Модернизациянинг юксак самараси
  • 12 Май 2016

Модернизациянинг юксак самараси

Пойтахтимизда Навоий кон-металлургия комбинати томонидан “Модернизация — юксак самарадорлик омили” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилганидек, ушбу йирик ишлаб чиқариш субъекти мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, кейинги йилларда 3 ҳамда 4-гидрометаллургия заводлари, Қизилқум фосфорит мажмуи, “Гужумсой”, “Суграли”, “Истиқлол”, “Шимолий Конимех”, “Мойлисой” ва бошқа бир қатор конларда амалга оширилган модернизациялаш тадбирлари комбинат фаолиятида алоҳида аҳамият касб этаётир.

— Бу давлатимиз томонидан амалиётга татбиқ қилинаётган истиқболли лойиҳалар самарасидир, — дейди комбинатнинг Инвестиция департаменти бошлиғи Абдулла Хурсанов. — Масалан, ўтган йили Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 245 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ эвазига 10 та лойиҳа рўёбга чиқарилган бўлса, жорий йилда 182,4 миллион доллар миқдорида сармоялар ўзлаштирилиши ҳисобига яна 20 та лойиҳани амалиётда қўллаш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, Учқудуқ туманидаги олтингугурт кислотасини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона, шунингдек, бошқа қатор объектларга замонавий технологияларни жалб этиш орқали иш унумдорлиги оширилиб, энергия сарфи сезиларли даражада камайтирилади.

Анжуманда корхона фаолиятини янада ривожлантириш, модернизациялаш йўналишларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, истиқболдаги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn