Барқарор тараққиётнинг яна бир тасдиғи
  • 06 Май 2016

Барқарор тараққиётнинг яна бир тасдиғи

Матбуотда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари эълон қилинди.

Ушбу расмий ҳужжатда қайд этилишича, ўтган уч ой мобайнида 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоиз ўсган бўлса, қурилиш-пудрат ишлари 19,4 фоиз кўпайди.

Бу, аввало, глобал иқтисодиётда инқирозли ҳолатлар ҳамон давом этаётган бир шароитда Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини амалга ошириш учун мавжуд захира ва имкониятларни жалб қилиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самарасидир. Шу билан бирга, -жорий йилнинг дастлабки чорагида иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатлари ҳамда макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлаган юқори фоиз кўрсаткичлари замирида бунёдкор халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам, десак, асло муболаға бўлмайди.

Мисол учун, саноат соҳасини олиб кўрайлик. Мазкур йўналишда 2016 йил бошидан буён Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 76,4 миллион АҚШ долларилик 12 та йирик ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди. Хусусан, “Мейлисой кони қурилиши” ва “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятларида полиэтилен плёнка ҳамда қувурлар, “Ангрен” махсус индустриал зонасида чарм-галантерея, “Жиззах” махсус индустриал зонасида шиша толасидан иссиқлик изоляция буюмлари, кенг турдаги электр қурилиш ҳамда электротехника маҳсулотлари тайёрлаш ўзлаштирилгани ана шулар сирасига киради.

Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқариш туфайли 632 та ишлаб чиқариш қуввати, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари (228 объект), қурилиш материаллари (215), тўқимачилик буюмлари, кийим-кечак ва чарм маҳсулотлари (91), мебель маҳсулотлари (45), кимё ва пластмасса маҳсулотлари (26), машина ва ускуналар (18), фармацевтика воситалари (9) ишлаб чиқарувчи корхоналар ишга туширилди.

Айни чоғда таркибий ўзгаришлар жараёнини чуқурлаштириш ва саноат тармоқларини диверсификация қилиш натижасида кимё маҳсулотлари ҳамда пластмасса буюмлар ишлаб чиқариш суръати, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик буюмлари, кийим-кечак, чарм ҳамда фармацевтика маҳсулотлари, препаратлар тайёрлаш ҳажми ошди.

Жорий йил бошидан буён, шунингдек, маҳаллийлаштирилган 37 турдаги янги маҳсулот, яъни нефть-газ-кимё ускуна-лари ва конвейер ускуналарининг эҳтиёт қисмлари, арматура, автомобиллар спидометри, спорт тренажёрлари, болалар велосипед ҳамда самокатлари, электр сув иситиш мосламалари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Таъкидлаш керакки, ўтган ойларда юртимизнинг қурилиш тармоғида ҳам ишлар фаол давом эттирилди. Чунончи, 20 километрдан зиёд темир йўл участкалари қайта тикланди, “Ангрен — Поп” электрлаштирилган янги темир йўл линиясини барпо қилиш ҳамда “Поп — Қўқон — Андижон” участкасини электрлаштириш, “Самарқанд — Бухоро” темир йўл линиясини электрлаштириш ва юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи ташиш поездлари қатновини ташкил этиш” лойиҳаси доирасида Бухоро вокзалини қуриш, қолаверса, “Навоий — Конимех — Мискин” темир йўл линияси ҳамда Қандим газни қайта ишлаш заводига олиб борадиган темир йўл қуриш учун ер полотноси ётқизиш юмушлари бажарилди.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурига мувофиқ эса, жорий йилнинг биринчи чорагида 13 мингта янги тураржойни бунёд этиш ва бўлажак массивларни замонавий инфратузилма ҳамда бозор инфратузилмаси объектлари билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилди. Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида уч ой ичида 2,1 миллион квадрат метр, жумладан, қишлоқ жойларда 1,4 миллион квадрат метр уй-жой қурилиб, 205,2 километрлик сув қувурлари барпо қилингани, айниқса, диққатга сазовордир.

Энди яна ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га тўхталсак. Луғатларда изоҳ берилишича, бу тушунча — мамлакат иқтисодий фаолиятининг муайян давр (ой, чорак, йил) давомидаги умумий натижаларини тавсифлайдиган кўрсаткич. Бошқача айтганда, ЯИМ муайян давлат ҳудудида жойлашган барча корхона (чет эл сармоядорлари иштирокидаги, қўшма ва кичик корхоналар) томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ҳамда кўрсатилган хизматларнинг бозор қийматидаги ифодаси бўлиб, унинг миқдори миллий тизим асосида ҳисоблаб чиқилади. Шунга кўра, 2016 йилнинг январь — март ойларида республикамизда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 7,5 фоиз ошган экан, бу иқтисодий юксалишнинг барқарор юқори ўсиш суръатлари таъминланаётганининг яна бир исботидир. 

 

Икром ЎТБОСАРОВ,

шарҳловчи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn