Сифатли ва бежирим
  • 17 Май 2016

Сифатли ва бежирим

мебель жиҳозлари хонадонларимиз кўркига кўрк қўшмоқда

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Бунда Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим дастуриламал бўлаётир.

Хусусан, пойтахтимиздаги “Эл эъзоз мебель” масъулияти чекланган жамияти жамоаси ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятини тобора ривожлантираяпти. Бу ерда тайёрланаётган, уй-рўзғор, идора, ётоқхона, меҳмонхонага мўлжалланган мебеллар ўзининг юқори сифати, ташқи кўркамлиги билан бозордан муқим жой -эгалламоқда.

— Тадбиркорликни бошлаганимизга қарийб йигирма бир йил бўлди, — дейди жамият раҳбари ўринбосари Олимжон Исроилов. — Дастлаб 4 нафар ишчи-ходим билан меҳнат қилган бўлсак, эндиликда уларнинг сони 130 нафарга етиб, маҳсулот тури 100 дан ошиб кетди.

Ишлаб чиқариш жараёнига Италия, Чехия ва Хитойнинг замонавий технологиялари жорий қилингани маҳсулот сифати ҳамда экспорт салоҳиятимизни юксалтиришда қўл келмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, 2015 йилда уч миллиард сўмлик, жорий йилнинг ўтган даврида эса бир миллиард сўмлик мебель жиҳозларини харидорларга етказиб бердик.

Яна бир ютуғимиз шундаки, иш унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш мақсадида хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Дейлик, 2014-2015 йилларда бир гуруҳ чет эллик ишбилармонлар билан мебелсозликда маҳсулотларнинг янги намуналарини яратиш, уларнинг замонавий безакларини ишлаб -чиқариш юзасидан ўзаро тажриба алмашган бўлсак, ходимларимизнинг аксарияти хориж давлатларида ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда мунтазам қатнашиб, янги ғоя ва таклифлар билан қайтишмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, маҳсулотларимиз қайрағоч, қарағай, ёнғоқ ва чинор дарахтидан тайёрланади. Шу боис пишиқ-пухта.

Корхонада ёшларни, айниқса, олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, Тошкент кимё технологиялари институти ва бошқа ўқув даргоҳлари талабалари ҳамда ўқувчилари бу ерда амалиётни ўтаб, “Устоз — шогирд” анъанаси асосида мебелсозликнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштириб, кейинчалик тўлақонли ишчи-мутахассисга айланаяпти. Айни чоғда корхонада меҳнат қилаётган жамоанинг салкам 80 фоизи коллеж битирувчилари эканлиги шундан далолатдир.

Бир қатор танлов ва кўргазмаларда иштирок этиб, “Энг яхши корхона”, “Энг яхши экспортчи корхона”, “Энг яхши ёшларни иш билан таъминлаган корхона”, “Энг яхши мебель ишлаб чиқарувчи корхона” сингари номинациялар совриндори бўлган “Эл эъзоз мебель” масъулияти чекланган жамияти жамоаси келгусида фаолиятини янада кенгайтириш, мебель ҳамда аксессуарларнинг янги турларини яратиш, уларнинг сифатини ошириш, вилоятларда корхона филиалларини очишдек эзгу мақсадлар йўлида -меҳнат қилмоқда.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn