Иқтисодий алоқалар истиқболлари
  • 27 Апрель 2016

Иқтисодий алоқалар истиқболлари

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, Хитойнинг Шанхай ҳамда Синьцзян аграр университетлари, шунингдек, юртимиздаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари профессор-ўқитувчилари, икки давлат ишбилармонлари ҳамкорлигида ишга туширилган қўшма корхоналар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатдорлик ҳамда тенгликка асосланган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш йўлида жадал ривожланмоқда. Масалан, 2007 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 

904 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилга келиб, 5 баробар ортди, яъни қарийб 5 млрд. АҚШ долларига етди. 

Хитой юртимиз иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. 

7 млрд. АҚШ долларидан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани, ушбу сармоя эвазига йирик қўшма лойиҳалар жорий этилаётгани ана шунинг далолатидир.

— Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораяпти, — дейди ТДИУ илмий тадқиқот ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи, иқтисод фанлари доктори, профессор Норбой Каримов. — Ушбу мамлакат билан алоқаларимиз нафақат иқтисодий, балки таълим йўналишида ҳам тобора кенгаймоқда. Хитойнинг Пекин марказий университетида ўзбек тилининг ўқитилиши йўлга қўйилгани ёки Тошкент давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультетининг очилгани бунинг тасдиғидир. Қолаверса, анжуман доирасида университетимиз қошида Хитойнинг Синьцзян аграр университети билан ҳамкорликда Ўзбек — Хитой ўқув-илмий тадқиқотлар маркази очилдики, бу келгусида иқтисодий соҳадаги олимлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш ва биргаликда илмий тадқиқот ишларини олиб боришга пухта замин яратади.

Қайд этилганидек, республикамизда Хитой капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 630 тага етгани ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир.

— Юртингизда чет эллик ишбилармонлар учун барча шарт-шароит яратилган, — дейди “Huawei Tech Investment Tashkent” корхонаси раҳбари Ван Пэн. — Мобиль алоқа, компьютер, электроника воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган компаниямиз ҳам ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, бу ерда 16 йилдан буён самарали фаолият юритмоқда. Айни пайтда тайёрланаётган барча турдаги маҳсулотларимиз ўзбек халқига манзур бўлаётганидан мамнунмиз. Эндиликда мамлакатингиз таълим соҳасига ҳам янги инновацион ғоя ва ишланмаларни олиб киришни мақсад қилганмиз.

Шуъба йиғилишларида “Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг замонавий ҳолати” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг иқтисодий ривожланишида эркин иқтисодий зоналарнинг роли ва аҳамияти” мавзуларида маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди. Шунингдек, “UZTE”, “Kerui Group”, “Peng Sheng” ва бошқа корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган мобиль алоқа воситалари, компьютер, электрон ускуналар, замонавий технологиялар, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этилди. 

Конференция якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. 

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn