Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда
  • 28 Апрель 2016

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари томонидан ўтказилган йиғилишда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг 2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Давлат дастурининг ижросини Наманган, Хоразм вилоятлари мисолида ўрганиш натижаларига оид ахбороти эшитилди.

Мажлисда сенаторлар, тегишли вазирлик ҳамда идоралар, “Ўзмелиомашлизинг” лизинг компанияси, “Сувлойиҳа”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ННТ ва ОАВ вакиллари ҳамда Наманган, Хоразм вилоятларидан соҳа ходимлари, олимлар, экспертлар қатнашди.

Республикамиз қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли қишлоқ мулкдорларининг манфаатларини таъминлаш, экин майдонларининг унумдорлигини ошириш, ердан тўғри ва оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни жорий қилиш каби муҳим йўналишларда салмоқли натижаларга эришилаётгани таъкидланди. Айниқса, соҳа тараққиётини кафолатлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий базанинг такомиллашуви фермер ва деҳқонларимиз фаолиятидаги ютуқларнинг негизи ҳисобланмоқда. Ўтган йили юртимизда 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта хирмони барпо этилгани, мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлар ҳам жадал суръатларда ривожланаётгани бунинг яққол ифодасидир.

Иштирокчилар аграр секторни модернизациялаш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш борасидаги комплекс чора-тадбирларни алоҳида эътироф этиб, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва бунинг учун айни йўналишдаги қонун ҳужжатлари ижросига устувор аҳамият қаратилаётганига урғу бердилар.

Хусусан, Президентимизнинг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, “Ўзмелио-машлизинг” лизинг компанияси ҳамда мелиоратив ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажарувчи 48 та давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг “2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Давлат дастури қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, унинг таркибидаги бўлинмалар томонидан давлат унитар корхоналари билан ҳамкорликда гидромелиоратив тизимларнинг, коллектор-дренаж ҳамда суғориш тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, уларнинг техник ҳолатини яхшилаш, тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мелиорация ва ирригация объектларини, суғориш тармоқларини қуриш, уларни қайта тиклаш ҳамда таъмирлаш сифатини ошириш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2013 — 2015 йиллар мобайнида белгиланган вазифалар бажарилди. Бу эса ўртача ва кучли шўрланган ерларни камайтириш, сизот сувлар сатҳи 2 метрга етадиган майдонларни қисқартириш имконини берди.

Умуман олганда, Давлат дастурига мувофиқ, мелиорация тадбирлари олиб борилган экин майдонларидаги унумдорлик пахтачиликда ўртача 3-4 центнер, ғаллачиликда 4-5 центнер ошди.

Тадбир давомида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ахборотини таҳлил қилиш мазкур соҳада муайян камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Сенаторлар, соҳа мутахассислари уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдилар. Давлат дастурининг 2016 — 2017 йиллардаги ижросини таъминлашда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари томонидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Якунда қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn