Машинасозлик соҳасига илғор ишланмалар
  • 24 Май 2016

Машинасозлик соҳасига илғор ишланмалар

Пойтахтимизда “Машинасозлик техника ва технологияси: ҳолати ва келгуси тараққиёти” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўмагида Тошкент давлат техника университети томонидан ташкил қилинган ушбу тадбирда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилар, илмий-тадқиқот институтлари, ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари, шунингдек, талаба-ёшлар иштирок этди.

Таъкидландики, мамлакатимизда машинасозлик тармоғини ривожлантириш, уларни замонавий технологиялар билан -таъминлаш, муҳандислик-техника йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш, илмий-технологик масалаларни ҳал қилиш, илғор хорижий технологияларни синаб кўриш ҳамда жорий этишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Президентимизнинг 2016 йил 2 майдаги -“Тошкент давлат техника университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Негаки, мазкур ҳужжатда чет мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини ҳамда мамлакат иқтисодиёти талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тегишли муҳандислик-техник ва ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини, илмий-услубий адабиётларни тайёрлаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.

— Тадбирда механика ҳамда машинасозлик йўналишида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, айрим масалалар атрофлича муҳокама этилиши баробарида, истиқболдаги режалар белгилаб олинди, — дейди ТДТУ профессори, техника фанлари доктори Камолхон Каримов. — Айниқса, унда бугунги кунда университетимизда рўёбга чиқарилаётган 20 дан ортиқ фундаментал, амалий ҳамда инновацион лойиҳалар, шунингдек, хўжалик шартномалари асосидаги илмий тадқиқотлар натижалари таҳлил қилингани ўз самарасини беради, албатта.

Анжуманда бундай тадбирларда инновацион ғоялари ва ўз ишланмалари билан фаол иштирок этиб келаётган иқтидорли талаба-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, яқинда пойтахтимизда ўтказилган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, талабалар саноат, экотехнология ҳамда ахборот технологиялари йўналишларида жами 85 та инновацион лойиҳаси билан қатнашди. Шундан 42 таси талабаларга тегишлидир. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) ҳамкорлигида ташкил этилган “Интеллектуал мулк соҳасида энг яхши корхона” танловида ҳам олий ўқув юртининг ёш олимлари совриндор бўлди.

Конференция доирасида уюштирилган шуъба мажлисларида “Машинасозлик тармоқлари муаммолари ва ривожланиш истиқболлари”, “Машинасозликнинг замонавий техника ва технологияси”, “Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш техника ва технологиялари” сингари мавзуларда маърузалар тингланди.

Якунда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn