Кооперация алоқалари ривожланмоқда
  • 12 Май 2016

Кооперация алоқалари ривожланмоқда

Наманганда ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, маҳаллийлаштириш ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда ҳудудда 15,7 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётир. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 68,2, саноат маҳсулотларининг 32,5 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келаяпти.

Ана шундай муваффақиятлар намойишига айланган саноат ярмаркасида 260 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 1200 га яқин турдаги товарлар тақдим этилди.

— Бу анъанавий тадбирда илк бор қатнашган бўлсак-да, яхши натижага эришдик, — дейди “Уйчи нотўқима саноат” шуъба корхонаси раҳбари К. Худойбердиев. — Хусусан, дастлабки куннинг ўзидаёқ “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти билан 34,4 миллион сўмлик маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартнома туздик.

Икки кун давом этган биржа савдоларида саноат корхоналари ва истеъмолчилар ўртасида 25,9 миллиард сўмлик 688 та, экспорт йўналишида эса 6,8 миллион АҚШ долларига тенг 2 та келишув битими имзоланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn