Сифатни бошқариш тизимлари
  • 24 Май 2016

Сифатни бошқариш тизимлари

 корхоналарнинг иқтисодий  тараққиётида муҳим омилдир

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Шу боис кейинги йилларда ишбилармонлар фаолиятига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш, уларнинг ишини халқаро андозаларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан уюштирилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, ишлаб чиқариш корхоналарида халқаро стандартлар татбиқ қилиниши тайёрланаётган маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш баробарида, истеъмолчиларни сифатли ва хавфсиз товарлар билан таъминлашда ҳам қўл келади.

— Сўнгги йилларда республикамизда сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари сони 27 тага етказилиб, шундан 8 таси халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди, — дейди агентликнинг Стандартлаштириш, давлат назоратини мувофиқлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи Ҳакимжон Қосимов. — Натижада 2429 та корхона халқаро талаблар асосида сертификатлаштирилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2020 йилга қадар экспорт салоҳиятига эга бўлган яна 2618 та корхонада халқаро стандартлар жорий қилиниши режалаштирилган. Демак, келгусида юртимиз ишбилармонларининг дунё бозорларига чиқиш имконияти янада кенгаяди.

Анжуманда, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга газ, сув ҳамда электр энергияси ҳисоблагичларини давлат қиёсловидан ўтказишда қулайлик яратиш мақсадида Элликқалъа, Чимбой, Шаҳрисабз, Бўстонлиқ туманлари ва Каттақўрғон ҳамда Бекобод шаҳарларида бўлинмалар ташкил этилиб, тегишли ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартибига оид низом ишлаб чиқилгани ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Р. ОТАМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn