Илғор ва замонавий технологиялар мамлакатимиз корхоналарида кенг миқёсда қўлланилмоқда
  • 26 Апрель 2016

Илғор ва замонавий технологиялар мамлакатимиз корхоналарида кенг миқёсда қўлланилмоқда

Бугунги кунда ҳеч бир мамлакат тараққиётини  илғор технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки дунё илм-фанида кун сайин янги ишланмалар, кашфиётлар пайдо бўлаяптики, уларни амалиётга қўлламай туриб, бирор бир натижага эришиш қийин. Юртимизда ушбу омилларга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли  иқтисодиётимиз ҳар томонлама ривожланмоқда. 

Бунинг исботини “Жиззах” махсус индустриал зонасида фойдаланишга топширилаётган корхоналар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Яқинда бу ерда “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан хитойлик ҳамкорлар билан бир йўла учта лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Ўзига хос ишлаб чиқариш мажмуасидаги биринчи корхона Хитойнинг “ZTE Corporation” компанияси ўртасидаги  аҳдлашувга биноан барпо этилди. Ўта замонавий ускуна ва -технологиялар билан жиҳозланган янги қўшма корхона йилига 20 минг дона видеотелефон ҳамда шунча IP-телефон тайёрлаш қувватига эга.

“Жиззах” махсус индустриал  зонасида замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яратилган имтиёз ва имкониятлар “Ўзбектелеком”нинг яна бир ҳамкори — “Huawei Tech. Investment Co. Ltd” компаниясини ҳам манфаатли шерикликка ундади. Пировардида 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя эвазига масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Broadband Solutions”  қўшма корхонаси ташкил этилди.  

— Илгари телефон, интернет, телевидение, радио каби тармоқлардан фойдаланишни таъминлашда  уларнинг ҳар бири учун алоҳида сим тортишга мажбур бўлинар эди, — дейди қўшма корхона бош директори Ирисмат Файзуллаев. — Эндиликда эса бунга ҳожат қолмади.  Чунки корхонамиз оптик толали телекоммуникация қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, у орқали кўрсатилаётган хизмат турлари тезлиги бир неча баробар ошади.  

Эътиборлиси, 18 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлган янги корхонада тайёрланаётган телекоммуникация қурилмаларининг дастлабки туркуми Гулистон шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида аҳолига замонавий алоқа хизматларини кўрсатишни кенгайтириш ишларига йўналтирилди.

Мажмуадаги учинчи ишлаб чиқариш тармоғи эса “Jiangsu Zhongtian Technology Co. Ltd” компанияси билан биргаликда 500 минг АҚШ долларилик сармоя эвазига ташкил қилинган “ZTT Телеком” қўшма корхонасидир. Бу ерда оптик толали алоқа тармоқларида  қўлланиладиган ускуна ҳамда улар учун аксессуарларни тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ушбу саноат субъектлари мамлакатимизда алоқа ва телекоммуникация тизимини янада ривожлантиришдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. 

 

Тожиддин ҚАМАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn