Кичик бизнес салоҳияти
  • 06 Май 2016

Кичик бизнес салоҳияти

иқтисодиётимиз ривожида муҳим омил бўлмоқда

Хусусан, Хоразм вилоятида жорий йилнинг биринчи чорагида ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар туфайли 351 янги тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилди ҳамда кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 61 фоиздан ошди. Бунда, шунингдек, тижорат банклари томонидан 140 миллиард 405 миллион сўмлик ёки ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар  кўп кредит йўналтирилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Бундай эътибор самарасини  Урганч туманидаги “Йўлдош танобчи” хусусий корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, 2005 йилнинг июль ойида икки нафар ишчи билан  фаолият бошлаган  мазкур корхона жамоаси сони эндиликда 25 нафарга етган бўлса, улар томонидан бошқарилаётган замонавий дастгоҳларда 3 миллиметрдан 19 миллиметргача қалинликдаги ойналарга ишлов берилаяпти. Бундан -ташқари, бу ерда  уй ва офислар учун рангли ойналар, пластик ҳамда алюминий ромлар учун деклопакет ойналар, аквариумлар ва кенг турдаги хўжалик, уй-рўзғор буюмлари тайёрланмоқда.

Корхона маҳсулотлари арзон ҳамда сифатлилиги боис истеъмолчиларга манзур бўлаётир. Бу, албатта, -хорижнинг энергия тежовчи замонавий ускуналаридан фойдаланилаётгани шарофатидир. Масалан,  цехларга 2015 йилда 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги банк кредити ва корхона маблағи эвазига Италия ҳамда Хитойдан ойнага турлича  ишлов берувчи ускуналар олиб келиб ўрнатилгач,  60 минг квадрат метр ҳажмдаги 24 турдан ортиқ маҳсулотлар ички бозорда сотилди.

Жамоа аҳли жорий  йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар оширишни режалаштирган. Бунинг учун имконият ва шарт-шароит етарли. Айтайлик, юк автомобиллари парки мавжудлиги маҳсулотларни мижозларга ўз вақтида етказиб беришда қўл келмоқда.

— Ойналаримизнинг бозори чаққон, — дейди корхона раҳбари Умарбек Бобожонов. — Чунки уларни энг илғор технологиялар асосида тайёрлаяпмиз. Мижозларимиз нафақат Хоразм, балки Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда  ҳам бор. Аниқроғи, республикамиз бўйича  200 дан зиёд корхоналар билан ҳамкорлик қилаяпмиз. 

Қисқаси, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, фаолиятимизни кенгайтирган ҳолда, ишчи-ходимларимиз даромадини ошириш, ички бозорни рақобатдош маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда  аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдек хайрли ишларга баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.  

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn