Саноат салоҳияти намойиши
  • 22 Апрель 2016

Саноат салоҳияти намойиши

Навоий вилоятида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда бошқа вилоятлардан ташриф буюрган икки юздан ортиқ саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари ўз маҳсулотлари билан қатнашди.

Таъкидлаш керакки, мазкур тадбирнинг анъанавий тарзда ўтказилиши хусусий сектор ҳамда йирик саноат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, ушбу анжуман эндигина бозорга кириб келаётган тадбиркорлик субъектларига ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим қилишга қулай имконият туғдираяпти. 

— Ярмаркада иккинчи бор қатнашмоқдамиз, — дейди Зарафшон шаҳридаги “Evro-Noti” хусусий корхонаси раҳбари Нигора Ялгашева. — Асосан, макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Цехларимиз хорижнинг энг илғор ускуналари билан жиҳозланган. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Ушбу биржа савдолари тажриба орттириш, янги ҳамкорлар топишимизда алоҳида ўрин тутмоқда.

Тадбирда намойиш қилинган саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари, трикотаж буюмлари, маиший техника ва тиббиёт жиҳозлари, кимё ҳамда кон саноати учун зарур бутловчи қисмлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, ярмарка мобайнида -Маҳаллийлаштириш дастури доирасида тайёрланган импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотлар тақдимотлари ҳам ўтказилди. 

Биржа савдолари якунида ишлаб чиқарувчилар ва турли ташкилотлар ўртасида маҳсулот ҳамда хизматлар хариди бўйича умумий қиймати 30 миллиард сўмликдан ортиқ шартномалар имзоланди. 

 

Азамат ЗАРИПОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn