Замонавий технологиялар
  • 06 Май 2016

Замонавий технологиялар

молия муассасалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтирмоқда

Пойтахтимизда “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки томонидан омонатчилар ва пластик карточка эгалари учун замонавий банк технологиялари асосида яратилаётган қулайликларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мазкур молия муассасасида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, омонатчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ва имтиёзлар бериш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида банкнинг жами омонатчилари сони 75 минг нафардан ортгани ана шундан далолат беради. Бунда, табиийки, “Ёрқин келажак”, “Соғлом авлод”, “Юқори даромад”, “Омад”, “Имконият”, “Капитал плюс” сингари жозибадор янги омонат турлари ишлаб чиқилиб, жамғарма кассаларида омонатчилар билан банк ўртасида тузиладиган шартномалар, кирим ва чиқим ордерлари автоматлаштирилган тизим орқали чоп этилаётгани, шунингдек, “Sms-omonat” хизмати йўлга қўйилгани айни муддао бўлаётир.

Анжуманда фуқароларнинг банкдаги омонатларини ҳимоялашни янада кучайтириш, омонат билан боғлиқ амалиётнинг мижозлар иштирокисиз бажарилмаслигини қатъий назоратга олиш мақсадида янги тизим ҳаётга татбиқ этилиши ҳақида маълумот берилди.

— “Биометрик идентификациялаш” деб номланувчи ушбу тизим бир қатор афзалликларга эга, — дейди банкнинг Пластик карточкалар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Жавоҳир Алимов. — Яъни омонат ҳисобварақларидаги маблағларга доир барча операцияни унинг эгаси иштирокисиз амалга ошириш мумкин эмас. Бу маблағлар дахлсизлигини таъминлаш баробарида, банкимизга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди, албатта. Ҳозиргача мазкур дастур Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари минтақавий филиалларига ўрнатилган бўлса, йил охиригача ҳамма ҳудудда ишга туширилади.

Бундан ташқари, яқинда банк ўз мижозларига қўшимча “P2P” хизматини тақдим қилди. Натижада бир жисмоний шахснинг пластик карточкасидан иккинчи бир шахснинг пластик карточкасига махсус сайтлар, мобиль иловалар орқали маблағ ўтказиш имконияти вужудга келди.

Тадбирда, шунингдек, банкнинг “UzKART-EMV” тўлов тизимини янада такомиллаштириш, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар тармоғини кенгайтириш, он-лайн режимида ишловчи “Smart-visa” пластик карточкаларини муомалага чиқаришни жадаллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳам батафсил тушунтирилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn