Озиқ-овқат саноати: Иқтисодий тараққиётнинг муҳим йўналиши
  • 14 Май 2016

Озиқ-овқат саноати: Иқтисодий тараққиётнинг муҳим йўналиши

Бугунги кунда юртимизда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, хусусан, соҳага ихтисослаштирилган корхоналар сонини ошириш, уларни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, маҳсулотлар турини -кўпайтириш ҳамда хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг “2016 — 2020 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари хом ашё базасини, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.  Чунки мазкур ҳужжат асосида шу давр ичида умумий қиймати 596 миллион АҚШ долларилик 180 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Шундан хорижий сармоялар ва халқаро молия ташкилотлари кредитлари ҳисобига амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилган 74 та лойиҳа учун 163 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Пойтахтимизда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар хусусида сўз юритилди. Жумладан, компаниянинг бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳодир Юнусовнинг айтишича, жорий йилда 428,7 миллион долларлик 108 та лойиҳа бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Бундан ташқари,  Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 35 миллиард сўмлик озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарилиб, уларнинг маълум қисми экспорт қилинади.

Маълумотларга кўра, шу кунгача республикамизда етиштирилган 1 миллион 270 минг тоннадан ортиқ ҳўл мева ва қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ташқи бозорга сотиш бўйича хорижий давлатлар ҳамда тайёрлов корхоналари билан 176 та узоқ ва қисқа муддатли шартномалар тузилган.

Анжуманда, шунингдек, ҳудудларда мева-сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш ҳамда экспорт қилишга мўлжалланган савдо-логистика марказларини ташкил этиш, озиқ-овқат саноатига янги инновацион технологияларни жорий қилиш, -маҳсулотлар сифатини яхшилаш ва ташқи савдо ҳажмини янада ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn