Электрон тижорат —  ривожланиш омили
  • 27 Апрель 2016

Электрон тижорат —  ривожланиш омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида электрон тижорат соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда соҳанинг қонунчилик базаси, ваколатли давлат органининг фаолияти, электрон тўловларни амалга ошириш тизими, электрон тижоратда технологик ҳамда телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш ҳолати ва истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, электрон тижоратни ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон тўловлар тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлари бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2015 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун соҳа тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиши билан бирга, маҳаллий хўжалик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид тизимли ишларнинг такомиллашувига олиб келди.

Ҳукумат қарорига асосан, 2016 — 2018 йилларда Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Унда белгиланган устувор вазифалар электрон тижорат инфратузилмасини янада кенг тараққий эттиришга хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда тизимли ва тадрижий давлат сиёсати олиб борилаётгани натижасида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, жисмоний шахслар ҳамда тижорат банклари ўртасида тезкор алоқа ўрнатилгани, масофавий бошқарув орқали банк ҳисоб рақамларини бошқариш, замонавий электрон иловалар ва тўловларни амалга ошириш имкониятини берувчи янги ахборот технологиялари кенг жорий қилинганини эътироф этдилар.

Айниқса, ахборот-коммуникация технологияларининг иқтисодиёт соҳасига татбиқ қилиниши ишлаб чиқарувчи ҳамда истеъмолчи ўртасида товар ва хизмат кўрсатишдаги алоқаларнинг янги ривожланиш босқичини бошлаб берди. Айни пайтда Ўзбекистонда электрон тижоратни хўжалик технология жараёнларига фаол жорий этиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш, мижозларга интернет глобал тармоғи ва мобиль алоқа воситалари орқали интерактив хизмат кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан, кичик бизнес вакиллари ҳамда тадбиркорларнинг ўз фаолиятида электрон тўлов ва электрон тижоратни қўллаши уларнинг миллий иқтисодиётда юқори кўрсаткичларга эришишлари учун хизмат қилаётир.

Тадбирда Иқтисодиёт, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Марказий банк, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси масъул ходимларининг ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn