Барқарор фаолият эътирофи
  • 21 Май 2016

Барқарор фаолият эътирофи

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Марказий банк ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги ва ресурс базасини мустаҳкамлаш — иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омили” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Молия вазирлиги, Марказий банк, Ўзбекистон банклари ассоциацияси мутасаддилари, молия-кредит ташкилотлари мутахассислари, етакчи тижорат банклари раҳбарлари, хорижий молия институтлари ходимлари, иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётнинг барча соҳаси қаторида молия-банк тизимида ҳам улкан ютуқлар қўлга киритилаётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, жорий йилнинг уч ойида Президентимизнинг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан бажарилаётган ишлар натижасида банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,6 фоизни ташкил қилган бўлса, ликвидлиги 64,5 фоизга етказилди. Эътиборлиси, ҳар иккала кўрсаткич ўрнатилган халқаро талаблардан бир неча баробар кўпдир. 

Шунингдек, банклар капитали ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 23,3 фоиз, активлари 25,4 фоиз, иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмалари 26,7 фоиз, молия муассасаларига жалб қилинган депозитлар 30 фоиз кўпайди.

Бундай ижобий фаолият нуфузли халқаро ташкилотлар баҳоларида ҳам ўз аксини топмоқда. Айни пайтда “Standard & Pооr’s”, “Fitch Ratings”, “Mооdy’s” сингари халқаро рейтинг агентликларининг ижобий баҳосига лойиқ кўрилган молия муассасалари сони 2010 йилдаги 15 тадан 26 тага етгани ана шундан далолат беради.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда барқарор банк тизимини шакллантириш, иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг муҳим тармоқларидан бирига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шарт-шароитлар шарофатидир. Шу маънода, айтиш мумкинки, республикамиз банк тизимида ушбу йўналишдаги ишларга бундан кейин ҳам жиддий эътибор қаратилиши, шубҳасиз.

Анжуманда банкларнинг капиталлашув даражаси ҳамда инвестициявий фаоллигини янада ошириш, иқтисодиётнинг реал секторини молиявий қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари, ҳисоботларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни жадаллаштириш масалалари муҳокама этилиб, илмий-амалий тавсиялар қабул қилинди.

Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn