Миллий маҳсулотларимиз юксак эътироф этилаяпти
  • 19 Май 2016

Миллий маҳсулотларимиз юксак эътироф этилаяпти

Пойтахтимизда “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” V халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир Ўзбек-чармпойабзали” уюшмаси томонидан ташкил этилди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоғи, хусусан, енгил саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш, замонавий технологиялар билан жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани кўргазманинг очилиш маросимида алоҳида эътироф этилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2000 йил 23 февралдаги “Республика иқтисодиётининг чарм-пойабзал тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ҳамда турини ошириш, янги корхоналарни очиш, уларнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришдек эзгу мақсадларга -хизмат қилаётгани таъкидланди.

Мисол учун, 2014 йили юртимизда 40 дан ортиқ янги корхона ташкил этилиб, 60 га яқини модернизация қилинган бўлса, ўтган йили соҳани ривожлантиришга қаратилган 163 та лойиҳа амалиётга татбиқ этилиши натижасида 207 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилгани ҳолда, 57 тасида технологик янгиланишлар амалга оширилди. Бунинг учун 154 млн. АҚШ долларилик инвестиция ўзлаштирилди. Пировардида салкам 3100 та иш ўрни очилиб, уларга, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жалб қилинди.

Ўтган йили, шунингдек, 100 млн. АҚШ долларилик маҳсулот экспортга йўналтирилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 190 млн. АҚШ долларига етказиш режалаштирилмоқда.

Бешинчи маротаба ўтказилаётган “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” халқаро кўргазмасида мамлакатимизда фаолият юритаётган 60 дан ортиқ корхоналардан ташқари, Ҳиндистон, Хитой, Россия каби 30 дан зиёд хорижий давлатларнинг субъектлари ҳам қатнашиб, улар томонидан бозор талаблари асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилаётир.

Айтиш жоизки, республикамизда тайёрланаётган чарм маҳсулотлари, уларнинг сифати ҳамда дизайни чет эллик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотаяпти.

— Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор суръатларда ривожланиб, жаҳон бозорида ўз ўрнини топаётган давлатлардан биридир, — дейди Ҳиндистондаги “Aryman Footwear Exports” корхонаси раҳбари Кульдип Сингх. — Хусусан, пойабзал ишлаб чиқариш салоҳияти ортиб бораётгани ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишда қўл келмоқда. Шуни назарда тутиб, биз ҳам ушбу кўргазмада иштирок этиш истагини билдирдик. Ўйлайманки, бу иқтисодий ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишига туртки беради.

Кўргазмада “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар томонидан тайёрланаётган кенг турдаги маҳсулотлар қатнашчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Масалан, “Erkatoy-Bolajon”, “Hamkor Nur Savdo”, “Farg‘ona charm polimer”, “Косонсой ал-Азиз”, “Dambog‘ poyabzali savdo”, “Хўжаобод” сингари корхоналар аёллар, эркаклар, болалар, спорт пойабзали, шунингдек, ортопедик оёқ кийимларини тақдим этаётир. Улар томонидан чарм ва унинг ўрнини босадиган материаллардан тикилган маҳсулотлар — кийим-кечаклар, сумка, камар, спорт инвентарлари, айниқса, иштирокчиларга манзур бўлаётир.

— Корхонамизда 100 хилга яқин болалар, аёллар, эркаклар ҳамда спорт пойабзаллари ишлаб чиқарилаяпти, — дейди Наманган вилоятидаги “Косонсой ал-Азиз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Тошматов. — Бошқача айтганда, йилига 200 минг жуфт ана шундай оёқ кийимларини харидорларга етказиб бераяпмиз. Кўргазмада иштирок этишимиздан мақсад эса, ички ва ташқи бозорга янада фаол кириб бориш ҳамда илғор тажрибаларни ўрганишдир.

Эътиборлиси, ушбу тадбирда оилавий тадбиркорлар ҳам қатнашиб, ўзларининг миллий маҳсулотларини намойиш қилишаётир.

— Корхонамиз ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ, — дейди Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “Malikai Sulton” оилавий корхонасининг савдо бўлими бошлиғи Бекзод Абдуллаев. — Айни пайтда 150 турдан ортиқ аёллар ва эркаклар учун чарм кийим-кечаклар ишлаб чиқараяпмиз. Улар нафақат мамлакатимиз бозорларида сотилмоқда, балки экспорт ҳам қилинаётир. Чунончи, бугунги кунгача Ҳиндистон, Хитой ҳамда бошқа давлатларга умумий қиймати 300 минг АҚШ долларидан кўпроқ маҳсулотларимизни юборишга муваффақ бўлдик.

Пойтахтимиздаги “Hamkor Nur Savdo” компанияси менежери Жамшид Умаровнинг айтишича, бу ерда ишлаб чиқарилаётган чарм маҳсулотларига талаб муттасил ортиб бормоқда. “Ушбу тадбирда эса янги шериклар топишни мўлжаллаб турибмиз”, дейди у.

Анъанага кўра, кўргазма якунида кўплаб шартномалар ва инвестициявий битимлар имзоланиши кўзда тутилган.

Уч кун давом этадиган анжуман доирасида “Энг яхши чарм-атторлик маҳсулотлари”, “Энг яхши пойабзал дизайни”, “Энг яхши стенд” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилади.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов иштирок этди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn