Энергетика тизими: янги технологиялар ва самарали фаолият
  • 18 Май 2016

Энергетика тизими: янги технологиялар ва самарали фаолият

Юртдошларимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.

Шу мақсадда қатор манзилли дастурлар қабул қилиниб, уларда белгиланган вазифалар, чора-тадбирлар изчиллик билан ижро этилмоқда. Бунинг амалий самараси энергетика тизимидаги ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топаётир. Зеро, соҳага илғор ва тежамкор технологиялар жалб қилиниши кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбига кенг йўл очаяпти.

Бунда “Тахиатош иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Мазкур корхона юртимиз Шимоли-ўарбий минтақасидаги минглаб истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга масъул. Бу ерда технологик жараёнлар, асосан, табиий газ ёрдамида амалга оширилади. Захира ёқилғи сифатида эса мазутдан фойдаланиш кўзда тутилган. Жамоа йилига 3 миллиард киловатт соатдан зиёд электр энергияси ҳосил қилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти аҳолисига етказиб бераётир.

— Ахборот-коммуникация технологиялари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келаётган ва саноат тармоқлари изчил ривожланаётган даврда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаб-эҳтиёжи тобора ортиб бормоқда, — дейди акциядорлик жамияти раҳбари Бахт Мадреимов. — Шу аснода ўтган йили 3 миллиард 214 миллион киловатт соат электр токи ишлаб чиқаришга эришдик. Натижада белгиланган режа 107 фоиз -уддаланди. Бунда куз/қиш мавсумида ускуналарнинг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган махсус чора-тадбирлар тўлиқ бажарилгани қўл келди.

Модернизация — муваффақият омили. Шу боис корхона жамоаси самарадор ускуна ва дастгоҳларни амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунончи, бу ерда умумий қиймати 700 миллион АҚШ долларилик, 230 — 250 МВт қувватга эга иккита буғ-газ ускунасини қуриш ишлари босқичма-босқич олиб борилаётир.

— 2014 — 2020 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқарилгач, корхона қуввати 730 МВтдан 920 МВтгача ошади, — дея сўзини давом эттиради Б. Мадреимов. — Бу, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 3 миллиард киловатт-соатдан 4 миллиард киловатт-соатга етади, деганидир. Шу билан бирга, йилига 561,3 миллион кубометр табиий газ, 293 миллион кубометр техник сув тежалади.

Дарҳақиқат, ҳар бир соҳа истиқболи, энг аввало, ходимларнинг фидойилиги, жонкуярлиги ва изланувчанлигига боғлиқ. Зотан, хайрли ташаббуслар, эзгу саъй-ҳаракатлар тараққиётни таъминловчи муҳим омилдир. “Тахиатош иссиқлик электр станцияси” АЖда олиб борилаётган бу каби янгиланишлар эса унинг ҳар бир блокида иш жараёни бир маромда кечишини таъминлаяпти. Бу корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг жорий йилда истеъмолчиларга режада белгиланганидан зиёд электр энергияси етказиб беришдек эзгу мақсадлари тўлиқ рўёбга чиқишидан далолатдир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn