Хусусий сектор —  иқтисодиёт таянчи
  • 03 Май 2016

Хусусий сектор —  иқтисодиёт таянчи

Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган анжуман хусусий мулк, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг долзарб масалаларига бағишланди.

Унда сенаторлар, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутатлари ва доимий комиссиялар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимият, прокуратура, солиқ органлари, банк-молия муассасалари, ННТ ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, тадбиркорлар қатнашди.

Таъкидланганидек, юртимизда иқтисодиётни либераллаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг эркин ҳамда самарали фаолият юритишини кафолатлаш чоралари изчиллик касб этмоқда. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, хусусий сектор ҳимояси тобора такомиллашиб бораётир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги каби ўн бешдан ортиқ қонунлари қабул қилинди.

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ҳамда ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Мазкур ҳужжатга кўра, аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар Дастури рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, қатор қонун ҳужжатларига хусусий мулк ҳамда хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка кенг эркинлик беришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Иштирокчилар кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиз ривожидаги ўрни юксалиб бораётганини қайд этди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида мазкур сектор улуши 5,7 фоиз ўсди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда, саноат ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасида, чакана товар айланмасида тадбиркорлик субъектлари ҳиссаси сезиларли даражада ошмоқда. Хусусан, Андижон вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнеснинг улуши 58 фоизни, аҳоли бандлигини таъминлашда 84 фоизни ташкил қилди.

Тадбирда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасида эришилаётган натижалар билан бир қаторда, ечимини кутаётган долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётига маҳаллий ҳамда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун янада қулай шарт-шароит яратиш ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn