2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробар ошириш
  • 05 Май 2016

2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробар ошириш

мамлакатдаги мавжуд ҳолатни ва тараққиёт истиқболларини баҳолашга асосланган стратегик режалаштиришдир

Ўзбекистонда мустақил ривожланишнинг йигирма беш йили мобайнида асосий мақсадга эришиш — одамларнинг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш ҳамда ижтимоий йўналтирилган кучли иқтисодиётга эга ­ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш бўйича муҳим ислоҳотларни амалга ошириш йўлида катта қадамлар ташланди.

Жаҳон банки ижрочи директори Йорг Фриденнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда ­бугунги кунда глобал иқтисодиётдаги беқарорлик шароитида ­долзарб бўлиб қолган хатарларни бартараф этишга йўналтирилган инновация ислоҳотларининг ­амалга оширилаётгани юқори ­баҳога лойиқдир.

— Мамлакат раҳбарияти кичик бизнес субъектларини рағбатлантириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича самарали чора-тадбирларни кўрмоқда, — дея таъкидлади у. — Шуниси эътиборга моликки, давлат раҳбарининг мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон эришган ижобий ўзгаришлар қайд этиб ўтилди. Республиканинг Жаҳон банки билан самарали ҳамкорлиги ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Унинг фикрича, Президент ­Ислом Каримовнинг мазкур маърузасида белгиланган режалар Жаҳон банки гуруҳи, айниқса, ­Халқаро молия корпорацияси билан бундан кейинги ҳамкорлик учун янги имкониятларни очади. “Биз алоқаларнинг барча йўналишини қамраб олмоғимиз ва яқин вақт ичида муҳокама қиладиган ушбу мамлакат стратегиясида уларни тўла акс эттиришимиз ­керак”, дея қайд этди Й. Фриден.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан ўтган йили ­юртимиз иқтисодиёти барқарор ривожланишда давом этганини таъкидлар экан, глобал миқёсдаги салбий иқтисодий тамойиллар мавжудлигига қарамасдан, Ўзбекистон Жаҳон иқтисодий форуми ҳамда Жаҳон банки рейтингида бизнес юритиш учун қулай муҳит мавжудлиги бўйича юқори баҳога сазовор бўлганига алоҳида урғу берди.

— Мен Тошкентда ўтказилган Халқаро инвестициявий форумида қатнашишга муяссар бўлдим. Бу анжуманда Ўзбекистоннинг иқтисодиётни янада либераллаштириш ва модернизациялашга ­содиқлиги ўз ифодасини топди, — дея таъкидлади у. — Ушбу тадбир жаҳон ишбилармонлар ҳамжамиятининг маҳаллий бозор имкониятларини ўрганиш борасида янада фаол иштирок этаётганини кўрсатди.

П. Бурианнинг фикрича, ­мажмуавий тизимли ўзгаришлар йўлини давом эттириш Ўзбекистонга ўзининг салмоқли иқтисодий салоҳиятини ҳаётга татбиқ қилиш ҳамда хорижий сармояларни, жумладан, ЕИ сармояларини янада кўпроқ жалб этиш имконини ­беради.

— Биз мамлакатингиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва тажриба ҳамда илғор технологиялар алмашинуви орқали иқтисодиётни модернизациялаш жараёнида ишончли шерик бўлишга ­тайёрмиз. Бундан ташқари, биз Ўзбекистонда бизнес муҳити янада такомиллашуви йўлидаги ­мулоқотни ва ҳамкорликни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқдамиз. Ўзбекистоннинг ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича кенг кўламли ­ишларни давом эттириш, инсон капиталини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириш борасидаги азми ­қатъийдир, — деди у.

ЕИ махсус вакилининг мулоҳазасига кўра, 2030 йилга бориб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробар ошириш ва юқори даражадаги даромад ҳамда ривожланган иқтисодиётга эга давлат мақомига эришиш бажариш мумкин бўлган вазифа ҳисобланади. У ЕИ номидан республиканинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун ўзаро ҳамкорликнинг мавжуд механизмларидан фойдаланишга тайёр эканлигини изҳор этди.

“Британия — Ўзбекистон” жамияти раиси Хартли Бут ­дунёда рўй бераётган мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар шароитида Ўзбекистон рақобатдош ҳамда диверсификациялашган иқтисодиёти билан замонавий демократик давлатни барпо этиш ишига қатъиян содиқ бўлиб ­қолмоқда, деб ҳисоблайди.

— Маълумки, кўпгина ривож­ланаётган мамлакатлар бу мақсадга эришишга интилмоқда, бироқ ­Ўзбекистоннинг бошқалардан ­ажралиб турадиган ўзига хослиги шундаки, кейинги йилларда ижти­моий-иқтисодий ривожланиш ­борасидаги салмоқли натижаларга қарамасдан, давлат қўлга киритилган муваффақиятлар билан чекланиб қолмаётир, аксинча, ўз иқтисодиётини янада чуқурроқ ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш жараёнларини ­давом эттирмоқда, — дея қайд этди у.

Х. Бутнинг фикрига қараганда, Ўзбекистонда кейинги ўн йил ­давомидаги иқтисодий ўсишнинг ­барқарор юқори суръатлари республика ҳукуматига 2030 йилга бориб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ­ҳажмини камида икки баробар ошириш вазифасига эришиш учун интилиш имконини беради. “Бу глобал иқтисодиётдаги ривожланиш ­тамойиллари ҳисобга олинган ҳолда, республикадаги ҳолатни ҳамда ­тараққиёт истиқболларини реал ­баҳолашга асосланган стратегик режалаштиришдир”, деб ҳисоблайди у.

“Британия — Ўзбекистон” жамияти­ раиси ўтган йили Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинган давлат корхоналарини хусусийлаштириш дастурини, жумладан, акциядорлик компанияларидаги ҳисса стратегик чет эллик сармоядорларга сотилишини ўз ­вақтида қабул қилинган қарор, деб баҳолади. “Иқтисодиётнинг айрим тармоқларида давлат иштирокининг қисқариши, корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойиллари қўлланилиши бозор иқтисодиёти ­шароитида компанияларнинг рақобатдошлигини оширишга кўмак­лашади”, деди Хартли Бут.

Унинг таъкидлашича, шу жиҳат ҳам жуда муҳимдирки, Ўзбекистонда ­мулкчилик тизимини тубдан ўзгартириш бўйича ишлар қонунчилик ­базасини такомиллаштириш, хусусий мулк ҳимоясини кафолатлаш, шунинг­дек, бизнесни ривожлан­тиришнинг маъмурий тўсиқларини бартараф этишни ўз ичига олган мажмуавий чора-тадбирлар билан бирга олиб борилмоқда.

— Шуниси аёнки, Ўзбекистон ­ҳукумати тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитларни яратиш ­нафақат соғлом иқтисодиётнинг ­гарови, балки бу аҳоли ҳаёт даражасини юксалтиришда муҳим омил эканлигини ҳам теран англайди, — дея айтиб ўтди Х. Бут.

Ўз фикрини баён этишда давом этар экан, “Британия — Ўзбекистон” жамияти раиси бугунги кунда кўпгина давлатларда ишлаб чиқариш ­пасайиши ва истеъмол талаби қисқариши кузатилаётганини, Ўзбекистон эса кенг кўламли инфратузилма қурилишини, шу жумладан, хориж сармояси иштирокидаги бунёдкорликни ишонч билан давом эттираётганини таъкидлади. “Биргина
2015 йили умумий қиймати 7 мил­лиард 400 миллион АҚШ долларини ташкил этган 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти қурилиши якунланган ҳамда фойдаланишга топширилган. Шубҳасиз, бу соғлом иқтисодиётнинг белгисидир”, дея баёнот берди у.

Шунингдек, Х. Бут иқтисодиётнинг янада ривожланиши автомобил­созлик ва темир йўл транспорти ­соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларга, Ўзбекистондаги мавжуд йўлларнинг кенг миқёсда реконс­трукция қилинишига ҳамда янги йўлларнинг барпо этилишига кўмаклашишини ҳам таъкидлади.

У республикамиз ўз олдига қўйган барча стратегик мақсад ва вазифаларга албатта эришишига ишонишини билдирди.

“Tachkent — Paris” электрон журнали бош муҳаррири, рақамли нашрлар ноширлик уйи ҳамда “d’Izarn” медиакомпанияси ­президенти Сот Сильви д‘Изарн (Франция) фикрига кўра, Ўзбекистон асосий мақсад сари — аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси ва ­сифатини таъминлашга қодир ҳамда ижтимоий йўналтирилган кучли иқтисодиётга эга ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш йўлида ишонч билан ҳаракатланмоқда.

У республикамиз ривожланишининг макроиқтисодий кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратди.

— Кейинги йилларда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 8 фоиздан кам бўлмай келмоқда. Бу эса, ҳеч муболағасиз, тараққиётнинг “ўзбек модели” самарадорлигини, ҳамон давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг миллий иқтисодиётга таъсирини бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган ­стратегиянинг тўғри эканлигини ­тасдиқлайди. Шуниси ҳам эътиборга моликки, Ўзбекистон эришаётган муваффақиятлар халқаро молиявий ҳамда иқтисодий институтлар, ­жумладан, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ­ташкилоти (ФАО) ҳамда бошқа ­ташкилотлар томонидан юқори ­баҳоланмоқда, — деди Сот Сильви д‘Изарн.

Унинг айтишича, Жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида энг яхши ­натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олгани қайд этилгани алоҳида эътиборга ­сазовордир.

— Республиканинг барча тижорат банки “Fitch Ratings”, “Moody’s”, “Standard & Poor’s” сингари етакчи халқаро рейтинг агентликлари ­томонидан “Барқарор” рейтинг ­баҳоларига сазовор бўлгани жуда ибратли жиҳат ҳисобланади, — дея қайд этиб ўтди у.

“Бандликни таъминлаш учун” уюшмаси (Польша) бош директори Збигнев Колесски Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллашини таъкидлади.

— Қулай агроиқлим шароитлари, қуёшли кунларнинг кўплиги, ҳосилдор замини ҳамда меҳнаткаш аҳолиси мамлакатда ривожланган иқтисодий тизимни ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди, — дея фикр билдирди у. — Қадим-қадимдан юртингиз ўзининг мева-сабзавотлари, полиз ва донли экинлари билан ном қозонган. Илгари ­Ўзбекистон иқтисодиёти хом ашё етиштиришга йўналтирилган ҳамда саноатда хом ашёни бирламчи қайта ишлаш устунлик қилган бўлса, ­мустақилликка эришилганидан сўнг мамлакат ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига босқичма-­босқич ўтишни асосий устувор ­вазифа сифатида белгилаб олди.

З. Колесски Ўзбекистонда қисқа давр мобайнида иқтисодиётни ­диверсификациялаш ва пахта яккаҳокимлигига барҳам беришдек ­мураккаб вазифа амалга оширилганини таъкидлар экан, саноатнинг ­автомобилсозлик ҳамда ахборот технологиялари сингари янги тармоқлари ташкил топгани ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур шароитлар, шунингдек, хорижий сармоядорлар учун имтиёз ва қулайликлар ­яратилганига эътибор қаратди.

У Марказий Осиё аҳолисининг ­деярли ярмидан кўп қисми ҳамда юздан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган мамлакатда барча ислоҳотлар сиёсий барқарорлик ҳамда бозор иқтисодиётига ­босқичма-босқич ўтиш асосида амалга оширилгани баробарида, ­ўзининг ижобий натижаларини берганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон — Корея” дўстлик жамияти раиси Ким Юн Сикнинг айтишича, 2015 йилнинг якуний кўрсаткичлари Ўзбекистондаги ­иқтисодий тараққиёт стратегиясининг ҳар томонлама ва чуқур ўйланганини яна бир бор тасдиқлайди.

— Ўзбекистон иқтисодиёти сифатга асосланган тараққиёт йўлидан бормоқда. Ялпи ички маҳсулот, ­саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш соҳаларининг ўсишига профицитли бюджет, мўътадил инфляция даражаси, ижобий савдо сальдоси ва тўлов баланси таъминлангани ҳолда эришилди. Бу тараққиётнинг “ўзбек модели”даги асосий устунликлардан бири ҳисобланади, — деди у.

Ким Юн Сик ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари ўзларини давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилишни ­асосий вазифа сифатида белгилаб олган бир пайтда Ўзбекистон
2030 йилга бориб, ўз ялпи ички ­маҳсулоти ҳажмини икки баробар оширишни мақсад қилиб қўйгани диққатга молик эканлигини эътироф этди.

— Президент Ислом Каримов ­маърузасида мамлакат иқтисодий кўрсаткичларини икки баробар ­ошириш учун ўртача йиллик ўсишни 4,8 фоиз даражасида сақлаб туриш лозимлиги таъкидланади, — деди у. — Сўнгги бир неча йил давомида ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиш кўрсаткичлари ижобий ҳолатни намойиш этмоқда. Ўйлайманки, юртингиз ­белгиланган бу режани ортиғи ­билан бажаради.

Сингапур Сиёсий тадқиқотлар халқаро маркази директори ­Роҳан Гунаратна юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ­борасида амалга оширилаётган ­ишларни юқори баҳолади. Шу муносабат билан, Р. Гунаратна бизнес ­тузилмаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолият юритишини ­соддалаштириш ва мазкур тузил­маларни ривожлантиришда турли бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш бўйича рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар самарали эканлигини таъкидлади.

— Мамлакатингизда янги бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларига кредит бериш соҳасида эришилган натижаларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Давлатнинг доимий қўллаб-қувватлаши самараси ўлароқ, Ўзбекистонда маҳаллий ва хорижий бизнес ўзини эркин ҳис этмоқда, ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда ҳамда янгидан-янги ­сармояларни жалб қилмоқда, — дея қайд этиб ўтди эксперт.

 

«Жаҳон» АА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Саноатчилар форуми Замонавий технологиялар »