишламоқда

Ўзбекистон — серқуёш, замини зар ўлка. Юртимиз тупроғига қадалган ҳар бир ниҳол, албатта, кўкка бўй чўзиб, ўз мевасини беради. Бозорларимиз йил давомида таъми тилни ёрувчи ширин-шакар нозу неъматларга сероб эканлиги, уларнинг довруғи етти иқлимга таралгани фикримиз тасдиғидир. Бу мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб аграр секторда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, миришкор деҳқону фермерларимиз, боғбонларимизга яратиб берилаётган кенг шарт-шароитлар ва қилинаётган заҳматли меҳнат самараси ҳисобланади, албатта.

Президентимиз 2014 йили пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида табиатимизнинг бетакрорлиги, она-заминимизда етиштириладиган ноз-неъматларнинг ўзига хослиги ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “...Жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар фақат бизнинг минтақамизда етиштирилиши мумкин.

Чиндан ҳам, бизнинг меваларимиздан татиб кўрган ҳар қандай одам, ўйлайманки, менинг фикримга қўшилади. Барчамиз ҳам ўз юртимизда етиштириладиган мева-сабзавотларни хуш кўрамиз, албатта. Бироқ, дунёнинг ҳар бир гўшасида ҳам шундай қулай об-ҳаво, иқлим, тупроқ шароитлари мавжуд эмас. Бундан ташқари, бу борада олимлар ҳозиргача аниқ таърифлаб бера олмайдиган кўпгина бошқа бир-бирига боғлиқ омиллар ҳам борки, уларнинг ҳар қайсиси ўзгача таъсирга эга. Бу маҳсулотлар фойдали микроэлементларга жуда бой ва қадимда Ибн Сино турли касалликларни даволаш учун айнан мева ва сабзавотлардан фойдаланган, чунки у замонларда кимёвий дори-дармонлар мавжуд бўлмаган, беморлар табиий воситалар ёрдамида даволанган. Бу эса энг аввало сабзавот, мева, турли гиёҳ ва ўсимликлардир. Бугунги кунда ҳам қишлоқларимиздаги халқ табиблари бундай воситалардан қандай фойдаланиш, баъзи бир хасталикларни қай усулда даволашни яхши биладилар. Мен сизларни бизнинг мева-сабзавотларимизни татиб кўришга таклиф қилар эканман, авваламбор, уларнинг ана шу хусусиятларини назарда тутаман”.

Дарҳақиқат, айнан ўша нуфузли анжуманга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Сильва, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якоб ва бошқа нуфузли меҳмонлар жойларда бўлиб, сархил меваларимиздан татиб, бозорларимиздаги файзу баракани ўз кўзлари билан кўргач, бунга тўла ишонч ҳосил қилишган, ҳайрат ҳамда ҳавасларини изҳор этишган эди. Бу, шубҳасиз, ҳар биримизни чексиз ғурурлантиради.

Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эса жадал давом эттирилмоқда. Хусусан, бу борада ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, жорий йилнинг биринчи чорагида пахта майдонлари 30,5 минг гектар қисқартирилди. Пахтадан бўшаган ерлар ҳисобга олинган ҳолда, асосий экин майдонларига — 172,6 минг гектарга сабзавот, 86,3 минг гектарга картошка ва 26,3 минг гектарга полиз экинлари экилди. 5,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар барпо этилди, 5,7 минг гектар майдондаги боғ ва 3,2 минг гектар токзор реконструкция қилинди, 163 гектар майдонда 4264 иссиқхона ташкил этилди. Бунинг самараси ўлароқ, шу давр ичида 53,1 минг тонна сабзавот етиштирилиб, 95,1 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, -картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади. Чунки мазкур ҳужжатда қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол -бозорининг мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини барқарор қондириш баробарида, уларни ташқи бозорларга сотиш ҳажмини оширишга қаратилган кўплаб устувор вазифалар белгилаб берилди.

— Бундан беш йил аввал 5 гектар майдонда дастлабки интенсив боғимизни яратган эдик, — дейди Янгиқўрғон -туманидаги “Низомиддин Ҳусн Жамол” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Тўрахўжаев. — Ўтган вақт мобайнида ниҳолларни агротехника қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда парваришлаганимиз натижасида учинчи йилдаёқ 5 тонна мева олдик. Ҳозирги кунга келиб, барча дарахтлар ҳосилга кирди. Айни пайтда қатор ораларига ишлов бериб, боғ неъматларини тўла сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилаяпмиз.

Қишлоқ мулкдори 2014 йилда иккинчи интенсив боғни бунёд этиб, яна беш гектар майдонга пакана навли олма ва гилоснинг уч минг тупини жойлаштирди. Дарахтлар тўлиқ ҳосилга киргач, унинг гектаридан 25 — 30 тонна мева йиғиб олиш мумкин.

— Хўжалигимиз кўп тармоқли, ғалла ва сабзавот ҳам етиштирамиз, — дея сўзини давом эттиради фермер. — Унинг маълум қисмини бозорда сотсак, қолганини қайта ишлаш корхонасига топширамиз. Анчадан буён ташқи бозорга чиқишни мўлжаллаб юргандик. Бу ниятимиз амалга ошиши, шубҳасиз. Негаки, Президентимиз қарори асосида ҳокимликларнинг ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича бошқарма ва бўлимлари зиммасига деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари томонидан етиштириладиган мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум ҳажмини аниқлаш, улар томонидан тузилган шартномалар бажарилишини мониторинг қилиш вазифалари юклатилди. Шу боис жорий йилда олманинг ўзидан 45 тонна ҳосил кўтариб, унинг 40 тоннасини экспортга чиқаришни режалаштираяпмиз. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, шу орқали хўжалигимиз 150 минг АҚШ долларидан кўпроқ даромадга эга бўлади.

Қолаверса, бизнес-режамизга мувофиқ, бу йил боғдорчиликдан 300 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни мўлжаллаяпмиз. Унинг 70 миллион сўмдан зиёдини соф фойда ташкил этади. Бу маблағ эса ишчи-ходимларни рағбатлантириш, интенсив боғлар парваришини изчил олиб боришга сарфланади.

Эътиборлиси, хўжаликда ана шундай истиқболли лойиҳалар босқичма-босқич рўёбга чиқарилмоқда. Масалан, бу ерда яқин вақт ичида йилига 600 — 700 тонна мевани илғор технология асосида қуритиш цехи ишга туширилади. Қуёш нурига тўйинган ва сифатли қуритилган меваларнинг ташқи бозорда харидоргирлигини инобатга оладиган бўлсак, фермернинг экспорт салоҳияти янада ортиши турган гап.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда “Ўзтадбиркорэкспорт” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “UzTrade” электрон ташқи савдо майдони эса Ҳусниддин Тўрахўжаев сингари миришкорларга хориж бозорларига янада фаол кириб бориш учун қўшимча имкониятлар яратади. Лойиҳа маслаҳатчиси Муслим Халиловнинг айтишича, янги дастурдан фойдаланиш жуда оддий ва самарали. Мисол учун, электрон савдо майдонига ҳар бир фермер ёки тадбиркор ўз манзилини жойлаштириш орқали маҳсулотларини кенг омма эътиборига ҳавола қилиши мумкин. Шунингдек, мутахассислар уни дунёнинг турли давлатлари ишбилармонларига, йирик савдо марказларига тақдим этади.

Йил бошида ишга туширилган электрон савдо майдончасида ҳозиргача мингдан зиёд -тадбиркор рўйхатдан ўтгани, хорижликлардан 30 га яқин буюртмалар олингани ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Бундан ташқари, “Ўзтадбиркорэкспорт” акциядорлик жамияти ташаббуси билан чет эл мамлакатларида ташкил қилинган еттита қўшма “Савдо уйи” орқали бир йил мобайнида тадбиркорларимизга 1,5 миллиард АҚШ долларилик хизматлар кўрсатилган бўлса, айни пайтда ишлаб чиқарувчиларимиз дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларига 100 дан зиёд турдаги маҳсулотларини экспорт қилаяпти. Буларнинг барчаси қишлоқ мулкдорлари ва тадбиркорларимизнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш билан бирга, иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши, халқимиз турмуши эса фаровон бўлишига пухта замин яратмоқда...

Ўзбекистон қадимдан ўзининг ўрик, шафтоли, олхўри, нок, гилос, анжир, анор, беҳи, узум, помидор, бодринг, пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа кўплаб мева-сабзавотлари, беқиёс мазага эга ҳамда хушбўй ҳидли қовунлари билан маълуму машҳур. Шунинг учун ҳам саховатли заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар юқори нуфузли брендга — товар белгисига айланмоқда. Бугун бу маҳсулотларни сотиб олувчи мамлакатларда улар -юксак рақобатдошлиги билан ажралиб туради.

Айни пишиқчилик бошланган шу кунларда бозорларимизга тушган киши мева-сабзавотларимизнинг нақадар бой, хилма-хил эканига гувоҳ бўлади. Улардан татиб кўрганлар деҳқонларимиз меҳнатига тасанно айтиб, шундай жаннатмонанд, тинч ва осо-йишта юртда фаровон ҳаёт кечираётганликларидан яна бир карра фахр ҳиссини туйишлари аниқ. Ўзбекистонимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиб, ноз-неъматларимизга харидор бўлаётган давлатлар эса дунёдаги энг тотли мевалар, энг сифатли сабзавотлар айнан бизда етиштирилишига тўла ишонч ҳосил қилишлари ҳам -турган гап.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn