Тежамкор технологиялар — давр талаби
  • 21 Май 2016

Тежамкор технологиялар — давр талаби

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU — 2016” ҳамда “Энергетика — Power Uzbekistan — 2016” халқаро кўргазмалари доирасида “Энергия самарадорлиги ва энергиянинг қайта тикланадиган манбалари — иқтисодиётни барқарор ривожлантириш асоси” мавзуида анжуман ташкил этилди.

Унда иқтисодиёт тармоқлари корхоналари раҳбарлари, олимлар, халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ўртача 8 фоиз ўсиб, иқтисодиётимизда барқарор ривожланиш жараёни кузатилаётгани, бунда 2015 — 2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий қилишга мўлжалланган дастур асосида кўрилаётган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. Чунки ушбу дастурда технологик жараёнларни муқобиллаштириш орқали саноат ва ижтимоий объектларни модернизациялаш, самарадор энергия ускуналарига асосланган янги ишлаб чиқариш субъектларини ташкил қилиш ҳамда ана шундай жиҳозларни маҳаллий корхоналарда тайёрлашни ўзлаштириш каби бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Айтиш жоизки, айни пайтда юртимизда мазкур йўналишда кўплаб лойиҳалар амалга оширилаяпти. Пировардида жорий йилнинг ўзида 500 миллион кВт/соат электр энергияси ва 150 миллион куб метр табиий газ тежалиши кутилмоқда. Иқтисодиётнинг асосий тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш туфайли эса йилига 250,1 миллион кВт/соат электр қуввати, 3 миллион куб метр табиий газ ҳамда 20,1 Гкал иссиқлик энергияси иқтисод қилинади.

Бундан ташқари, Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида бажарилаётган юмушлар ҳам диққатга сазовордир. Жумладан, ушбу лойиҳага биноан, иқтисодиётимизнинг нефть-газ, кон-металлургия, кимё, қурилиш, қайта ишлаш каби 30 дан ортиқ соҳаларида 80 дан зиёд лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётир. Бу ҳам саноат корхоналарида йилига 

540 миллион кВт/соат электр энергияси ва 252 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Тадбирда мазкур йўналишдаги бошқа лойиҳалар бўйича ҳам батафсил маълумот тақдим этилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn