Нефть-газ соҳасининг йирик форуми
  • 19 Май 2016

Нефть-газ соҳасининг йирик форуми

“Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU — 2016” халқаро кўргазмаси очилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил қилинди.

Халқаро кўргазманинг иш бошлаши муносабати билан ўтказилган маросимда таъкидланганидек, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизнинг барча соҳаси қаторида нефть-газ саноати ҳам жадал ривожланмоқда. Бунда мазкур анъанавий тадбирда иштирок этувчилар сони йил сайин кўпайиб, улар томонидан жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми тобора ортиб бораётгани ҳам алоҳида ўрин тутаяпти. Мисол учун, “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU” халқаро кўргазмаси бу гал йигирманчи бор ўтказилаётир. Ўтган давр мобайнида унда 50 дан ортиқ давлатларнинг 

2 мингдан зиёд компаниялари вакиллари қатнашиб, 100 минг нафардан кўпроқ киши ташриф буюрди. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан юртимиздаги Бухоро нефтни қайта ишлаш ҳамда Муборак газни қайта ишлаш заводлари  энг йирик ишлаб чиқариш субъектлари, деб эътироф этилаётган бўлса, Устюрт кенгликларида амалга оширилаётган ишлар эса инновацион лойиҳалар сифатида тан олинаяпти.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлашга қаратилган ишларни босқичма-босқич рўёбга чиқариш учун етарлича ҳуқуқий асос яратилган. Жумладан, Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий қайта ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, шу давр ичида соҳа равнақига хизмат қилувчи бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши мўлжалланмоқда. Яъни унга кўра, жорий йилда 11 лойиҳа доирасида нефть-газ иншоотлари фойдаланишга топширилса, келгуси йилда 5 та, 2018 йилда 9 та, 2019 йилда эса яна 14 та ана шундай лойиҳа амалиётга татбиқ этилади.

Австрия, Озарбайжон, Болгария, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Италия, Хитой, Польша, Россия, Руминия, АҚШ, Сингапур, Франция, Чехия каби 26 мамлакатнинг 200 дан кўпроқ компаниялари вакиллари қатнашаётган бу йилги халқаро кўргазмада меҳмонлар “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси ҳамда унинг таркибидаги корхоналар стендларида юртимизнинг  юксак салоҳияти билан танишиш баробарида, ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф қилишаяпти.

— Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ҳар томонлама ривожланиб бораётганига мазкур ярмарка асносида яна бир карра амин бўлдик, — дейди Польшанинг “G-Drilling” компанияси вакили Мациек Залубка. — Негаки, бу ерда нефть-газ саноатидаги янгиликлар, ишлаб чиқариш субъектларида олиб борилаётган модернизациялаш тадбирлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун барча шарт-шароит яратилган.

Бурғилаш соҳасида юз йилдан зиёд тажрибага эга компаниямиз дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан ҳамкорликда иш юритади. Мазкур халқаро кўргазмага эса бизнес шерикларимиз сафини ўзбек ишбилармонлари ҳисобига кенгайтириш мақсадида келганмиз.

Эътиборлиси, бу йилги форум нафақат иштирокчилар, балки намойиш этилаётган маҳсулот ёки хизматлар кўлами бўйича ҳам аввалгиларидан алоҳида ажралиб туради. Яъни унда геология, геофизика, нефть ҳамда газ конларини қазиш, маҳсулотларни ташиш, сақлаш ускуналари билан бирга, алоқа, телекоммуникация, хавфсизлик, назорат-ўлчов, лойиҳалаш ва қуриш сингари хизматлар ҳам таклиф этилаяпти.

— Масалан, биз газ-компрессор шохобчалари учун асбоб-ускуналар етказиб бериш ҳамда уларни Италия технологияси асосида ишлатиш билан шуғулланамиз, — дейди “Fornovagas” компанияси вакили Нозим Шермуҳамедов. — Ушбу кўргазмада доимий қатнашаётганимиз боис шу кунгача республикамизнинг турли ҳудудларида -автомобилларга газ қуйишга ихтисослаштирилган бешта шохобчани қуриб бердик.

“Ўзбекистон нефть ва гази — OGU — 2016” халқаро кўргазмаси доирасида, шунингдек, “Ўзбекистон нефть-газ тармоғи: технологиялар, инвестициялар ҳамда ривожланиш” мавзуида халқаро конференция ҳам ўтказилиб, унда юртимиз нефть-газ саноати ўсиши, углеводород базасини кенгайтириш, нефть ва газ конларини қидириш ҳамда қазиб чиқариш самарадорлиги, инвестициявий салоҳият, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш каби мавзуларда маърузалар тингланади.

Бундан ташқари, форум асносида “Uz-Prista Recycling” Ўзбекистон — Болгария қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари F. Ибрагимов, Болгария Республикаси Бош вазири Б. Борисов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn