Ҳамкорлик учун қулай имконият
  • 14 Май 2016

Ҳамкорлик учун қулай имконият

Жиззахда ташкил этилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида мазкур тадбир кўлами ҳамда самарадорлиги тобора ортиб бораётгани яққол намоён бўлди. Унда 315 дан зиёд йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари қатнашди.

— Швейцариядаги “Rieter” компаниясининг ускуна ҳамда дастгоҳлари билан таъминланган корхонамиз йилига 6 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга, — дейди “Jizzax kenteks” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона вакили Темур Исматов. — Ўтган йили 5 минг тонна маҳсулот тайёрлаб, унинг тўртдан бир қисмини Европа ва Осиё давлатларига экспорт қилгандик. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 минг тоннага етказмоқчимиз. Йил якунига қадар “Jizzax kenteks” ёрлиғи остида сочиқлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйиш ҳаракати бошланган. Бу лойиҳамиз амалга ошса, икки юзта қўшимча иш ўрни юзага келади.

Кўргазмадан жой олган маҳсулотлар вилоятда электротехника, кимё ва енгил саноат тармоқлари изчил ривожланаётганини яна бир карра тасдиқлади. Ушбу йўналишдаги энг самарали лойиҳалар “Жиззах” махсус индустриал зонасида амалга оширилаётгани эса янада қувонарлидир.

Тадбирда тикув машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Juita Gulshana invest”, тормоз колодка ва накладкалари тайёрловчи “Auto pad systems”, “Jizzax plasteks”, “Жиззах аккумулятор заводи”, “Жиззахпластмасса” ак-циядорлик жамияти, Зомин туманидаги “Тrust electronics” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларига қизиқиш, айниқса, юқори бўлди. Бундан ташқари, “Чирчиқ трансформатор заводи”, “Akfa” масъулияти чекланган жамияти, Самарқанд вилоятидаги “Stekloplastik” масъулияти чекланган жамияти сингари йирик корхоналарнинг иштироки ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг самарали ўтишига хизмат қилди.

— Тадбирда ўн беш турдаги трансформаторларимизни намойиш этдик, — дейди Тошкент вилоятидаги “Чирчиқ трансформатор заводи” акциядорлик жамияти менежери Эрвин Асанов. — Ўтган йили 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришдик. Бир миллиард сўмлик электр жиҳозларини экспорт қилдик. Эндиликда “Ангрен — Поп” ва “Бухоро — Самарқанд” йўналишларидаги темир йўлларни электрлаштириш лойиҳаларида фаол иштирок этиб, йиллик даромадимизни ўттиз миллиард сўмга етказишни мўлжаллаяпмиз. Бугунги саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан 1 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик.

Шу ўринда мана бу рақамларга эътиборингизни қаратсак: ўтган йилги ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 4 миллиард 700 миллион сўмлик ўзаро манфаатли шартномалар имзоланган бўлса, жорий йилда мазкур кўрсаткич 11 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn