Хорижлик инвесторларнинг юртимиз билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортмоқда
  • 22 Апрель 2016

Хорижлик инвесторларнинг юртимиз билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортмоқда

Иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни жалб этиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Эътиборлиси шундаки, юртимизда яратилган ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар, қулай ишбилармонлик муҳити, қонун устуворлиги, молия-банк тизимининг самарали фаолияти, солиқ сиёсатининг мослашувчанлиги чет эллик сармоядорлар қизиқишига сабаб бўлаяпти.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Ипак йўли” акциядорлик тижорат инновация банки томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар хусусида сўз юритилди.

Таъкидландики, юртимизда молия-банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш, юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишни таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли халқаро молия институтлари ва чет давлатларнинг имтиёзли кредит линиялари ҳамда грантларини жалб қилиш кўлами тобора кенгаймоқда. Сўнгги беш йил мобайнида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Хитой тараққиёт банки, Корея экспорт-импорт банки каби етакчи халқаро молия институтларининг жами 

805,7 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармояси ҳисобига кичик бизнес субъектларининг кўплаб лойиҳалари молиялаштирилгани, миллий иқтисодиётимиздаги таркибий ўзгаришлар қатъий давом эттирилиб, етакчи тармоқларда муҳим объектлар ишга туширилгани ана шундан далолат беради. Қолаверса, фақат ўтган йилнинг ўзида соҳа субъектлари томонидан ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий кредит линиялари ҳажми 177,4 миллион долларни, яъни белгиланган прогноз кўрсаткичидан зиёдни ташкил этгани диққатга сазовордир.

Маълумки, замонавий ишлаб чиқаришни барпо этиш ва модернизациялаш жараёнлари хорижий валютага харид қилинадиган илғор технологиялар асосида амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда тижорат банклари молиявий агент сифатида чет эл молиявий ташкилотларининг узоқ муддатли кредит линияларини жалб қилишда тадбиркорлик тузилмаларининг талаб-эҳтиёжларига, истиқболли лойи-ҳаларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу, ўз навбатида, кутилган самараларни бераяпти. Шунингдек, республикамизда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда 5 та банк фаолият юритаяптики, ҳар бири молия бозорида рақобатни кучайтириш, замонавий банк технологияларини жорий қилиш, хизмат кўрсатиш маданиятини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар мижозларнинг банк муассасаларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, валюта жамғармаларини банкларга жалб қилиш, аҳоли ва мижозларга кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини орттириш каби жараёнларда ҳам -фаоллик кўрсатаётир. 

Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимизда мулкдорлар манфаатини қонуний ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини изчил камайтириш, акциядорлик жамиятлари устав фонди ва менежментида чет эллик сармоядорлар иштирокини таъминлаш орқали корпоратив бошқарувнинг илғор услубларини қўллаш масалалари ҳам диққат-эътиборда турибди. 

Банк тизимининг халқаро мезонлар асосида ривожланиши ва молия муассасалари устав капиталида хорижий инвесторларнинг ролини оширишда эса Президентимизнинг 2015 йил 21 декабрдаги “Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, ушбу ҳужжатга мувофиқ, республикамизда фаолият юритаётган акциядорлик тижорат банклари устав капиталида хорижий инвесторларнинг улуши 15 фоиздан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилгани туфайли молия муассасалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилаш, халқаро тажриба ҳамда стандартларни амалиётга татбиқ этиш, ташқи бозорда уларнинг фаоллигини ошириш орқали инвестициявий салоҳиятини мустаҳкамлашга пухта замин яратилди.

Кўриниб турибдики, иқтисодий салоҳиятнинг юксалиши  инвестициялар оқимига бевосита боғлиқ. Банк тизими айни шу жиҳатни инобатга олган ҳолда, мазкур йўналишдаги ишларни бундан буён ҳам изчил давом эттираверади.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn