Қулай имкониятлар самараси
  • 11 Май 2016

Қулай имкониятлар самараси

Иқтисодиётни барқарор ривожлантиришда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Шу боис юртимизда ушбу тармоқ ривожига  алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада жойларда замонавий хизматнинг янги турлари жорий қилиниб, шу орқали аҳолига қулайлик яратиш баробарида, унинг бандлиги таъминланмокда.

Бунда Президентимизнинг 2006 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида 2006 — 2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2007 йил 21 майдаги “Ўзбекистон Республикасида 2010 йилгача бўлган даврда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Хусусан, ўтган йили Хоразм вилоятида 747 та хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилиб, 4 минг 155 та иш ўрни яратилди ҳамда уларга, асосан, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган йигит-қизлар жалб қилинди. Пировардида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳажми 13,4 фоиз ортган ҳолда, соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 40 фоизга етди. Айниқса, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бултур 10 фоиз ўсиб, интернет ва “Ziyonet” ахборот порталидан фойдаланувчилар сони 396 мингтадан ортгани диққатга сазовордир.

Бундай ютуқларга эришишда, албатта, тижорат банкларининг салмоқли ҳиссаси бор. Гап шундаки, 2015 йилда улар томонидан 12 миллиард 284 миллион сўм миқдорида кредит йўналтирилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида қарийб 16 миллиард сўмлик сармоя ажратилди. Ана шу маблағлар эса янги хизмат кўрсатиш шохобчаларини бунёд этиш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадларига сарфланмоқда. 

— Урганч шаҳрида чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар учун  32 ўринли меҳмонхона хизматини йўлга қўйишга ҳаракат қилаяпмиз, — дейди тадбиркор Отабек Ҳожиев. — Бунинг учун банк томонидан бизга  850 миллион сўмлик кредит берилди. Тез орада меҳ-монларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсата бошлаймиз. 

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда қишлоқ аҳли ҳам савдо-сотиқ қилиш ёки бошқа хизмат турларидан фойдаланиш учун шаҳарга ёки туман марказига қатнаб овора бўлишмаяпти. Сабаби, эндиликда ҳар бир қишлоқда хизмат кўрсатиш шохобчаларини бирлаштирган гузарлар  барпо этилмоқда.  

Вилоятда, шунингдек, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш даражаси ҳам тобора яхшиланаяпти. Бир йил ичида 55 та “Исузу” автобуси харид қилиниб, шаҳар ва шаҳар ташқарисидаги 136 та, шаҳарлараро ҳамда вилоятлараро 7 та  йўналишда транспорт қатнови йўлга қўйилгани бунинг исботидир. 

Буларнинг барчаси, табиийки, аҳолига қулайлик яратиб, уларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда қўл келаётир.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn