Корхона муваффақиятининг сири
Версия для печати
  • 22 Апрель 2016

Корхона муваффақиятининг сири

Ишлаб чиқаришни техник ва технологик  жиҳатдан янгилаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда саноат тармоқларига инвестициялар фаол жалб этилаётгани, айниқса, кутилган самараларни бермоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида воҳада ўтган давр мобайнида 308,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига 432 та саноат корхонаси фаолият бошлагани, пировардида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми  2,1 баробар ортгани ана шундан далолат беради. 

Урганч шаҳридаги “Darital Shoеs”  масъулияти чекланган жамиятида  80 киши меҳнат қилади. Пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур корхона маҳсулотлари сифати ва дизайни жиҳатидан хорижникидан асло қолишмайди. Айниқса, ишчилар оёқ кийимлари, эркаклар ва болаларнинг барча мавсумга мўлжалланган пойабзаллари харидорларга манзур бўлмоқда.

2009 йилда ташкил этилган ушбу жамият жамоаси томонидан ўтган даврда 1,5 миллиард сўмликдан ортиқ инвестициялар ўзлаштирилиб, цехлар Италия ва Германиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, бўш турган бинолар таъмирланиб, йирик савдо маркази ишга туширилди. Жорий йилда эса  яна 300 миллион сўм миқдорида инвестиция жалб этиш мўлжалланмоқда. 

— Яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, бозор талабидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритиш муваффақият гаровидир, —  дейди жамият раҳбари Бекмамат Бобожонов. —  Бизнинг энг катта ютуғимиз ҳам шунда. Яъни  берилган имкониятлар туфайли цехларимизни замонавий технологик ускуналар билан тўлиқ таъминладик. Қолаверса, маҳсулотларимизнинг барчаси маҳаллий хом ашёдан, яъни табиий чармдан тайёрланаяпти. Бу пойабзалларни харидорларга мақбул нархларда таклиф қилиш имконини бераётир.   

Жорий йилда 100 минг жуфтдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариб, истеъмолчиларга етказиб бериш, болалар пойабзалларини эса экспортга йўналтириш ниятида ҳаракат қилаяпмиз.

 

Ойбек  РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn