Илм-фан ютуқлари намойиши
  • 12 Май 2016

Илм-фан ютуқлари намойиши

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси иш бошлади.

Мазкур тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида анъанавий тарзда ташкил қилинаётган ярмарка илм-фан ютуқларини амалиётга қўллашда муҳим ўрин тутмоқда. 

Ўтган вақт мобайнида унинг доирасида 3900 га яқин инновацион ғоя ҳамда технологиялар намойиш қилиниб, умумий қиймати 112 миллиард 600 миллион сўмлик 3100 дан ортиқ шартномалар имзолангани ана шундан далолат беради. Энг муҳими, олим ҳамда тадқиқотчиларимизнинг ишланмалари ёрдамида кўплаб янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилиб,  иқтисодиёт тармоқларида юқори самарадорликка эришилаётир.

— Чиндан ҳам, анъанавий ярмарка илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришда жуда қўл келаяпти, — дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик институти доценти Абдушукур Ҳамзаев. — Жумладан, ўтган йилги тадбирда институтимиз томонидан 547 миллион сўмлик шартнома имзоланган бўлса, жорий йилда мазкур кўрсаткични 1 миллиард сўмликка етказишни мўлжаллаб турибмиз. Ўйлайманки, бунга тўлиқ эришамиз. Негаки, тақдим этаётган ишланмаларимизнинг барчаси истиқболли ҳамда самаралидир. Хусусан, картошканинг олимларимиз томонидан яратилган янги “Яроқли — 2010” нави шулардан бири. Ўсиш даври 82 — 84 кун бўлган ушбу навдан йилига икки маротаба — гектар ҳисобига 25 — 32 центнергача ҳосил олиш мумкин. Шу боис у 2011 йилда  давлат реестрига киритилиб, республикамизнинг марказий ва жанубий минтақаларида экишга тавсия қилинди. Айни пайтда кўплаб фермерлар ундан яхши даромад олмоқда. 

— Биз ярмаркада бешта лойиҳа билан қатнашаяпмиз, — дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти тасарруфидаги Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Улуғбек Охунбобоев. — Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорликда яратилган “Хом ипакдан янги турдаги тиббиёт докаси ишлаб чиқиш технологияси” эса илк маротаба  омма эътиборига ҳавола этилмоқда. Айтиш жоизки, бундай маҳсулот ҳозиргача хориждан келтириларди. Эндиликда уни ўзимизда тайёрлаш имконияти мавжуд.

Бундан  ташқари, “Ипакчиликни ривожлантириш концепцияси”, “Халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилган тўқимачилик, ипакчилик ва трикотаж саноати учун давлат стандартлари”, “Янги турдаги поликомпонент калава ипи ва газлама ишлаб чиқариш технологияси”, “Янги турдаги эшилган иплардан ташкил топган креп-горфе газламасининг янги турлари ва уларни ишлаб чиқариш технологияси” каби ишланмаларимиз ҳам ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотишига ишонамиз.

Жорий йилги ярмаркада илмий ишланмалар “Саноат”, “Ахборот технологиялари”, “Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика”, “Қишлоқ хўжалиги” ҳамда “Фан ва таълим” йўналишларида тақдим қилинаётган бўлса, “Экотехнологиялар” ҳамда “Юқори технологиялар” бўлимларидаги маҳсулотлар ҳам замонавийлиги билан бири-биридан қолишмайди.

Шунингдек, ярмаркада ёш олим ва талабалар ўзларининг 72 та ишланмаси билан қатнашаётгани, тадбир асносида улар ўртасида танлов ўтказилиши режалаштирилаётгани диққатга сазовордир.

Маълумки, ҳозирги кунда арзон ҳамда тежамкор, экологик тоза технологияларни амалиётга жорий этиш  давр талабига айланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг изланувчан ёшлари “Маҳаллий хом ашёдан саноат ва маиший фильтрларни тайёрлаш  ҳамда уларни турли соҳаларда қўллашнинг янги технологияси”ни яратишди.

Институт катта ўқитувчиси Лазиз Сатторовнинг айтишича, мазкур қурилма саноат корхоналаридан чиқаётган сувларни тозалашда ишлатилади. У фақат маҳаллий хом ашёдан тайёрлангани боис нархи арзон, сифати эса юқори. Айни пайтда ушбу қурилма Қашқадарё вилоятидаги автомобилларни ювиш шохобчалари ҳамда нефть-газ ва озиқ-овқат саноатидаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида синовдан ўтказилмоқда.

Албатта, бугунги тараққиёт даврини замонавий технологияларсиз тасаввур этиш қийин. Шу маънода, сўнгги йилларда юртимизда мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб,  ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи турли тадбирлар уюштирилаётгани эътиборга моликдир.

Ярмаркада тақдим этилаётган 647 та илмий-техник лойиҳа ҳамда ишланмаларнинг аксарияти импорт ўрнини босувчи ва экспорт учун мўлжалланган маҳсулотлар, шунингдек, серунум техникалар яратишга қаратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Бу эса форумнинг ҳар галгидан фойдали мулоқотларга бой ва самарали кечишидан  далолатдир.

IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ ва

Ҳасан ПАЙДОЕВ

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn