Бухгалтерия ҳисобининг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилди
  • 10 Май 2016

Бухгалтерия ҳисобининг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилди

Бугунги глобаллашув жараёнида жаҳон иқтисодиётида кечаётган салбий тенденциялар ва мавжуд таҳдидларга қарамасдан, мамлакатимизда иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизациялашга йўналтирилган стратегия асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Замонавий корхоналар барпо этилиб, уларда илғор бошқарув усуллари қўлланилаётгани, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратилаётгани бунинг яққол ифодасидир.

Маълумки, акциядорлик жамиятларида молиявий бошқарув ва замонавий менежментнинг янги механизмларини жорий этиш асосида корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш ҳаётий зарурат бўлиб, давлатимиз раҳбари буни устувор вазифа сифатида олдимизга қўйган эди.

Айтиш жоизки, ўтган даврда олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида барча соҳа қатори ҳисоб-китоб тизимида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди, соҳа билан боғлиқ қатор янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди, мавжудлари такомиллаштирилди. Бу борада тўпланган миллий ҳамда хорижий тажриба бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, -юритиш ва ҳисоботларни тузишга доир қонунчиликни янада мукаммаллаштиришни тақозо қилди.

Шу нуқтаи назардан, яқинда кучга кирган янги таҳрирдаги “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни соҳа тараққиётига хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бинобарин, ушбу ҳужжат лойиҳаси устида ишлаш жараёнига тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутасаддилари, иқтисодчи олимлар, ҳуқуқшунослар, жамоатчилик вакиллари кенг жалб этилди. Миллий ва хорижий тажриба чуқур ўрганилгани, қиёсий таҳлил қилингани, жиддий баҳс-мунозара, қизғин муҳокамалар, сиёсий кучларнинг фикр ҳамда таклифлари эътиборга олингани бугунги даврнинг устувор талабларига жавоб берувчи ушбу Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш имконини яратди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда бухгалтерия ҳисобининг мазмуни, асосий мақсади ва вазифалари иқтисодиётдаги замонавий ўзгаришларни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига қўйилаётган янги талабларни ҳисобга олган ҳолда белгиланди.

Чунончи, аввалги Қонунда бухгалтерия хизмати раҳбари фаолиятини тартибга солишга қаратилган аниқ меъёрлар мавжуд бўлмагани боис унинг янги таҳририда бухгалтерия хизмати раҳбари мақомини ва унга қўйиладиган профессионал талабларни аниқловчи янги меъёрлар киритилди. Унда мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия хизмати раҳбарига маълумоти ҳамда иш стажи, шунингдек, малака даражасини ошириш бўйича қўйилган янги талаблар ҳам ўз ифодасини топган.

Қонунда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бухгалтерия ҳисоби соҳасида ички назоратнинг ташкил этилиши ва амалга оширилиши лозимлиги белгиланди. Мазкур назорат-хўжалик операцияларининг тўғри ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, активларнинг бутлигини сақлаш, талон-торож қилиш ҳолларини ва хатоликларни жойида аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича бухгалтерия ҳисоби субъекти ходимлари ўртасида жавобгарлик ҳамда ваколатларни самарали тақсимлаш имкониятини беради.

Яна бир эътиборли жиҳати, бухгалтерлар ўз манфаатлари ва ҳуқуқларини муҳофаза этишга хизмат қилувчи ихтиёрийлик асосида ташкил этиладиган, нодавлат нотижорат ташкилоти бўлган жамоат бирлашмалари тузиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги янги меъёр мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ифодасини топди. Бу эса мамлакатимизда фуқаролик жамияти тобора мустаҳкам ривожланаётганидан далолат беради.

Умуман айтганда, Қонуннинг янги таҳририда бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳамда ташкил қилиш, молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнларида юзага келаётган янги ҳуқуқий муносабатлар меъёрий тартибга солинди. Буларнинг ҳаётга жорий этилиши эса иқтисодиётимиз тараққиётининг ҳозирги босқичига мос келадиган бухгалтерия ҳисоби тизимининг янада такомиллашувига, унинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга, активларнинг тўлиқ сақланишига, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларни тузишдаги хатоликлар ҳамда ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади. Шунингдек, ундаги янгиликлар замонавий корпоратив бошқарувнинг такомиллашувига, хусусан, унинг иқтисодий механизмлари мукаммаллашувига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Ўз навбатида, жойларда мазкур Қонунда белгиланган янги норма ва қоидаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинарларни ташкил этиш, бухгалтерия ҳисобининг барча субъектларида унинг ижросини таъминлаш, ходимларнинг халқаро стандартлар бўйича малакасини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни доимий амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

 

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn