Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг янги босқичи
  • 23 Апрель 2016

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг янги босқичи

Бугун юртимизда Президентимиз раҳнамолигида барча соҳада, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич, изчил амалга оширилмоқда. Қишлоқ ҳудудларига саноатни олиб кириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил қилиш, қишлоқ инфратузилмасини ҳар томонлама ривожлантириш орқали халқимиз фаровонлиги таъминланиб, мамлакатимиз янада тараққий этаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янада кенгайтириш, уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг муҳим омилидир, десак, асло муболаға бўлмайди.

Бинобарин, ушбу ҳужжат юртимиздаги қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ҳамда полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, ташқи бозорларда рақобатдош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кенгайтириш ҳамда турини кўпайтириш сингари мақсадларга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Барчамизга маълумки, жаҳон миқёсида давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз туфайли кўпгина мамлакатларда иқтисодиётнинг етакчи соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалиги жиддий таназзулни бошдан кечирмоқда. Натижада қатор давлатларда озиқ-овқат танқислиги, одамлар тўйиб овқатланмаслиги сингари салбий ҳолатлар кузатилаётир. Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида улкан ютуқ ҳамда марраларга эришилаётир. Ўз навбатида, бу дунё ҳамжамиятида алоҳида эътирофини топаётгани эътиборга моликдир.

Яқинда Европанинг энг тараққий этган мамлакатларидан бири — Испания пойтахти Мадрид шаҳрида “Ўзбекистон агросаноат тизими” мавзуида ўтказилган бизнес-форум фикримизга яққол мисол бўла олади.

Мазкур анжуманда қатнашган Испания вазирликлари ва идоралари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган йирик корхоналар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар мамлакатимиз эришаётган натижаларга юксак баҳо бергани барчамизни ғурурлантиради. Хусусан, Саноат ускуналари ишлаб чиқарувчилар миллий уюшмаси — “SERCOBE”нинг Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича менежери Эктор Родригез Ўзбекистонни мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган етакчи давлатлардан бири сифатида қайд этиб, мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви ҳамда чет эл инвесторларига яратилган имтиёз ва шароитларни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, “ICEX” компанияси директори ўринбосари Сонсолес Уидобро бугунги кунда Ўзбекистон минтақада иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланаётган ягона мамлакат эканини, бу европалик ишбилармонларга республикада муваффақиятли бизнес юритиш имконини беришини билдирди. Албатта, буларнинг барчаси юртимизда ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар, олиб борилаётган тадрижий ислоҳотлар самарасидир.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур ҳужжат давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқи, шунингдек, мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга оширишга кенг йўл очади.

Яқинда бўлиб ўтган фракциямиз йиғилишида мазкур қарорни амалиётга самарали татбиқ этишда фракция олдида турган вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, бунда депутатлар ҳам фаол иштирок этиши, ўзларининг назорат функцияларидан унумли фойдаланишлари лозимлиги таъкидланди.

 

М. FАФУРОВА,

Э. ТУЛЯКОВ,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзолари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn