Саноат ривожи йўлида мустаҳкам ҳамкорлик
  • 28 Апрель 2016

Саноат ривожи йўлида мустаҳкам ҳамкорлик

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари, Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси иш бошлади. 

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 мартдаги “2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ташкил қилинди. 

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур йирик форум тармоқлараро коопера-цияни ривожлантириш асосида саноат корхоналарида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, харидорлар ҳамда хорижий ҳамкорлар топиш учун катта имкониятлар эшигини очиб берди. Натижада соҳага жалб этилаётган чет эл инвес-тициялари оқими кўпайиши баробарида, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми ортмоқда. Шу боис ушбу тадбирнинг нуфузи ошиб, унга бўлган қизиқиш тобора кучаяяпти. Ўтган йилги ярмаркада 530 дан зиёд корхоналар қатнашиб, 2500 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар намойиш қилингани, пировардида маҳсулот етказиб бериш ҳамда экспорт қилиш бўйича умумий ҳажми 166,4 миллиард сўмлик ва қарийб 50 миллион АҚШ долларилик шартномалар имзолангани бунинг яққол далилидир. 

Ташкилотчиларнинг айтишича, жорий йилда бу борадаги кўрсаткичлар янада ортиши кутилаяпти. Чунки анжуман қатнашчилари ҳам, улар томонидан таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматлар тури ҳам кўпайган. Аниқроғи, унда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноатэкспорт”,  “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзқурилишматериаллари” компаниялари, “Ўзбекенгилсаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятлари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси тизимидаги 700 дан зиёд корхоналар, шунингдек, 600 га яқин кичик бизнес субъектлари иштирок этмоқдаки, улар томонидан қўшимча қийматга эга бўлган 

3 минг хилдаги саноат маҳсулотлари намойиш қилинаяпти. Қувонарлиси, бу маҳсулот-ларнинг аксарият қисми Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш ўзлаштирилган янги турдаги халқ истеъмоли молларидир.

— Ўтган йили тармоқ саноат ярмаркасида маҳсулотларимизни кенг намойиш этган эдик, — дейди пойтахтимиздаги “Rossi Plus” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Галина Чебан. — Шундан сўнг ишимиз юришиб кетди. Чунки унинг доирасида кўплаб буюртмалар олишга муваффақ бўлдик. Бу гал эса 

45 хилдаги қандолат маҳсулотларини таклиф қилаяпмиз. Италия технологияси асосида тайёрланган ширинликларимизнинг сифати юқорилиги боис уларга қизиқиш катта бўлмоқда. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси вакили Баҳодир Юнусовнинг қайд этишича, жорий йилги тармоқ саноат ярмаркасида 70 дан зиёд корхоналар ўзларининг 140 хилдаги маҳсулотлари билан қатнашаяпти. Улар ўз олдига маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан узоқ муддатли алоқалар ўрнатиш, тенг манфаатли шартномалар тузишдек эзгу мақсадларни қўйишган. Бунга амалда эришилаётгани эътиборга молик. Яъни ярмарканинг биринчи кунидаёқ мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар экспорти бўйича 5 миллион долларлик шартномалар имзоланди. 

Дарҳақиқат, ярмарка саноат корхоналарига ўз маҳсулотларини кенгроқ таништириб, янги ҳамкорлар топиш, келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш, жорий йил учун қўшимча битимлар тузиш имконини бераяпти. 

Бу сафарги тадбир, шунингдек, янгиликларга бойлиги билан ҳам ажралиб турибди. -Хусусан, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарда тайёрлаш ўзлаштирилган инновацион материаллар ташриф буюрувчиларни бефарқ қол-дирмаяпти.

Гап шундаки, соҳанинг 60 га яқин корхоналари ўзларининг салкам 70 хилдаги рақобатдош қурилиш ашёларини таклиф этаётган бўлса, шундан 14 таси янги маҳсулотдир. Айниқса, 3D кафеллари барчанинг диққат-эътиборида. Компания бош мутахассиси Темур Муҳаммаджоновнинг фикрига кўра, бу корхоналар техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилинаётгани, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмалар кенг татбиқ этилаётгани самарасидир. Шунинг учун мазкур тадбир давомида 41 миллиард сўмлик маҳсулот олди-сотдиси бўйича шартномалар имзоланиши -кутилаяпти. 

Таъкидлаш керакки, саноат ярмаркасида қатнашаётган корхоналарга бир қатор имтиёзлар берилган. Яъни бу ерда таклиф қилинаётган маҳсулотлар икки томонлама шартномалар асосида, қўшимча тендер савдоларисиз етказиб берилади. Бундай қулайликлар ишлаб чиқарувчиларни фаолиятига инновацион ишланмаларни жорий этиш эвазига янги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштиришга руҳлантирмоқда. Бу борадаги изланишлар самарасидан эса ярмаркага ташриф буюрганлар хабардор бўлишади. Мисол учун, “Саноат энерго ускуна” масъулияти чекланган жамиятида юртимизда биринчи бўлиб насос станцияларининг синхрон электр двигателлари учун платалар тайёрлаш йўлга қўйилди. 

— Айни пайтда корхонамизда “ТЕ8-320” типидаги, шунингдек, юқори қувватли двигателлар учун “ТВ-360” ҳамда “ТВ-760” типидаги 8 хил плата ишлаб чиқарилаяпти, — дейди жамият бош энергетиги Ҳусниддин Шомайрамов. — Илгари бундай маҳсулотлар четдан келтирилар эди. Шу боис уларга қизиқиш жуда юқорилигидан кўплаб -келишувларга эришамиз, деган умиддамиз.   

Ярмарка иштирокчилари фаолияти билан яқиндан танишар экансиз, кичик бизнес субъектлари маҳсулотларига кенг ўрин берилганига гувоҳ бўласиз. Бу, айниқса, фаолиятини энди бошлаган тадбиркорларга маҳсулотни жамоатчиликка кенг намойиш қилиш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш учун қулай муҳитни яратмоқда. 

— Корхонамиз ўтган йили ташкил этилган бўлиб, коммунал соҳага қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, — дейди “Fine Plast” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳасан Шералиев. — Бугунги форум ички бозордан мустаҳкам жой эгаллашимиз, буюртмалар портфелини шакллантиришимиз учун айни муддао бўлди. Дастлабки кундаёқ 

4 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузганимиздан жуда -хурсандмиз. 

Тадбирнинг уч кун фаолият кўрсатиши, унинг доирасида “Маҳаллийлаштириш — ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтиришнинг муҳим омили” мавзуида семинар, шунингдек, компаниялар ва уларнинг янги маҳсулотлари тақдимотлари ўтказилиши қатнашчиларга иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ютуқлари билан яқиндан танишиш, йирик саноат тузилмаларининг илғор тажрибаларини ўрганиш учун қулай фурсатдир. 

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn